Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Орол денгизига икки кунлик медиатур ташкил этилди

2017-05-30 | Жамият

Орол денгизи, унинг наботот ва ҳайвонот олами билан танишиш мақсадида 27-28 май кунлари журналистлар ва мутахассислар иштирокида медиатур ташкил этилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши кўмагида Қорақалпоғистон ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Қорақалпоғистон бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган медиатур Президентимизнинг 2017 йил 28 февралдаги "Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманини 2017-2018 йилларда иқтисодий ривожлантириш ва бандликни таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш, Орол денгизи ҳудудига туристларни кенг жалб қилишни тарғиб этиш, ҳудуднинг табиати, тарихи, ҳайвонот олами ва минтақада яшаётган аҳолининг анъана ва урф-одатлари, қадриятлари ҳақида мақола, телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар тайёрлашга қаратилган. 

Тадбирнинг биринчи кунида журналистлар қадимий Буюк ипак йўли бўйидаги “Судочье” кўлининг фауна ва флораси билан танишди. Бу ерда табиатда кам учрайдиган ноёб фламинго қушлари ҳар қандай кишини мафтун этади. Ҳудуддаги XII-XIII асрларга оид тарихий обида – хавф-хатардан огоҳ этувчи баланд минорага бўлган саёҳат медиатур иштирокчиларида катта таассурот қолдирди. 

Медиатурнинг иккинчи куни Орол денгизида чўмилиш билан бошланди. Кемада сайр уюштирилди. Мутахассислар билан учрашув денгиз тақдири, уни асраб қолиш, бу ердаги ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини сақлаш борасида олиб борилаётган ишлар хусусида бўлди. 

Устюрт текислигида – денгизнинг ғарбий қирғоғидан 2 километр масофадаги тарихий ёдгорлик – XII-XIII асрларга оид “Даулетгирей” қўрғони археологик мажмуаси, кўчманчи қабилалар даврига оид қатор тарихий объектларга саёҳат ғоят қизиқарли бўлди. 

– Журналистлар учун бундай медиатур биринчи марта ташкил этилди, – дейди Қорақалпоғистон ахборот агентлиги директори Есимхон Қанаатов. – Орол муаммоси ҳақида ёзадиган журналистлар кўп, лекин денгизни, ҳудуддаги экологик вазиятни ўз кўзи билан кўриб, юрагидан ўтказиб ёзиш бошқача. Мўйноқ тумани кўпчиликнинг тасаввурида оғир экологик ҳудуд сифатида гавдаланади. Аммо ҳудуддаги 240 дан ортиқ тур қушлар салтанати ҳукм сураётган “Судочье” кўлини, Устюрт кенгликларидаги бетакрор археологик ёдгорликларни, Орол денгизи акваториясини кўрган кишининг тасаввури ўзгариши табиий. 

– Қорақалпоғистонда яшаб туриб, Орол денгизини кўрмаганлар кўп, – дейди Бердақ номидаги қорақалпоқ давлат университети доценти Якуб Аметов. – Мен ҳам шулардан бириман. Орол денгизини кўриш болалик орзуим эди. Бундай гўзал манзарани умримда биринчи бор кўриб турибман. Мўйноқ туманида шундай гўзал масканлар бор эканки, бу ерда экотуризмни ривожлантириш имкониятлари жуда катта. 

Медиатур тафсилотлари ҳақида оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда, интернет нашрларида атрофлича ёритиб борилди. Журналистларга материаллар тайёрлашда Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими, Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси мутахассислари, олимлар яқиндан ёрдам кўрсатди.

 

Аминбой Ортиқбоев, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться