Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ислом Каримовнинг Наманган ва Фарғона вилоятлари сайловчилари билан учрашувлари
2015-03-12 | Сиёсат
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ислом Каримов 11 март куни Наманган вилояти сайловчилари билан учрашди.
Учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 6-Наманган округ сайлов комиссияси раиси Ғ.Ортиқов очди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ислом Каримов ўзининг сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади.
Дастурда мамлакатимизни модернизация қилиш ва демократлаштириш, иқтисодий-ижтимоий соҳани либераллаштириш жараёнларини изчил давом эттиришнинг асосий йўналишлари белгилаб берилган. Жумладан, иқтисодиётни ислоҳ қилиш ва рақобатбардошлигини ошириш, хусусий мулк ва тадбиркорлик учун янада кенг йўл очиб бериш, давлатнинг иқтисодиётдаги улушини қайта кўриб чиқиш, экин майдонларининг ҳосилдорлигини ошириш, қишлоқ хўжалигига янги агротехнологияларни жорий этиш, фермерлик ҳаракатини, кичик бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳасини қўллаб-қувватлаш, маҳаллийлаштириш дастурларини кенгайтириш, инвестиция муҳитини янада яхшилаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, хорижий давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш каби муҳим йўналишлар қамраб олинган.
Наманган вилоятида иқтисодиётнинг турли соҳалари, жумладан, енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш жадал ривожланмоқда. Пойабзал, эркаклар, аёллар ва болалар кийимлари тайёрлашда катта ютуқларга эришилмоқда. "Истиқлол дизайн маркази", "Ифтихор кийим саноат" каби корхоналарда тикилган замонавий ва импорт ўрнини босувчи костюмлар ички ва ташқи бозорлардан муносиб ўрин олаётгани диққатга сазовордир.
Вилоят корхоналарида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг экспорт географияси кенгайиб, бугунги кунда етмишга яқин мамлакатга маҳсулот етказиб берилмоқда. Вилоятда ёшларни комил инсонлар этиб тарбиялаш, аҳоли турмуш даражасини янада юксалтириш, қишлоққа саноат ва сервисни олиб кириш борасида, маданий-маърифий соҳаларда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Наманган давлат университети профессори Т.Файзуллаев, бокс бўйича Ўзбекистон чемпиони Ғ.Қўчқоров ва бошқалар мустақиллигимизни, ижтимоий ва сиёсий барқарорликни мустаҳкамлаш, иқтисодиётни ривожлантириш борасида амалга оширилган улкан ишлар самарасида мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузи, халқимиз фаровонлиги юксалиб бораётганини таъкидлади. Ўзбекистон Президенти сайловига тайёргарлик, уни ўтказиш билан боғлиқ жараёнлар очиқлик-ошкоралик ва кўппартиявийлик каби демократик тамойилларга тўла мос ўтказилаётганини қайд этди.
* * *
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ислом Каримов шу куни Фарғона вилояти сайловчилари билан ҳам учрашди.
Учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 11-Фарғона округ сайлов комиссияси раиси Н.Собиров очди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ислом Каримов учрашувда нутқ сўзлади.
Номзоднинг сайловолди дастурида саноатни модернизация ва диверсификация қилиш ҳисобидан иқтисодиётимизнинг рақобатбардошлигини ошириш, хусусий мулк ва тадбиркорлик ривожи йўлидаги барча тўсиқларни олиб ташлаш ҳамда бу соҳага тўлиқ эркинлик бериш, ерларнинг унумдорлигини ошириш ва экин майдонлари таркибини оптималлаштириш, фермер хўжаликларини кўп тармоқли хўжаликларга айлантиришни давом эттириш, маҳаллийлаштириш ва экспортга мўлжалланган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш, инвестиция муҳитини янада яхшилаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ҳаёт даражаси ва сифатини изчил ошириб бориш, хорижий давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилган.
Мамлакатимизда барча ҳудудларни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор самарасида Фарғона вилояти ҳам изчил тараққий этмоқда. Ўтган йили ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 8,4 фоиз ўсди. Саноатни ривожлантириш дастурлари доирасида 154,4 миллион долларлик инвестициялар ўзлаштирилиб, 550 ишлаб чиқариш лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилди.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ривожи иқтисодиётни таркибий ўзгартириш, бандликни таъминлашда муҳим омил бўлмоқда. Ўтган йили ушбу секторнинг вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотидаги улуши 62 фоиздан ошди, бандликдаги улуши 79 фоизга етди.
Меҳнат фахрийси О.Ҳошимов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Фарғона вилояти бўлими раҳбари Э.Сиддиқова ва бошқалар мамлакатимизнинг ўз тараққиёт йўли – "ўзбек модели" барча соҳаларда улкан самаралар бераётганини фахр билан қайд этди. Президент сайловига тайёргарлик, уни ўтказиш билан боғлиқ жараёнлар миллий қонунчилигимиз ва халқаро демократик тамойилларга тўла мос равишда ўтаётганини таъкидлади. Сайловчиларни 29 март куни бўладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди.
Манба: ЎзА