Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Юрт обод – кўнгил обод
2015-03-12 | Жамият
Юртимизда кўклам шукуҳи кезмоқда. Табиат жонланиб, дов-дарахтлар уйғонмоқда, яшил майсалар ял-ял товланиб, оламга хушбўй ифор таратаётир. Наврўзи олам кириб келмоқда.
Мамлакатимизнинг барча шаҳар, қишлоқ ва овулларида Наврўз байрамини миллий урф-одатларимизга мос тарзда кутиб олишга тараддуд кўрилмоқда. Ҳовли-жойлар, кўп қаватли уйлар, боғ-роғлар, далаларда тозалик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
Президентимизнинг «2015 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 7 мартда қабул қилинган фармойиши бу борадаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, эзгу ишларни уюшқоқлик билан ташкил этишда муҳим дастуриламал бўлаётир. Март-апрель ойлари ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ойлиги, деб эълон қилинди. Унинг доирасида 14-15 март кунлари умумхалқ хайрия ҳашарини ўтказиш режалаштирилган.
Бундан мақсад Наврўз умумхалқ байрамига муносиб тараддуд кўриш, халқимиз орасида ўзаро меҳр-оқибат, ҳамжиҳатликни янада кучайтириш, ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, санитария ҳолатини яхшилаш, «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастурида кўзда тутилган вазифаларни амалга оширишдир.
Пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги маҳалла фуқаролар йиғинлари бу йўналишда ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиб, кенг кўламли ишларни амалга оширмоқда.
«Маҳалла» хайрия жамоат фонди Яшнобод туман бўлинмаси раиси Илҳом Эшмуродовнинг айтишича, тумандаги корхона, ташкилот, муассасаларнинг барчаси мамлакатимиз бўйлаб кенг қулоч ёйган «Мустақиллигимизнинг 24 йиллигига 24 туп кўчат» лойиҳасига муносиб улуш қўшишга интилмоқда. Жорий йилги кўкаламзорлаштириш мавсумида ҳудудларга ўттиз минг тупдан кўпроқ мевали, манзарали дарахт, гул кўчатлари экиш режалаштирилган. Маҳалла ҳудудида фойдаланилмай бўш турган майдонларда янги боғлар барпо этишга киришилди. Бинокор, Гўзал, Олмос маҳаллаларида аниқланган ана шундай майдонлар чиқиндилардан тозаланиб, кўчат экишга тайёрланмоқда.
Пойтахтимизда «Намунавий маҳалла» лойиҳаси асосида бунёдкорлик ишлари янада кенг тус олаётир. Яшнобод туманидаги ўндан зиёд маҳаллада шундай лойиҳалар амалга оширилди. Маҳаллалар, кўп қаватли уйлар атрофида жойлашган ноқонуний қурилмалар олиб ташланиб, уларнинг ўрнига автомашиналар қўйиладиган майдончалар, спорт мажмуалари, болалар ўйин майдончалари барпо этилди. Тумандаги бир юз қирқдан зиёд замонавий ўйин қурилмалари билан жиҳозланган ана шундай болалар майдончалари хизматидан аҳоли мамнун.
– Ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларида маҳалламиз аҳли фаол иштирок этмоқда, – дейди «Наврўз» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Мавлуда Турдибоева. – Бугунги кунгача икки юз тупдан кўпроқ мевали ва манзарали дарахт, гул кўчатлари экилди. «Намунавий маҳалла» лойиҳаси асосида ноқонуний қурилмалардан бўшаган майдонларга замонавий савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси қурилмоқда. Бундай яратувчилик ишлари маҳалламизга файз бағишлаб, халқимизнинг фаровон турмуш кечиришига хизмат қилаётир.
Бу йилги Наврўз байрами тараддуди мамлакатимиздаги яна бир муҳим сиёсий жараён – Президент сайловига тайёргарлик тадбирлари билан уйғун кечмоқда. Шу боис оммавий ҳашарлар жараёнида маҳаллалар ҳудудида ташкил этилган сайлов участкалари атрофини ободонлаштириш, халқимизнинг ушбу сиёсий тадбирда фаол иштирок этишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётир. Наврўз маҳалласида ташкил этилган 345- ва 346-сайлов участкаларида ҳам бу борада кенг қамровли ишлар амалга оширилганига гувоҳ бўлдик. Сайлов участкаларига борадиган йўлларга махсус кўрсаткичлар ўрнатилган. Теварак-атрофдаги дарахтларга шакл берилиб оқланган. Йўллар, ариқ ва лотоклар тозаланиб, чиқиндилар белгиланган жойга ташиб кетилган.
Ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ойлиги доирасидаги тадбирларни ташкил этишга ёшлар ташкилотлари ҳам муносиб улуш қўшаётир. «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати туман кенгаши ташаббуси билан «Ўтганлар руҳини шод этайлик» лойиҳаси доирасида қабристонларда ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Тумандаги олий ўқув юртлари талабалари, коллеж ва лицей ўқувчиларининг аксарияти ҳар куни дарсдан кейин ушбу хайрли ишда қатнашаётир. Нуронийларга эъзоз ва эҳтиром кўрсатиш, халқимизнинг меҳр-оқибат, ўзгалар кўмагига муҳтожларни қўллаб-қувватлаш каби туйғуларини ёшлар онгига чуқур сингдириш мақсадида якка-ёлғиз қарияларга уй ишларида кўмаклашиш, ҳовли-жойларни тартибга келтириш, янги кўчатлар ўтқазиш ишлари олиб борилаётир.
"Қадрият, урф-одат, анъана ва ёшлар" фестивалини ташкил этиш ва юқори савияда ўтказишга қизғин тараддуд кўрилмоқда. Ушбу фестиваль доирасида халқ ўйинлари, миллий ва замонавий либослар кўргазмаси, варраклар сайли каби маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилади.
Бундай яратувчилик, бунёдкорлик ишлари, байрам тадориги юртимизнинг барча шаҳару қишлоқларида уюшқоқлик билан ташкил этилаётир.
Манба: ЎзА