Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Парламент ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари фаолиятини танқидий кўриб чиқди
2017-05-29 | Сиёсат
Соғлиқни сақлаш – давлатимиз раҳбари катта эътибор бераётганлиги туфайли бугунги кунда узлуксиз ривожланиб бораётган соҳадир.
Ишларнинг ҳақиқий аҳволини чуқур билишга асосланган ташаббуслар тиббиёт муассасалари фаолиятидаги тизимли камчиликларнинг сабаблари ва асосларини изчил бартараф этишга хизмат қилади. Парламент назорати доирасида ушбу жараёнларда Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси бевосита иштирок этмоқда. Парламент қуйи палатасида аҳолига тиббий хизматлар кўрсатиш ва дори воситалари билан таъминлашни янада яхшилаш, ушбу соҳадаги амалиётда қонун ҳужжатларининг самарали қўлланилишига кўмаклашиш бўйича ишларни мувофиқлаштириш учун махсус ташкил этилган республика комиссияси иш олиб бормоқда.
Парламент назоратининг шаклларидан бири сифатида депутатлар томонидан тиббиёт муассасалари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш амалиётидан фаол фойдаланилмоқда.
Чунончи, 2017 йил 29 май куни республика тиббиёт марказлари раҳбарларининг ахборотларини эшитишга доир ана шундай олтинчи эшитув ташкил этилди. Бу сафар Ш.Алимов номидаги Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази раҳбарлари ўз фаолияти ҳақида ахборот тақдим этдилар.
Мажлисда шу нарса алоҳида таъкидландики, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида ушбу республика тиббиёт марказларининг мутахассислари томонидан инсоннинг энг асосий ҳуқуқларидан бири – малакали тиббий хизмат кўрсатилишига бўлган ҳуқуқини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Масалан, Ш.Алимов номидаги Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази томонидан ҳар йили 5 минг нафардан зиёд беморга стационар ёрдам кўрсатилмоқда. Марказнинг консультатив поликлиникасида эса 2016 йилда 18 минг нафарга яқин беморга консультатив ва амбулатор ёрдами кўрсатилди.
Бунда минтақа даражасида ишларни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда жойларга 86 марта чиқиш ташкил этилиб, улар доирасида 2,4 минг нафардан зиёд беморга тиббий ёрдам кўрсатилди ва маслаҳат берилди. Марказ мутахассислари томонидан 53 та жарроҳлик амалиёти ўтказилди, шундан 48 таси юқори технологиялар асосида бажарилди. Касалларга ташхис қўйиш ва даволашнинг замонавий усулларидан фойдаланиш қамровини кенгайтириш мақсадида марказ мутахассислари томонидан малака ошириш бўйича тренинглар ва лекция машғулотлари ўтказилди, уларда ушбу соҳанинг 1,7 минг нафарга яқин мутахассиси иштирок этди.
Таъкидлаб ўтилганидек, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида ҳам замонавий тиббий технологиялардан фаол фойдаланилмоқда. Ушбу марказда ҳар йили 10 минг нафардан зиёд беморга стационар ёрдам кўрсатилмоқда. Марказнинг консультатив поликлиникасида 58 минг нафардан зиёд беморга консультатив ва амбулатор ёрдами кўрсатилди.
Жорий йилда жойларга 39 марта чиқиш ташкил этилиб, улар доирасида 1,7 минг нафардан зиёд беморга тиббий ёрдам кўрсатилди ва маслаҳатлар берилди. Марказ мутахассислари томонидан 76 та жарроҳлик амалиёти бажарилди, шунингдек, малака ошириш бўйича тренинглар ва лекция машғулотлари ҳам ўтказилиб, уларда мазкур соҳанинг 1,9 минг нафарга яқин шифокори ўз малакасини оширди.
Шу билан бирга, депутатлар юқорида кўрсатилган марказлар ишидаги айрим камчиликларга ҳам тўхталиб ўтдилар, уларни бартараф этиш юзасидан аниқ таклифлар ва тавсиялар билдирдилар. Чунончи, таъкидландики, фтизиатрия касалликларига чалинган беморларнинг эпидемия кўрсаткичларини, шунингдек, лаборатория шароитларида ташхис қўйиш ва дори менежменти бўйича маълумотларни кузатиб боришнинг ягона электрон базасини ташкил этиш зарур. Сил касаллиги инфекциясининг ижтимоий хавфини ҳисобга олган ҳолда тегишли препаратлар билан таъминлаш тизимини яхшилаш талаб этилади, бу эса хавф гуруҳидаги болаларни сил инфекциясини юқтирганликнинг илк босқичларида тезлик билан аниқлаш имконини берган бўлар эди. Тошкент ва Хоразм вилоятларидаги вилоят сил касалликлари диспансерларида, шунингдек, Наманган вилоятидаги катталар учун мўлжалланган иккита республика сил касалликлари санаторийларида инфекциявий назоратни ва санитария-эпидемиология режимини янада такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди.
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази тизимида ҳозирги вақтда бор-йўғи 4 та гамма-терапевтик қурилма ишлаб турибди. Жорий йилда 11 та гамма-терапевтик қурилма ҳамда 7 та брахитерапевтик қурилма сотиб олиш режалаштирилган, бироқ ҳанузгача бундай харид амалга оширилмаган. Соғлиқни сақлаш тизимининг бошланғич бўғинларида онкология соҳаси мутахассислари етишмаслиги муаммоси мавжуд.
– Иккита республика маркази фаолияти тўғрисидаги ахборотларни эшитиш якунларига кўра, бошқа масалалар билан бир қаторда маҳаллий корхоналар томонидан сил касалликларига қарши препаратлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, шунингдек, онкологик касалликларга чалинган беморларнинг кимётерапияга ва таргет дори воситаларига бўлган эҳтиёжини қондириш учун ажратилаётган молиявий маблағлар ҳажмини кўпайтириш зарурлиги таъкидлаб ўтилди, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Саттор Раҳматов. – Мазкур масалалар парламент назоратига олинди.
– Тиббиёт марказларининг раҳбарлари томонидан ўз фаолияти тўғрисида Қонунчилик палатасида ахборот тақдим этиши, шак-шубҳасиз, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини оширишга хизмат қилади, – деб таъкидлайди Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг аҳолига тиббий хизматлар кўрсатиш бўйича мутахассиси Олим Имомов. – Бугунги тадбир давомида ютуқлар билан бир қаторда долзарб муаммолар ҳам ҳар томонлама муҳокама этилди, аниқ таклифлар билдирилди. Парламентнинг қуйи палатаси билан биргаликда олиб бориладиган ишлар бизга қонунчилик даражасида кўплаб амалий масалаларни ҳал этиш имконини беради.
Мажлис жараёнида муҳокама этилган барча масалалар, шунингдек, ушбу марказлар фаолиятини такомиллаштириш юзасидан билдирилган фикр-мулоҳазалар, таклифлар ва тавсиялар Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг қабул қилинган қарорига киритилди.
Манба: ЎзА