Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Маданий ва илмий алоқалар ривожланмоқда
2017-05-26 | Жамият
Темурийлар тарихи давлат музейида «Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фондининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш» лойиҳаси ижросининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди, Темурийлар тарихи давлат музейи ва Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида амалга оширилган лойиҳа тақдимотида темуршунос олимлар, шоир ва ёзувчилар, дипломатик ваколатхоналар вакиллари, ёш тадқиқотчилар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Ўзбекистон Фанлар академиясининг вице-президенти Б.Абдуҳалимов, Туркия Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Йилдирим Туғрул Туркеш, Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди раиси Н.Ҳабибуллаев, ТИКАнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Сулейман Кизилтупрак ва бошқалар Ўзбекистонда буюк аждодлар меросини асраб-авайлаш борасидаги кенг кўламли саъй-ҳаракатлар натижасида Амир Темур шахси қадр топгани, унинг жаҳон тарихидаги ўрни, дунё тамаддунига қўшган беқиёс ҳиссаси эътироф этилиб, илмий тадқиқ қилинаётгани ва бу борадаги халқаро илмий алоқалар янада мустаҳкамланаётганини таъкидлади.
Бугунги кунда Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди буюк аждодимиз ҳаёти ва фаолиятини тадқиқ қилувчилар учун илмий марказ вазифасини ўтамоқда, бу ерда кўплаб илмий-оммабоп китоблар чоп эттирилмоқда.
– Соҳибқирон шахсияти ва Темурийлар даври тарихини илмий ўрганиш туркиялик олимларда катта қизиқиш уйғотмоқда, – дейди фонд раисининг биринчи ўринбосари Тўлқин Ҳайит. – Бу ўз-ўзидан икки давлат ўртасида илмий-маданий алоқаларнинг мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда. Бугунги тадбир ҳам икки халқ ўртасидаги дўстлик алоқаларини кучайтириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар ҳамда буюк бобомиз Амир Темур сиймосига бўлган чуқур ҳурмат-эътиборнинг амалдаги ифодасидир.
– Амир Темур амалга оширган улкан ишлар нафақат ўзбек халқи, балки турк халқи учун ҳам аҳамиятли ва қадрлидир, – дейди Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлигининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Сулейман Кизилтупрак. – Соҳибқироннинг ҳаёти, давлат бошқаруви услуби, санъат, маданият соҳаларидаги эзгу амаллари туркиялик олимлар томонидан илмий ўрганилмоқда. Бундай тадқиқотлар натижасида ўндан ортиқ илмий тадқиқот ва китоблар чоп этилган. Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши ҳам ўзаро илмий ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамлайди.
Тадбир иштирокчилари фонд фаолияти, ҳамкорликдаги лойиҳа асосида амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишди.
Манба: ЎзА