Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қонунлар тарғиботининг самарали тизими
2017-05-30 | Жамият
Мамлакатимизда фуқароларнинг қонунчиликдан хабардорлигини ошириш борасидаги кенг кўламли ишлар самарасида уларда қонунга ҳурмат ҳисси кучайди. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 8 февралдаги «Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори шу мақсадга қаратилган.
Мазкур қарор асосида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида Ҳуқуқий тарғибот ва ахборот бошқармаси фаолияти йўлга қўйилгани шу йўналишдаги ишларни тизимли ташкил этишга замин яратди. Зеро, қабул қилинган қонун ҳужжатларининг сўзсиз ва ўз вақтида бажарилишида уларни тезкорлик билан тарқатиш, мазмун-моҳиятини ижрочиларга ва аҳолига тушунтириш муҳим аҳамиятга эга.
Янги қабул қилинаётган қонун ҳужжатларини ижрочиларга етказишда “E-xat” ҳимояланган электрон почта тизимидан кенг фойдаланилмоқда. Жорий йилнинг 1 январидан 15 майига қадар қабул қилинган 851 норматив-ҳуқуқий ҳужжат электрон шаклда 192 давлат органи ва ташкилотига етказилди. Бу маълумотлар жойлардаги ҳокимликлар ҳамда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари электрон почта манзилига юборилди. Давлат органлари ва ташкилотлари, ўз навбатида, ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қуйи идораларга юбориб, ижрочиларга етказмоқда.
Янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, суд қарорлари, ҳалқаро шартномалар ва бошқа ҳужжатлар Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасига www.lex.uz сайтига ҳам жойлаштириб борилмоқда. Масалан, 2017 йил 25 май ҳолатига амалдаги 19 мингдан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат, 217 суд қарори, 1,2 мингдан ортиқ халқаро шартнома, шунингдек, 684 техник ва бошқа ҳужжат миллий базага жойлаштирилди. Улардан бепул фойдаланиш мумкин.
Янги қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига етказишда ҳуқуқий тарғибот тадбирлари кўлами ҳам кенгайди. Адлия идоралари ички ишлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорликда бу борада қарийб 28 минг тадбир ўтказди.
Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича давлат органлари ишларини мувофиқлаштириш бўйича Идоралараро кенгашнинг ҳудудий комиссиялари аъзолари томонидан ҳуқуқбузарлик профилактикасига қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти бўйича кўплаб тарғибот тадбирлари ўтказилди.
Тарғибот тадбирларида фуқароларни коррупциядан огоҳ этишга алоҳида эътибор қаратилаётир. Бу жараёнда коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат органлари томонидан амалга оширилаётган тадбирлар ҳақида маълумот берувчи кўргазмали тарқатма материаллар, жумладан, буклет, плакатлар тайёрланди. Булардан ўтказилаётган ҳуқуқий тарғибот тадбирларида кенг фойдаланилмоқда.
Бундай тадбирларда жамиятда учраб турадиган таъмагирлик иллатини бартараф этишда ҳар бир фуқаро масъул экани уқдириб борилмоқда. Зеро, бундай ҳолатга дуч келган киши бу ҳақда тегишли органларга хабар бериши шу иллатнинг бартараф этилишига олиб келади.
Унутмаслик керакки, "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги қонунда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот берган шахсларнинг ҳимоя қилиниши кафолатланган.
Академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари учун 6 соатлик Коррупцияга қарши курашиш махсус курси ташкил этилиб, тасдиқланган ўқув дастури асосида машғулотлар ўтказилаётир. Малака ошириш ва қайта тайёрлаш махсус курсларида ҳам тегишли мавзулар бўйича ўқув машғулотлари олиб борилмоқда.
Қабул қилинган қонун ҳужжатларининг асосий маъносини аҳолига етказиш бўйича яратилган механизм аҳолининг ҳуқуқий маданияти юксалиши, жамиятда қонун устуворлиги таъминланишига хизмат қилади.
Манба: ЎзА