Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Пойтахтимизда аграр соҳага ихтисослашган халқаро кўргазмалар иш бошлади

2017-05-31 | Иқтисодиёт

“Ўзэкспомарказ”да агросаноат комплекси учун замонавий асбоб-ускуналар ва технологияларнинг “Uzbekistan Agrotech Expo – 2017” XII халқаро ихтисослаштирилган кўргазма-савдоси ҳамда қишлоқ хўжалиги техникаси ва машиналарининг “Uzbekistan Agromash Expo – 2017” VI халқаро ихтисослаштирилган кўргазмаси бошланди. 

Ўзбекистон Ташқи савдо вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва Фермерлар кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирларнинг очилишида иқтисодиётнинг барча тармоқлари, жумладан, қишлоқ хўжалиги изчил ривожланаётгани туфайли аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи тўлиқ таъминланиши баробарида, қайта ишловчи корхоналарга сифатли хомашё етказиб берилаётгани алоҳида таъкидланди. 

“Uzbekistan Agrotech Expo – 2017” ва “Uzbekistan Agromash Expo – 2017” халқаро ихтисослаштирилган кўргазмаларида Хитой, Жанубий Корея, Франция, Италия, Германия, Бельгия, Голландия, Беларусь, Россия каби ўн бешдан зиёд давлатдан элликдан ортиқ компания иштирок этмоқда. Улар намойиш этаётган маҳсулот ва хизматлар тури кенг бўлиб, ихчам линиялар, қадоқлаш технологиялари, чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик ва боғдорчилик ускуналари, чорва учун ем тайёрлаш жиҳозлари, ўсимликлар ҳимояси учун кимёвий моддалар, терини қайта ишлаш, иссиқхона хўжаликларини ташкил этиш каби юзга яқин йўналишни қамраб олган. 

– Ўзбекистон фермерлари билан ҳамкорлик қилишимизда бу ерда яратилган турли имтиёзлар, хусусан, божхона ва инвестициявий преференциялар қўл келмоқда, – дейди Жанубий Кореянинг «Farmsko» компанияси директори ўринбосари Ким Вон Тэ. – Ўзбекистон бозорида қайси маҳсулотга талаб юқорилиги борасида маркетинг кузатувлар олиб бордик. Унга кўра, ойнаванд иссиқхоналар, уларни иситиш жиҳозлари, озуқалар ва консалтинг хизматларини таклиф қилишни маъқул кўрдик. Иссиқхоналаримизнинг баландлиги 8 метр, уларни газ, кўмир ёки электр билан иситиш ва мобиль тарзда бошқариш мумкин. 

Ўзбекистоннинг етмишдан зиёд компанияси ўз стендларида қишлоқ хўжалиги учун минитехнологиялар ва ускуналарни ишлаб чиқариш борасида мамлакатимиз салоҳиятини кенг намойиш этмоқда. Мева-сабзавот ва кўкатларни қуритиш камералари, паррандачилик инкубаторлари, қадоқлаш-ўраш жиҳозлари, чизель-культиватор, энг чекка ҳудудлардаги объектларни ҳам электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш учун мўлжалланган қуёш фотоэлектр ва шамол электр станциялари хорижлик меҳмонлар эътиборини жалб этмоқда. 

– Корхонамиз хонадонлар ва дала ҳовлиларга биогаз ускунаси ўрнатиб бериш билан шуғулланади, – дейди «Экоравнақ» хусусий корхонаси раҳбари Алижон Темиров. – Ускуналаримиз кўмагида бир тонна товуқ, қўй, чорва чиқиндисидан 120 куб газ олиш имкони бор. Бу уйни ва иссиқхонани иситишга бемалол етади. Талабга қараб турли ўлчамдаги биогаз ускуналарини ўрнатиб берамиз. 

Деҳқон ва фермерларимиз бугун хомашё етиштириш билан чекланиб қолаётгани йўқ. Улар хорижнинг замонавий минитехнологияларини жалб қилган ҳолда, мева-сабзавот, гўшт-сутни қайта ишлашни йўлга қўйиб, озиқ-овқат маҳсулотлари мўл бўлишига муносиб ҳисса қўшмоқда. 

Кўргазма-савдо ҳам самарали бўлиши кутилмоқда. Италия ва Хитойда ишлаб чиқарилган мева-сабзавотни тозалайдиган ускуналар, полиз маҳсулотлари сифатини аниқлайдиган мосламалар, турли музлаткич агрегатлар, вакуумли тўлдиргичлар кўпчиликда қизиқиш уйғотмоқда. Германиянинг «Agralis GmbH» компанияси стендлари ҳам гавжум. Мамлакатимиздаги йирик чорвачилик йўналишидаги «Бахт имкон ривож чорваси», «Юлдуз», «Анортоғ наслчилик буғдойчилик», «Янгийўл чорва замин» каби фермер хўжаликларида мазкур компания лойиҳалари татбиқ этилган. 

– Беш йилдан буён мазкур компания билан ҳамкорликда 800 бош наслли чорвани парваришламоқдамиз, – дейди Тошкент вилояти Чиноз туманидаги «Дилгиё файз барака» фермер хўжалиги раҳбари Абдумажид Садиров. – Ҳар гал мазкур кўргазмалар шарофати билан хўжалик учун янги жиҳозлар харид қиламиз. Янги сут фермаси, сут соғиш аппаратлари ва совуткич ускуналари шулар сирасидандир. Сут залларини ювиш учун кимёвий воситалар, минерал озуқалар, совуткич харид қилиш бўйича шартномалар имзоладик. 

«Uzbekistan Agromash Expo – 2017» халқаро кўргазмасида «Агрегат заводи» ва «Чирчиққишлоқмаш» акциядорлик жамиятлари таркибидаги корхоналар, «Case New Holland», «Class», «Lemken», «Amkodor» ва бошқа етакчи хориж компанияларининг етмишдан ортиқ турдаги маҳсулоти намойиш этилмоқда. 

– Ишлаб чиқараётган техникаларимиз фермерларга лизинг асосида ҳам сотилмоқда, – дейди "Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи" акциядорлик жамияти директори ўринбосари Абдулла Раҳмонов. – Бугунги кўргазмада 100 от кучига эга пахта териш машинаси ва тўрт тонналик тиркамаларга қизиқиш жуда юқори бўлаётир. Корхонамизда ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги техникалари ташқи бозорда рақобатдошлиги билан экспорт салоҳиятимизни юксалтиришга хизмат қилмоқда. Маҳаллийлаштириш дастури асосида ишлаб чиқарилган 500 пахта териш машинасини Туркманистонга етказиб бериш бўйича шартномамиз бор. Кўргазмалар доирасида қозоғистонлик тадбиркорлар билан ҳам келишувга эришдик. 

Ушбу кўргазмалар қишлоқ хўжалиги соҳасига замонавий минитехнологияларни кенг жалб қилиш, маҳсулотлар турини кўпайтириш ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга хизмат қилмоқда. 

Кўргазмаларда мамлакатимизнинг барча ҳудудидан фермерлар, кичик бизнес субъектлари таклиф этилган. Харидларни молиялаштириш бўйича тижорат банклари, лизинг ва суғурта компаниялари мутахассислари томонидан зарур маслаҳатлар берилмоқда. Шартномаларни расмийлаштириш, сотиб олинган ускуналарни манзилга етказиш бўйича зарур ёрдам кўрсатилади. 

Кўргазмаларнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, қишлоқ ва сув хўжалиги вазири З.Мирзаев сўзга чиқди. 

Сайёра Шоева, Сарвар Ўрмонов (сурат), ЎзА 

Манба: ЎзА

Поделиться