Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камиловнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати ялпи мажлисидаги нутқи

2017-05-29 | Сиёсат

(Тошкент шаҳри, 27 май 2017й.)

Ҳурматли Ниғматилла Тўлқинович,

Ҳурматли Сенат аъзолари, мажлис қатнашчилари!

Кун тартибига олиб чиқилган масала-миллий иқтисодиётга хорижий сармояларни жалб этиш Ўзбекистон Президенти, ҳурматли Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан давлатимиз ташқи сиёсий стратегиясида ўта муҳим устувор йўналиш сифатида белгиланган.

Давлатимиз раҳбарининг кўрсатмалари, 2017-2021 йиллар давомида мамлакатни ривожлантириш Стратегиясини амалга ошириш доирасида Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистоннинг чет эл мамлакатларидаги ваколатхоналари хорижий шериклар билан савдо-сармоявий, илмий-технологик, сайёҳлик соҳаларидаги ҳамкорликни кучайтириш ҳамда мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини мустаҳкамлаш бўйича тизимли ишларни амалга оширмоқда.

1. Ўтган йил сентябридан ҳозирги вақтгача бўлган давр мобайнида олий даражада 12 та ташриф ташкил этилди ва ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг Туркманистон, Қозоғистон, Россия ва Хитойга буюрган давлат ташрифлари беҳад самарали бўлди. Уларнинг якунлари бўйича 37,7 миллиард АҚШ доллари ҳажмига тенг 239 та шартнома ва битимлар имзоланди.

Савдо-иқтисодий ва сармоявий-технологик ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссияларнинг 12 та йиғилиши, Ўзбекистон иқтисодий делегацияларининг хорижий мамлакатларга 130 маротаба ташрифи, чет эл бизнес-делегацияларининг республикамизга 266 та ташрифи бўлиб ўтди.

Умуман олганда, ўтган 9 ой давомида имзоланган савдо-сармоявий битимлар ва шартномаларнинг умумий сони 320 дан зиёдни, маблағ ҳажми бўйича 44 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Уларнинг амалга оширилишини таъминлаш мақсадида 13 мамлакат билан амалий ҳаракатлар режалари («йўл хариталари») тасдиқланди.

Мамлакатларимиз маҳсулотлари экспортини кенгайтириш юзасидан яқин ва узоқ хориждаги мамлакатларга мева-сабзавот ва тўқимачилик маҳсулотлари, қурилиш материаллари, автомобиль, қишлоқ хўжалиги ва маиший электр техникаларини етказиб бериш бўйича шартномалар тузишда миллий компанияларимизга, шунингдек, ўзбек корхоналарининг Россия, Қозоғистон, Украина, Покистон, Афғонистон ва бошқа мамлакатларда савдо уйлари очилишида хорижий эллардаги ваколатхоналаримиз томонидан кўмак кўрсатилди.

Тошкентда аккредитациядан ўтган дипломатия корпуси ва халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналари, шунингдек, ўзимизнинг дипломатия ваколатхоналаримиз кўмагида ўтган йили Ўзбекистонга 240 миллион АҚШ долларидан зиёд ҳажмда чет эл грантлари ва техникавий ёрдам жалб этилди.

2. Ҳисобот даврида вазирлик хорижий элларда Ўзбекистоннинг сармоявий жозибадорлигини ошириш, чет эл бизнес ҳамжамиятлари ўртасида республиканинг ижобий имижини - обрў-эътиборини шакллантириш бўйича сиёсий-дипломатик ишларни фаол давом эттирди. Ўзбекистон билан Халқаро меҳнат ташкилоти, шунингдек, АҚШ ва бошқа қатор Европа Иттифоқи мамлакатлари билан муносабатлар кун тартибидан «болалар меҳнати» деб аталадиган масала олиб ташланди.

