Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Серҳосил ва юқори сифатли уруғлик озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга

2017-05-31 | Жамият

Мамлакатимиз иқтисодиётини янги босқичга олиб чиқишда аграр тармоқни барқарор ривожлантириш устувор аҳамият касб этади. Айни жараёнда уруғчилик фаолиятига жиддий эътибор қаратиш ҳаётий зарурат бўлиб, бу юртимизда озиқ-овқат хавфсизлиги ва мустақиллигини таъминлашда алоҳида ўрин тутади.

Бинобарин, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида тупроқ-иқлим шароитига мос, қурғоқчиликка, шўрланишга, турли касаллик ва зараркунандаларга чидамли, эртапишар ҳамда ҳосилдор қишлоқ хўжалик экин навларини яратиш, бу борадаги илмий-тадқиқот ишларини кенгайтириш, юқори маҳсулдорликка эга янги селекцион навларни жорий қилиш долзарб вазифалардан бири сифатида белгиланган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан “Уруғчилик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ижросини назорат-таҳлил доирасида ўрганиш якунларига оид ўтказилган йиғилишда шулар хусусида сўз юритилди. Унда парламент қуйи палатаси депутатлари, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда журналистлар иштирок этди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда 1996 йилда қабул қилинган “Уруғчилик тўғрисида”ги Қонун ҳамда соҳага оид ишлаб чиқилган 50 дан ортиқ қонуности ҳужжатлари юртимиз ва жаҳоннинг бу борадаги генофондини сақлаб қолиш ҳамда ундан самарали фойдаланишда, республиканинг турли табиий-иқлим минтақаларига мосланган янги тезпишар, серҳосил, интенсив навларини яратиш ва кўпайтиришда, қишлоқ хўжалигини юқори сифатли уруғликлар билан таъминлаш ҳамда уруғчилик ишларига илғор ютуқларни жорий этишда муҳим асос бўлмоқда.

Соҳа мутахассисларининг қайд этишича, кейинги йилларда пахта, ғалла уруғчилиги бўйича салмоқли натижаларга эришилмоқда. Масалан, 2015-2016 йиллар мобайнида 50 дан ортиқ янги ғўза навлари бўйича бирламчи элита уруғчилик ишлари олиб борилган. Бир йилда ўртача 30 дан ортиқ янги ғўза навлари синовдан ўтказилаяпти. Шунингдек, сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти томонидан мустақиллик йилларида сабзавот экинларининг 69 та, полизнинг 20 та ва картошканинг 10 та, жами 99 та навлари ҳамда F1 дурагайлари яратилган.

Йиғилишда “Уруғчилик тўғрисида”ги Қонун ижросини таъминлашда ютуқлар билан бирга, айрим муаммо ва камчиликлар борлиги айтиб ўтилди. Хусусан, мавжуд генофондни сақлаш, янги навлар яратиш, серҳосил ва юқори сифатли уруғликлар билан кафолатлаш борасида белгиланган режалар бажарилмасдан қолаяпти. Шунингдек, белгиланган уруғликларни импорт ва экспорт қилиш талаблари ҳам амалиётда тўлиқ бажарилмаётир. Бугунги кунда республикада 257 та уруғчиликка ихтисослашган фермер хўжалиги мавжуд бўлса-да, уларда ем-ҳашак экинлари уруғчилиги бўйича ҳеч қандай иш олиб борилмаган. Бундан ташқари, суғурта фондлари ташкил этилмаган.

Иштирокчилар “Уруғчилик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини давр талабларидан келиб чиқиб, такомиллаштириш юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Якунда амалдаги қонун ҳужжатларига тўла риоя этилишига оид тавсиялар берилди ҳамда қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Поделиться