Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари йиғилишларида давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2016 йилдаги ва 2017 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот депутатлар томонидан дастлабки тарзда муҳокама қилиш асосида кўриб чиқилмоқда.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида ҳисобот даврида тасдиқланган кўрсаткичлар асосида мамлакатимизда иқтисодий дастурларнинг энг муҳим устувор вазифалари тизимли равишда амалга оширилиши натижасида ўсишнинг барқарор юқори суръатларини ва макроиқтисодий мувозанатлиликни сақлаш, мамлакат иқтисодиётини модернизациялаш ва диверсификациялаш таъминланганлиги таъкидлаб ўтилди.
Йиғилишда ижтимоий соҳага ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тадбирларига ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳамда Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси даромадларининг шакллантирилиши ва улар харажатларининг мақсадли ва манзилли сарф этилишига алоҳида эътибор қаратилди.
Фракция вакиллари эришилган ютуқлар билан биргаликда йўл қўйилган айрим камчиликлар хусусида ҳам тўхталиб ўтди.
Йиғилиш якунида фракция аъзолари кун тартибидаги масалалар юзасидан ўз нуқтаи-назарини шакллантириб, ҳисоботни маъқуллади ва тегишли қарор қабул қилди.
* * *
Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси фракцияси аъзолари мамлакатимиз давлат бюджетининг 2016 йилги ижросини дастлабки тарзда муҳокама қилиш чоғида ижтимоий адолат ғояларига таянган ҳолда асосий эътиборни, айниқса, таълим-тарбия, маданият, соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган маблағларнинг мақсадли сарфланишига қаратди.
Депутатлар томонидан ушбу маблағлар сарфланиши ҳолатини синчиклаб муҳокама қилиш асносида таълим тизимидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, таълим жараёни даражаси ҳамда сифатини такомиллаштиришга қаратилган таълим стандартлари ва дастурларини мукаммаллаштириш, шунингдек, умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва олий ўқув юртларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашни давом эттириш борасида кўрилаётган чоралар таҳлил қилинди.
«Адолат» СДП сайловолди дастуридан келиб чиқиб, фракция аъзолари соғлиқни сақлаш муассасаларини замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминлаш ва касалликларнинг профилактикасига йўналтирилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши бўйича кўрилаётган чора-тадбирларга алоҳида тўхталди.
Депутатлар қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида якка тартибда уй-жойлар қуриш бўйича мақсадли давлат дастурининг амалга оширилиши борасида олиб борилаётган ишларни атрофлича муҳокама қилди. Ушбу дастурнинг жами харажатлардаги улуши 2015 йилдаги 2,4 фоиздан 3,3 фоизгача кўпайганлиги таъкидланди. Шунинг баробарида фракция вакиллари партиянинг дастурий мақсадларидан келиб чиқиб намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган уйларга келгусида энергия тежамкор технологияларни жорий қилиш ҳамда ижтимоий объектларни бунёд этиш юзасидан таклиф, тавсияларини билдирди.
Қизғин муҳокамалардан сўнг депутатлар фракция нуқтаи-назарини белгилаб, давлат бюджетининг ижроси юзасидан ҳисоботни маъқуллаш тўғрисида қарор қабул қилди.
* * *
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи йиғилишида 2016 йилда давлат бюджетидан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш учун, хусусан, ҳаво, сув ва ер ресурслари, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси муҳофазасига, оқова сув тозалаш иншоотларини қуриш ва қайта таъмирлашга, ўрмончилик ва кўкаламзорлаштириш, биохилма-хилликни ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни сақлаш ва янгиларини барпо этишга ва экологик йўналишдаги бошқа тадбирларга сарфланган маблағлар кўлами атрофлича таҳлил қилинди.
Муҳокамалар чоғида Экоҳаракат депутатлари гуруҳи инвестициялардан фойдаланиш самарадорлигини, давлат бюджетидан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик муаммоларни ҳал этишга йўналтирилган маблағлар ҳажмининг ошганлигини алоҳида таъкидлади.
Депутатлар томонидан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳоли саломатлигини яхшилаш ва экологик муаммоларни ҳал этиш учун давлат бюджетидан ажратилаётган маблағлардан мақсадли фойдаланиш ҳамда бюджет интизомига риоя қилиниши юзасидан назоратни кучайтириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан фойдаланишга қаратилган дастурларнинг давлат бюджетидан молиялаштириладиган чора-тадбирлари ижросини тўла таъминлаш юзасидан фикрлар билдирилди.
Тадбир якунида депутатларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифлар муҳокама қилиниб, ҳисобот юзасидан Экоҳаракат депутатлар гуруҳининг тегишли қарори қабул қилинди.
Нурилло Насриев, ЎзА
Манба: ЎзА