Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Халқаро алоқалар ривожи – иқтисодий тараққиётнинг муҳим омили

2017-05-31 | Иқтисодиёт

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида мамлакатимизда инвестиция сиёсатини кучайтириш масаласига алоҳида аҳамият қаратган эди. Хорижий сармояларни ва илғор технологияларни иқтисодиётга жалб этиш учун чет эллардаги дипломатик ваколатхоналаримиз жиддий иш олиб бориши лозим. Бунинг учун Ташқи ишлар вазирлиги фаолиятини кучайтириш, чет мамлакатлардаги элчиларимиз нафақат сиёсий, айни вақтда юртимизга инвестицияларни жалб қилиш масалалари билан ҳам фаол шуғулланишлари даркор, дея таъкидлаганди.

Бу вазифалар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам ўз ифодасини топган. 

Бугунги кунда Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардаги ваколатхоналари томонидан хорижий шериклар билан савдо-сармоявий, илмий-технологик, сайёҳлик соҳаларидаги ҳамкорликни кучайтириш ҳамда мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини мустаҳкамлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Ўтган йилнинг сентябридан ҳозирги вақтгача олий даражада 12 ташриф амалга оширилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистон, Қозоғистон, Россия ва Хитойга давлат ташрифлари самарали бўлди. Уларнинг якунлари бўйича 37,7 миллиард долларлик 239 шартнома ва битим имзоланди. 

Савдо-иқтисодий ва сармоявий-технологик ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссияларнинг 12 йиғилиши, Ўзбекистон иқтисодий делегацияларининг хорижий давлатларга 130 ташрифи, чет эл бизнес делегацияларининг мамлакатимизга 266 ташрифи бўлиб ўтди. 

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Олий Мажлис Сенатининг ўнинчи ялпи мажлисидаги нутқида таъкидлаганидек, ўтган 9 ой давомида 44 миллиард долларлик 320 дан зиёд савдо-сармоявий битим ва шартнома имзоланган. Уларнинг амалга оширилишини таъминлаш мақсадида 13 мамлакат билан амалий ҳаракатлар режалари (“йўл хариталари”) тасдиқланган. 

Вазирликнинг чет эллардаги ваколатхоналари томонидан мамлакатимиз компанияларига мева-сабзавот ва тўқимачилик маҳсулотлари, қурилиш материаллари, автомобиль, қишлоқ хўжалиги ва маиший электр техникаларини экспорт қилиш бўйича шартномалар тузишга, Россия, Қозоғистон, Украина, Покистон, Афғонистон ва бошқа мамлакатларда савдо уйлари очилишида кўмак кўрсатилди. Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар, шунингдек, вазирликнинг дипломатик ваколатхоналари кўмагида ўтган йили Ўзбекистонга 240 миллион долларликдан зиёд чет эл грантлари ва техникавий ёрдам жалб этилди. 

Ташқи ишлар вазирлиги томонидан хорижий мамлакатларда Ўзбекистон сармоявий жозибадорлигини янада ошириш бўйича сиёсий-дипломатик ишлар фаол давом эттирилмоқда. Ўзбекистоннинг Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорлиги қайта йўлга қўйилди. Европа инвестиция банки билан битим тузиш устида фаол иш олиб борилаётир. Европа парламенти Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги “Тўқимачилик протоколи”ни маъқуллади. Бу битимнинг кучга кириши Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотларининг Европа бозорларига экспортини янада ошириш, хорижий сармоядорларнинг мамлакатимизга киритаётган инвестициялари ҳажмини кенгайтириш имконини беради. 

Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятини хорижда кенг тарғиб этиш, мамлакатимизга келаётган сайёҳлар оқимини кўпайтириш масаласи вазирлик ва унинг хориждаги ваколатхоналари фаолиятининг устувор йўналишларидан биридир. Жорий йилнинг январь-апрель ойларида мамлакатимизнинг дипломатик ваколатхоналари томонидан бу борада 500 дан ортиқ тадбир – семинарлар, тақдимотлар, давра суҳбатлари, брифинглар, маданият кунлари, кўргазмалар ўтказилди. 

Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда хорижий ваколатхоналарнинг инвестиция ва замонавий технологиялар жалб этиш соҳасидаги фаолиятини яхшилаш, шунингдек, мамлакатимиз сармоявий салоҳиятини янада ошириш мақсадида хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналар тузилмасини оптималлаштириш, соҳада кадрлар тайёрлаш ва мутахассислар малакасини ошириш борасидаги ишларни фаоллаштириш, етакчи халқаро консалтинг ва рейтинг агентликлари, тадқиқот ташкилотлари билан ҳамкорликни кенгайтириш, валюта бозори ва банк-молия тизимини либераллаштириш, сармоядорлар ҳуқуқ ва манфаатларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш бўйича қонунчиликни такомиллаштириш борасидаги ишларни давом эттириш, очиқ манбаларда сармоядорлар учун инвестициявий фаолиятни амалга оширишда зарур бўлган иқтисодий маълумотлар, жумладан, давлат бюджети ва унинг бажарилиши, пул-кредит сиёсати, ташқи савдо кўрсаткичлари ва бошқа ахборотларнинг мунтазам эълон қилинишини таъминлаш кўзда тутилмоқда. 

Вазирлик томонидан амалга оширилаётган бундай кенг кўламли ишлар, ишлаб чиқилаётган янги лойиҳалар Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган мамлакатимиз ташқи сиёсатига оид вазифа ва мақсадларни ҳаётга изчил татбиқ этишга, Ўзбекистон ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятини янада такомиллаштириш ва мустаҳкамлашга, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини янада оширишга, ҳар соҳада барқарор ривожланишига, пировард натижада халқимиз фаровонлиги юксалишига хизмат қилади.

 

Нодира Манзурова, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться