Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Эркин иқтисодий зоналар — илғор технологик ишлаб чиқариш марказлари

2017-05-31 | Жамият

Мамлакатимиз минтақаларининг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан комплекс ва самарали фойдаланишни таъминлаш, транспорт, мухандислик-коммуникация ҳамда ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, ишлаб чиқариш жараёнларига янги самарали технологияларнинг татбиқ этилишини жадаллаштириш мақсадида эркин иқтисодий зоналарни ташкил этиш муҳим аҳамият касб этади.

Айнан шунинг учун ҳам Ўзбекистонда маҳаллий хомашё ва ишлаб чиқариш захираларидан кенг фойдаланиш, шу аснода эркин иқтисодий зоналарда замонавий рақобатбардош маҳсулотлар тайёрлашга катта эътибор қаратилмоқда. Мазкур жараённи ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашда соҳага оид қонунчиликнинг ҳам ўзига хос ўрни бор.

Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, жорий йилнинг 30 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси Ангрен эркин иқтисодий зонасида давра суҳбати ташкил этди. Тадбирда қатнашган қуйи палата депутатлари, Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходимлари, тегишли вазирлик, қўмита ва идоралар, республикада ташкил этилган барча эркин иқтисодий зоналар ҳамда саноат корхоналари раҳбарлари Ўзбекистоннинг ишлаб чиқариш ҳамда ресурслар салоҳиятидан комплекс ва самарали фойдаланилишини таъминлашда эркин иқтисодий зоналарининг рольи хусусида муҳокамалар олиб бордилар.

Тадбирни ўтказиш учун Ангрен эркин иқтисодий зонаси бежиз танлангани йўқ. «Ангрен» эркин иқтисодий зонасида Жанубий Корея, Сингапур, Австрия, Буюк Британия, Болгария каби давлатларнинг етакчи фирма ва компаниялари ҳамкорлигида турли ўлчамдаги мис қувурлар, техник кремний, энергия тежовчи диод лампалар, кўмир брикетлари ва замонавий қурилиш-пардозлаш материаллари, шунингдек, шакар ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар ишга туширилди. Шунингдек, Ангренга темир йўл боргани ва унинг электрлаштирилгани, водийга элтувчи автомобиль йўлининг талаб даражасига келтирилганлиги, шаҳарнинг марказга яқинлиги ҳамда Ангрендан пойтахтга кирмасдан мамлакатимизнинг бошқа вилоятларига ўтиш имконияти мавжудлиги сармоядорларнинг «Ангрен» эркин иқтисодий зонасига бўлган қизиқишини янада оширмоқда.

Тадбир иштирокчилари томонидан мамлакатимизда эркин иқтисодий зоналардаги корхоналар томонидан ташқи бозорларда талаб катта бўлган рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни таъминлайдиган, минерал-хом ашё ресурсларини янада чуқурроқ қайта ишлаш бўйича янги замонавий қувватларни барпо этиш, бунинг учун ҳудудларга чет эл инвестицияларини жалб этишни кенгайтириш мақсадида хорижлик инвесторларга янги имтиёз ва преференциялар берилаётгани таъкидлаб ўтилди.

Айни пайтда мазкур саъйи-ҳаракатлар туфайли эркин иқтисодий зонада фаолият кўрсатадиган корхоналарга киритиладиган инвестициялар ҳажмига қараб, 3 йилдан 7 йилгача бўлган муддатга солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар қўлланилишидан ташқари, у ерда фаолият кўрсатаётган корхоналарга барча қулай шарт –шароитлар яратилмоқда.

Бу борада мамлакатимиз Президентининг 2017 йил 12 январдаги «Ургут», «Ғиждувон», «Қўқон» ва «Ҳазорасп» эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармонига тўхталар эканлар, иштирокчилар мазкур ҳужжат ҳудудларда замонавий ишлаб чиқариш корхоналарини барпо этиш, янги иш ўринлари ташкил этиш ҳамда аҳоли даромадларини ошириш имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилишини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Шу билан бирга, ташкил этилаётган иқтисодий зоналарнинг жадал ривожланишини таъминлаш учун айрим фойдаланилмаган имкониятлар ва захираларни ишга солиш юзасидан фикрлар-мулоҳазалар билдирилди. Жумладан, депутатлар эркин иқтисодий зоналар хусусиятлари, бериладиган солиқ ва божхона имтиёзлари ҳақида хорижий инвесторларни кенг хабардор қилиш чора-тадбирларини кучайтириш лозимлигига эътибор қаратдилар.

Тадбир давомида депутатлар Ангрен махсус индустриал зонасида фаолият олиб бораётган «Ангрен қувур заводи» унитар корхонаси ва “O‘z-Prista Resaykling” қўшма корхоналари фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Давра суҳбати якуни бўйича муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Поделиться