Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Дунё полвонлари Ўзбекистон Президенти соврини учун гиламга чиқди
2017-05-29 | Спорт
Термиз шаҳрида кураш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун Ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишланган ХIII халқаро турнир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, мамлакатимиз кураш федерацияси, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва Кураш халқаро ассоциацияси томонидан қатор давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ташкил этилган нуфузли турнирда дунёнинг элликка яқин давлатидан энг кучли полвонлар ғолиблик учун беллашди.
Турнирнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси Р.Қурбонов, Сурхондарё вилояти ҳокими Э.Турдимов, Кураш халқаро ассоциацияси президенти Ҳ.Фармон ва бошқалар уч ярим минг йиллик тарихга эга миллий қадриятимиз – кураш мустақиллик йилларида том маънода дунё спортига айланганини алоҳида қайд этди. Ҳозир кураш бир юз ўттизга яқин давлатда кенг оммалашмоқда. Кураш халқаро ассоциацияси, Осиё-Океания, Европа, Панамерика ва Африка кураш конфедерациялари томонидан курашнинг жаҳондаги нуфузини янада ошириш, уни ёзги Олимпия ўйинлари дастурига киритиш бўйича самарали ишлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун Ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишланган анъанавий халқаро турнир дунё спорт жамоатчилигини кураш билан янада кенгроқ таништириш, мазкур спорт турига бўлган қизиқиш ва интилишни кучайтириш, дунё полвонларини ўзбек кураш мактаби анъаналари билан яқиндан таништиришга хизмат қилмоқда.
Халқаро турнирда полвонлар уч вазн тоифасида гиламга тушди. Вазни 73 килограмм бўлган полвонлар беллашувида барча совринли ўринлар мамлакатимиз спортчиларига насиб этди. Ҳикматилла Тўраев биринчи, Давлат Абраев иккинчи, Суҳроб Худойбердиев ва Шербек Аблоқулов учинчи ўринни эгаллади.
Вазни 90 килограмм бўлган курашчилар ўртасида ҳам полвонларимизга тенг келадигани топилмади. Яҳё Имомов шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди. Шуҳрат Арслонов кумуш, Дилшод Чориев ва Камолиддин Расулов бронза медаль билан тақдирланди.
– Кураш фалсафаси, моҳияти ва унинг жозибаси бутун дунёни лол қолдирмоқда, – дейди Хан Су Ким (Жанубий Корея). – Халқингизнинг миллий спорт тури Жанубий Корея ёшлари орасида ҳам тобора оммалашиб бормоқда. Мени ҳам курашнинг мардлик, ҳалоллик, камтарлик каби эзгу фазилатлар билан йўғрилгани ўзига мафтун этган. Кураш билан анча йилдан бери шуғулланаман. Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун Ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишланган анъанавий халқаро турнирда қатнашганимдан хурсандман. Таъкидлаш жоиз, турнирни ташкил этишга ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўрилган.
Халқаро турнирнинг мутлақ вазн тоифаси финалида сурхондарёлик Абдулла Холиёров россиялик Артём Осипенкони мағлубиятга учратиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини – 25 000 АҚШ долларини қўлга киритди. Артём Осипенко иккинчи, Бекмурод Олтибоев ва Бахтиёр Менглиқулов учинчи ўринни эгаллади.
– Нуфузли турнирда ғолиб бўлиб, Президент совринини қўлга киритганимдан хурсандман, – дейди Абдулла Холиёров. – Мусобақада Россия, Грузия ва Туркманистондан келган кучли полвонлар билан беллашдим. Улар ҳам ўзбек курашининг сир-асрорини пухта эгаллагани учун ғалаба қозонишим осон бўлмади. Президентимиз совринини қўлга киритганим келгусида кураш бўйича халқаро мусобақаларда юқори натижаларга эришишимда янги куч бағишлайди.
Мусобақа иштирокчилари ва меҳмонлари Термиз шаҳридаги тарихий ёдгорликлар, мустақиллик йилларида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, барпо этилган замонавий иншоотлар билан танишди.
Манба: ЎзА