Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ислом маърифати йўлидаги муҳим бир қадам
2017-05-30 | Таълим
Тошкент ислом университети делегацияси ISESCOнинг Махсус кафедрасини ташкил этиш юзасидан ISESCO Бош қароргоҳи Марокаш пойтахти Работ шаҳрида 22-25 май кунлари амалий ташриф билан бўлиб қайтди.
Маълумки, тинчлик ва ҳамкорлик, динлараро бағрикенглик, ислом динининг маърифий жиҳатини ўрганиш, тадқиқ этиш, умуминсоний ҳамда ислом қадриятлари соҳасидаги илмий фаолиятни ривожлантириш ва такомиллаштириш бугунги шиддатли даврда ҳар жиҳатдан муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу жиҳатдан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентда ўтказилган Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши 43 сессиясида Тошкент ислом университети таркибида Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом ташкилоти – ISESCOнинг Махсус кафедрасини ташкил этиш ташаббусини илгари сурган эди.
Мазкур ташаббус замирида бевосита ислом маърифатини ёшлар онгига сингдириш, умумбашарий цивилизацияга беназир ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг кўп қиррали диний-маънавий меросини ўрганиш ва халқаро миқёсда тарғиб этишга қаратилган улкан вазифалар мужассамдир.
Тошкент ислом университети делегацияси, университетда ISESCOнинг Махсус кафедрасини ташкил этиш юзасидан ISESCO Бош қароргоҳи Марокаш пойтахти Работ шаҳрида 22-25 май кунлари амалий ташриф билан бўлиб қайтди.
Бугун ISESCO Бош директори ва Тошкент ислом университети ўртасида университет таркибида «Ислом цивилизациясини ўрганиш ISESCO» кафедрасини ташкил этиш юзасидан Англашув Меморандуми имзоланди. Тошкент ислом университети делегацияси ISESCO Бош директори Абдулазиз бин Усмон ат-Тувейжрий билан таълим, фан ва маданият соҳаларида ҳамкорлик алоқалари муҳокама этилди.
Кафедрани ташкил этишдан мақсад – мусулмон дунёсидаги таълим, илм-фан ва маданият тарихи ҳамда уларнинг ҳозирги ҳолатини ўрганиш ва улар ҳақида талабаларга чуқурлаштирилган махсус курсларни ўқитишдан иборат. «Ислом цивилизациясини ўрганиш ISESCO» кафедрасининг умумий йўналишлари, таркибий тузилиши, жиҳозланиши, ўқитиладиган фанлар, илмий фаолияти юзасидан муайян вазифалар белгиланган бўлиб, бу эса, кафедранинг диний-маърифий соҳанинг муҳим ва долзарб йўналишларни қамраб олганлиги ҳамда келажакда етук кадрлар тайёрлаши билан аҳамиятлидир.
Таъкидлаш лозимки, ҳозирда дунё бўйича 18 та ISESCO кафедралари мавжуд бўлиб, Тошкент ислом университетидаги «Ислом цивилизациясини ўрганиш ISESCO» кафедраси ўзига хослиги билан ажралиб туриши табиий. Ўзбекистон ислом тамаддунига беназир ҳисса қўшган алломалари билан мусулмон мамлакатлари томонидан юқори баҳоланади. Албатта, Имом Бухорий, Абу Исо Термизий, Бурҳониддин Марғилоний каби алломаларимизнинг номларини эшитган дунёдаги ҳар бир мусулмон қалбида чуқур эҳтиром уйғонишида шубҳа йўқ. Шу билан бир қаторда истиқлол йилларида юртимизда диний қадриятлар, буюк мутафаккирларимиз илмий меросини ўрганиш, маърифий исломни ҳар томонлама тарғиб ва ташвиқ қилиш ишларига алоҳида эътибор берилмоқда. Натижада 10 дан зиёд дин билан боғлиқ билимларни ўргатишга мўлжалланган таълим муассасалари, илмий тадқиқот марказлари фаолият юритмоқда. Навбатдаги кафедранинг очилиши эса ушбу ишларни янада юқори даражага кўтарилишида муҳим қадам бўлди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги