Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида жамоат ишлари жамғармаси ташкил этилади
2017-05-30 | Жамият
Жорий 23 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган “Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлган Жамоат ишлари жамғармаси ташкил этилади.
Жамғарманинг асосий вазифаси вақтинчалик банд бўлмаган аҳолининг йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда, йўл ва уй-жой коммунал инфратузилмаси объектларини қуришда, таъмирлаш ва реконструкция қилишда, шаҳар ва туманларни ободонлаштиришда, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларида иштирок этишини молиялаштириш ҳисобланади.
Шунингдек, ҳужжатда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2017 йилнинг 1 сентябригача вазирлик ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси фаолиятини, жамғарма тузилмасини тасдиқлаш, маблағларини шакллантириш манбалари ва унинг маблағларидан фойдаланиш тартибини белгилаш бўйича ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқилиши ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш белгиланган.
Қайд этиш лозимки, мазкур Жамғарма ривожланган мамлакатларнинг тажрибаларидан келиб чиқиб ташкил этилади ва бунинг натижасида:
меҳнат бозорини изчил ва барқарор ривожлантиришга;
аҳоли бандлиги даражасини ошириш ва меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширишни молиявий таъминланишини кучайтиришга;
меҳнат органларига мурожаат қилган ишсизларни ишга жойлаштириш имкониятларини янада кенгайтириш ҳамда улар томонидан кўрсатиладиган давлат хизматларининг сифатини оширишга;
жамоат ишларида иштирок этадиган фуқароларнинг ижтимоий муҳофазаси таъминланишига;
аҳолини ҳақ тўланадиган жамоат ишларида иштирок этиши орқали улар даромадларини ошишига;
йирик инвестиция лойиҳалари, йўл ва уй-жой коммунал инфратузилмаси объектлари, шаҳар ва туманларни ободонлаштириш, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларини ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишига;
Жамғарманинг вазифасида белгиланган тадбирларни молиялаштиришда қатнашиши орқали корхона ва ташкилотларни молиявий барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги