Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Самарали бошқарув тизими
2017-05-31 | Иқтисодиёт
Миллий матбуот марказида «Ўзнефтмаҳсулот» акциядорлик компаниясида замонавий корпоратив бошқарув усулларини жорий этишга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Компания бошқаруви раиси ўринбосари К.Усмонов ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида акциядорлик жамиятлари фаолиятининг самарадорлигини тубдан ошириш, корхоналарга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, замонавий корпоратив бошқарув усулларини жорий этиш, корхоналарни стратегик бошқаришда акциядорлар ролини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2015 йил 24 апрелдаги «Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.
«Ўзнефтмаҳсулот» акциядорлик компанияси 2016 йил 30 сентябрда корпоратив бошқарув кодекс тавсияларига риоя этиш мажбуриятини олган. Ўз фаолиятининг очиқлигини таъминлаш мақсадида жамият кузатув кенгаши томонидан «Ахборот сиёсати тўғрисида»ги низом тасдиқланган.
Компанияда замонавий корпоратив бошқарув усулларини жорий қилиш, стратегик бошқаришда акциядорлар ролини кучайтириш учун қулай шароитлар яратиш мақсадида корпоратив бошқарув тизимини янада ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгиланган. Халқаро тажрибани чуқур таҳлил қилиш ва шу асосда замонавий корпоратив бошқарув усулларини жорий этиш, ишлаб чиқариш, инвестиция, моддий-техник, молиявий ва меҳнат ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, чет эл капитали иштирокида янги ташкилот ва корхоналарни ташкил этиш бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ҳозирги кунда компанияда хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш учун шароитлар яратиш, етакчи хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорлик асосида бошқарув ходимларини тайёрлаш ва уларнинг касб малакасини ошириш, жамият фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, халқаро стандартлар асосида аудит ва молиявий ҳисобот ахборотини нашр қилиш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Корпоратив ахборот ягона портали www.openinfo.uz ҳамда компаниянинг www.unm.uz веб-сайтида жамиятнинг молиявий ҳисоботлари, муҳим фактлар, эмиссия рисолалари ва халқаро стандартлар асосида аудитор хулосалари жойлаштириб борилмоқда.
Анжуманда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида компания олдига қўйилган муҳим вазифалар хусусида атрофлича сўз юритилди.
Журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Манба: ЎзА