Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон – Германия бизнес-форуми
2017-05-31 | Иқтисодиёт
«Пойтахт» бизнес марказида 31 май куни Ўзбекистон – Германия бизнес-форуми ва кооперация биржаси бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси томонидан ташкил қилинган ушбу тадбирда икки мамлакатнинг қишлоқ хўжалиги соҳасига масъул вазирлик ва идоралари, агросаноат учун техника ва технологиялар ишлаб чиқаришга ихтисослашган фирма ва компаниялари вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари вазифасини бажарувчи Н.Дадахонова ва бошқалар Ўзбекистон билан Германия ўртасидаги ҳамкорлик барча йўналишлар қатори қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам изчил ривожланиб бораётганини, ушбу анжуман икки мамлакат ишбилармонлари ўртасидаги алоқаларни янада фаоллаштиришга, иқтисодиётимизга хориж сармояларини кенг жалб этишга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.
Германия Ўзбекистоннинг Европадаги муҳим савдо-иқтисодий ҳамкорларидан. Мамлакатимизда “МАN”, “Claas”, “Lemken”, “Knauf” каби дунёга машҳур немис компаниялари фаол иш юритмоқда. Улар билан ҳамкорликда ташкил этилган корхоналарда турли русумдаги юк автомобиллари, замонавий қишлоқ хўжалиги техникаси, қурилиш материаллари ишлаб чиқарилмоқда.
Мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2016 йили 520 миллион доллардан ошган. Икки томонлама молиявий ва техникавий ҳамкорликнинг умумий ҳажми қарийб 330 миллион еврони ташкил қилади. Ўзбекистонда Германия сармояси иштирокида 110 дан зиёд корхона фаолият кўрсатмоқда. Мамлакатимиздан Германияга мева-сабзавот маҳсулотлари, пахта толаси ва матолар, ноорганик кимё маҳсулотлари, мис буюмлар экспорт қилинади, транспорт ва сайёҳлик хизматлари кўрсатилади.
– Буюк ипак йўли марказида жойлашган Ўзбекистон азалдан турли давлатлар савдо-иқтисодий ва маданий алоқаларини мустаҳкамлашда ўзига хос робита бўлган, – деди Германия Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги федерал вазирлигининг савдо департаменти раҳбари Аксел Липински. – Тошкент саноат, савдо, маданият ва замонавий воситалар маркази эканини алоҳида таъкидлашни истардим. Мазкур тадбир Ўзбекистонда сармоядорлар учун яратилган имкониятлар билан танишиш, иштирокчиларни Германияда ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги техника ва технологиялари билан таништириш, фикр ва тажриба алмашиш имконини берди. Мамлакатингиз ишбилармонлари билан ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдормиз.
Германиялик ишбилармонларга 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди. Икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, чуқур қайта ишлаш, сақлаш, қадоқлаш ва экспорт қилиш бўйича мажмуалар қуриш, замонавий қўшма корхоналар ташкил этиш, соҳага ноу-хауларни кенг жорий этишга оид масалалар муҳокама қилинди.
Манба: ЎзА