Вазирлик ҳамда хориждаги қатор ваколатхоналаримизнинг беш йил давомида астойдил ва синчковлик билан олиб борган ишларидан сўнг Европа парламенти Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги «Тўқимачилик протоколи»ни маъқуллади. Ушбу битимнинг кучга кириши ўзбек тўқимачилик маҳсулотларининг

Европа бозорларига экспортини ошириш имконини берибгина қолмасдан, Ғарб сармоядорларига Ўзбекистонга капитал киритиш учун ижобий ишорани ҳам йўллайди.

Ўзбекистоннинг Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорлиги қайта йўлга қўйилганини алоҳида қайд этиш лозим. Бундан ташқари, Европа инвестиция банки билан битим тузиш масаласи ҳам фаол ишлаб чиқилмоқда.

Ялпи сайёҳлик оқимини Ўзбекистонга жалб этиш Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги ваколатхоналаримиз фаолиятининг устувор йўналиши бўлиб қолмоқда. Жорий йил январь - апрел ойлари мобайнида дипломатия ваколатхоналаримиз томонидан 500дан ортиқ тадбир, шу жумладан, семинарлар, тақдимотлар, давра суҳбатлари, брифинглар, маданият кунлари, кўргазмалар ўтказилди.

Вазирлик йирик ва ишончли хорижлик сармоядорлар, юқори малакали мутахассислар учун кириш визалари бериш тартибини енгиллаштириш устида ҳам иш олиб бормоқда. Ҳозирги пайтда тадбиркорлик мақсадларида Ўзбекистонга келадиган 13 давлат (Австрия, Белгия, Буюк Британия, Германия, Испания, Италия, Латвия, Малайзия, Таиланд, Франция, Чехия, Швейцария ва Япония) фуқароларига нисбатан соддалаштирилган виза бериш тартиби амал қилмоқда. Туркия ва Хитой Халқ Республикаси бизнесменларига соддалаштирилган тартибда кўп марталик визаларни расмийлаштириш имкониятлари ишлаб чиқилмоқда.

Халқаро майдонда мамлакатимизнинг ижобий обрўсини илгари суриш бўйича фаолият доирасида йирик хорижий нашрларда 230дан ортиқ мақола ва материалларнинг чоп этилиши ташкил қилинди.

«Жаҳон» ахборот агентлиги ва унинг чет эллардаги мухбирлик пунктлари кўмагида 100 нафардан зиёд хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари мамлакатимизнинг замонавий ривожланиши, унинг иқтисодий ва сайёҳлик салоҳиятини ёритиш учун Ўзбекистонга келишди.

3. Биз вазирлигимиз ва дипломатия ваколатхоналаримиз фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича фаол чора-тадбирлар кўрмоқдамиз. Жорий йил бошида «Ўзбекистон дипломатия ваколатхоналари ва ҳукуматлараро комиссияларнинг ўзбек қисмлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди. Қарорда биринчи марта хорижий ваколатхоналар фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг аниқ мезонлари ўз ифодасини топди. Дипломатия ваколатхоналари раҳбарлари ва савдо маслаҳатчиларининг зиммасига юклатилган вазифалар ижроси юзасидан уларнинг масъулияти белгиланди.

Бундан ташқари, бизнинг томонимиздан ҳозирги пайтда ишлаб чиқилаётган «Дипломатия хизмати тўғрисида»ги Қонун ва янги таҳрирдаги Консуллик низоми, шунингдек, Ташқи ишлар вазирлиги тўғрисидаги Низомнинг янги таҳрирдаги лойиҳаларида тўғридан-тўғри хорижий сармояларни, чет эл жамғармалари ва ёрдам грантларини жалб этиш юзасидан дипломатия хизмати органларининг мақсад ва вазифаларини сезиларли даражада кенгайтириш кўзда тутилмоқда.

