“Женерал Моторс Ўзбекистон” АЖ ишлаб чиқараётган маҳсулотларга нархлар шаклланишини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
“Женерал Моторс Ўзбекистон” АЖнинг ички ва ташқи бозорларда сотилаётган маҳсулотларига нархлар шаклланиш механизмини янада такомиллаштириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда “Ўзавтосаноат” АКнинг 2017 йилнинг 1 июнидан бошлаб “Женерал Моторс Ўзбекистон” АЖнинг барча автомобиль моделларини ички бозорда миллий валюта – сўмга сотишга ўтиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
2. “Ўзавтосаноат” АК:
2017 йилнинг 1 июнигача тузилган шартномалар бўйича енгил автомобиллар етказиб бериш ва тўловларни қабул қилиш, шартномаларда назарда тутилган қатъий шартлар ва белгиланган муддатларда тўловларни халқаро пластик карточкалари орқали амалга оширишни;
ташқи бозорларни ва экспорт қилинаётган маҳсулотлар турларини янада диверсификациялаш, ташқи бозорлардаги ўрнимизни мустаҳкамлаш ҳисобига экспорт ҳажмини кўпайтиришни;
янги рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга қаратилган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳисобига маҳсулотлар ишлаб чиқаришни оширишни;
бутловчи қисм ва узеллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш, автомобилсозликни ривожлантириш учун зарур бўлган асосий хомашё ва материалларни ўзлаштириш ва ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича тармоқлараро кооперацияни кенгайтириш ҳисобига импортнинг улушини камайтириш ва маҳсулотлар таннархини пасайтиришни таъминласин.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда мазкур қарорни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида тегишли қарор қабул қилсин.
4. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри, 2017 йил 26 май
Манба: ЎзА