2017-2021 йилларда Ўзбекистонни янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш доирасида мамлакатимиз ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолияти тўғрисидаги беш йиллик дастурий ҳужжатнинг лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Ҳурматли Сенат аъзолари,

Миллий иқтисодиётга хорижий инвестициялар ва илғор технологияларни жалб этиш бўйича амалга ошираётган саъй-ҳаракатларимизга қарамасдан, Ташқи ишлар вазирлиги ва чет эллардаги ваколатхоналаримизнинг хорижда мамлакатимиз иқтисодий манфаатларини илгари суриш бўйича ишларини етарли, деб ҳисоблаб бўлмайди.

Ишлар бўш ташкил этилгани, Раҳбарият топшириқлари ижросига нисбатан фаолиятсизлиги ва сусткашлиги учун 7 нафар элчи вазифасидан озод этилди. Хизмат вазифаларини бажаришдаги масъулиятсизлиги учун йил бошидан буён вазирнинг уч нафар ўринбосари ва икки нафар бошқарма бошлиғи вазир буйруғи билан қатъий ҳайфсан олди.

1. Дипломатия ваколатхоналаримиз ишларидаги асосий камчиликлар орасидан қуйидагиларни алоҳида қайд этишни истар эдим:

Биринчидан, жамоа бошқарилишининг паст даражаси ва чет эл сармояларини жалб этиш ҳамда ташқи бозорларга экспорт ҳажмларини ошириш бўйича тўғридан-тўғри вазифаларининг бажарилиши юзасидан ходимларга нисбатан талабчанликнинг йўқолгани.

Иккинчидан, ваколатхона фаолият кўрсатаётган бизнес доиралари билан алоқаларни йўлга қўйиш, қўллаб-қувватлаш ва кенгайтириш бўйича ишларнинг қониқарсизлиги.

Учинчидан, ваколатхона фаолият кўрсатаётган давлатдаги ижтимоий-иқтисодий вазият ҳамда иқтисодиёт тармоқлари ривожланиши тамойиллари ва суръатлари, шунингдек, мамлакат ташқи иқтисодий сиёсати устуворликларининг самарали таҳлил тизими ва доимий мониторинги йўлга қўйилмагани. Савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчилар чет эл сармояларини жалб этиш ва мамлакатимиз экспорт салоҳиятини оширишнинг уддасидан чиқа олишмаётир. Асосий сабаб – бизнинг назаримизда, уларнинг касбий тайёргарлиги даражаси етарли эмаслиги, хорижлик шериклар билан музокаралар олиб боришнинг амалий тажрибаси етишмаслиги, ахборот-таҳлил материалларни тайёрлай олмаслиги, ҳамда хорижий тилларни билиш даражасининг заифлигидир.

2. Бундан ташқари, Ташқи ишлар вазирлиги бошқа вазирлик ва идоралар билан ишларни мувофиқлаштириш билан алоқадор тизимли аҳамиятга молик бўлган қатор муаммоларга дуч келмоқда. Улар орасида қуйидаги ҳолларни алоҳида қайд этишни истар эдим:

Биринчи – сармоялар жалб этиш масалалари юзасидан вазирлик ва идоралар ўртасидаги вазифаларда аниқ ва қатъий тақсимот мавжуд эмас.

Иккинчи – хорижий ваколатхоналаримиздан келиб тушадиган чет эллик шерикларнинг таклифлари вазирлик ва идоралар томонидан кўриб чиқилиши асоссиз равишда чўзилиши.

Кўпгина ташаббуслар мамлакатимиз учун яққол фойдали эканлиги кўриниб турган бўлишига қарамасдан, улар лозим даражада қўллаб-қувватланмайди, ёки инкор этилади. Одоб-аҳлоқ нуқтаи назаридан, хорижлик шерикларнинг мурожаатларига муносабат билдирмаслик мумкин эмас, ҳатто уларнинг таклифлари бизда қизиқиш уйғотмаса ҳам.

Учинчи – лойиҳа ҳужжатлари, уларнинг техник-иқтисодий асосланганлиги ва сармоявий таклифларнинг пухта тайёрланмаслиги. Ўзбекистон тармоқ идоралари ва компанияларининг сармоявий лойиҳалари ҳамда таклифларининг сифатини кўпгина хорижлик экспертлар «бўш» ёки «халқаро андозаларга жавоб бермайди» деб баҳолашади. Уларда маркетинг тадқиқотлари натижалари, таклиф этилаётган лойиҳалар истиқболлиги асосланиши, уларнинг афзаллиги ва иқтисодий самарадорлигига доир маълумотлар бўлмайди – умум қабул қилинган оддий талаблар – почта манзили, телефон ва факс рақами, электрон почта манзилини ёзишнику айтмай қўя қолайлик. Мутлақо кўрсатилмайди.

Ҳурматли мажлис қатнашчилари,

Улкан сармоявий салоҳиятга эга бўлишига қарамай, Ўзбекистон ўз иқтисодиётига хорижий маблағларни жалб этиш борасида кўплаб давлатлардан орқада қолмоқда. Иқтисодиётимизни хорижий сармоя билан таъминлашда давом этиб келаётган паст кўрсаткичнинг сабабларини аниқлаш мақсадида Вазирлик томонидан дипломатик ваколатхоналар билан биргаликда Ўзбекистонда фаолият юритиш тажрибасига эга бўлган хорижий сармоядорлар, бизнесменлар ва нуфузли молия ташкилотларининг экспертлари ўртасида сўровнома ўтказилди. Унинг якунларига кўра, хорижий бизнес ҳамжамиятлари вакиллари Ўзбекистонга сармоя оқимини тўхтатиб қўяётган бир қатор омил ва шароитларни тилга олдилар. Ана шу масалаларнинг айримларини келтираман:

- валюта конвертацияси ва фойдани репатриация қилиш;

- банк-кредит тизимининг такомиллашмаганлиги;

- сармоядорлар ҳуқуқларининг заиф ҳимояси ва етарли даражада самарали бўлмаган суд тизими;

- маъмурий-бюрократик тўсиқлар. Кўплаб хорижий компаниялар ўз фаолиятини амалга ошириш учун лицензия ва рухсат олиш тартиб-қоидаларидан норози;

- паст инвестиция рейтинги.

Сизларга маълумот учун шуни айтишни истардимки, хорижий сармояларни жалб этиш муаммоларини ҳар томонлама ўрганиб, Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси Сенати ва Ташқи ишлар вазирлигининг Савдо-саноат палатаси билан биргаликда, вазирлик ва идоралар иштирокида Инвестиция муҳитини янада такомиллаштириш, иқтисодиёт тармоқлари ва мамлакат ҳудудларига хорижий сармоя ҳамда замонавий технологиялар жалб этилишини рағбатлантириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар давлат дастури лойиҳаси ишлаб чиқилди ва кўриб чиқиш учун Раҳбариятга киритилди.

Ҳурматли сенаторлар,

Ташқи ишлар вазирлиги ва хорижий ваколатхоналарнинг сармоя ва замонавий технологиялар жалб этиш соҳасидаги фаолиятини яхшилаш, шунингдек, мамлакатнинг сармоявий салоҳиятини ошириш мақсадида қуйидаги чора-тадбирларни қабул қилишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаган бўлардик:

1) Биз томонимиздан алоқадор вазирлик ва идоралар билан бирга ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасининг 2017-2021 йиллардаги ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолияти Стратегиясини тасдиқлаш.

2) Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари тузилмасини оптималлаштириш ва танқидий таҳлил қилган ҳолда хорижий ваколатхоналар штат жадвалини қайта кўриб чиқиш;

Элчихоналар фаолиятида иқтисодий йўналишни мустаҳкамлаш лозим бўлган муҳим давлатлар рўйхатини аниқлаштириш ва шу билан бирга, зарур бўлганда қўшимча савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчи штатини киритиш;

3) Ташқи ишлар вазирлиги аппаратида Вазирлик ҳузурида халқаро иқтисодий ҳамкорлик масалалари билан шуғулланадиган мустақил бўлинма ташкил этиш. Бу борада ишлар бошлаб юборилган;

4) халқаро иқтисодчи-мутахассисларни тайёрлашнинг асосларини тубдан қайта кўриб чиқиш, бунда, энг аввало, ушбу соҳага тегишли ўқув юртларининг, шу жумладан, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг фаолиятини такомиллаштиришга эътибор қаратиш;

5) дунё тажрибаси асосида лойиҳалашга оид таклифларни тайёрлашнинг ягона стандартларини ишлаб чиқиш. Инвестиция лойиҳалари ҳамда корхона ва объектларни хусусийлаштириш борасидаги таклифларни сифатли тайёрлаш бўйича техник ҳужжатларни ишлаб чиқишга Ғарб давлатларининг етакчи консалтинг компанияларини фаол жалб қилиш;

6) валюта бозори ва банк-молия тизимини либераллаштириш, сармоядорлар ҳуқуқ ва манфаатларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш бўйича қонунчиликни такомиллаштириш борасидаги ишларни давом эттириш;

7) халқаро рейтинг агентликлари ва тадқиқот ташкилотлари билан ҳамкорликни кенгайтириш. Очиқ манбаларда сармоядор учун инвестициявий фаолиятини амалга оширишда зарур бўлган иқтисодий маълумотларни, жумладан, давлат буджети ва унинг бажарилиши, пул-кредит сиёсати, ташқи савдо кўрсаткичлари ва бошқа ахборотларни мунтазам эълон қилинишини таъминлаш.

Ҳурматли Ниғматилла Тўлқинович,

Сўзим якунида ҳурматли сенаторларимиз эътиборини шунга қаратмоқчи эдимки, Ташқи ишлар вазирлиги мажбуриятлари доирасига мамлакатга инвестиция ва илғор технологияларни жалб қилишдан ташқари, халқаро майдонда миллий манфаатларни ҳимоя қилиш ва илгари суриш, йирик мамлакатлар ва минтақалардаги таъсир доираси кучли давлатлар билан ҳар томонлама тенглик тамойилига мос, барқарор ва истиқболга эга бўлган алоқаларни ўрнатиш, минтақавий хавфсизликни таъминлаш, Ўзбекистон атрофида фаровонлик ва барқарорлик ҳудудини шакллантириш, халқаро ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини кенгайтириш, хорижий давлатларда Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш каби устувор вазифалар ҳам киради.

Шунингдек, трансчегаравий дарёлар манбаларидан оқилона ва адолатли фойдаланишнинг таъминланишини тартибга солиш, давлат чегараларининг делимитация ва демаркацияси масалаларини ҳал қилиш, қўшни давлатлар билан конструктив ва дўстона алоқаларни йўлга қўйиш вазифалари ҳам шулар жумласидандир. Ифодали қилиб айтганда, Ташқи ишлар вазирлигининг асосий вазифаси – бу мамлакатнинг хавфсизлиги ва барқарорлигини унинг яқин атрофида ҳам, узоқда ҳам таъминлашдан иборатдир.

Сизларни ишонтириб айта оламанки, Ташқи ишлар вазирлиги ва хорижий ваколатхоналаримиз олдимизга қўйилган сиёсий-дипломатик фаолият билан бирга, савдо-иқтисодий ва сармоявий устувор вазифаларни ҳам ўз вақтида ва самарали бажариш учун бор куч-ғайратини ишга солади. Бу борада биз Сенат корпуси, Президент девони ва Ҳукумат аъзоларининг ҳар томонлама кўмагига ва қўллаб-қувватлашига таянамиз.

Эътиборингиз учун раҳмат!

Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги

Поделиться