Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистондаги тиббий ислоҳотлар Женевада эътироф этилди
2017-05-26 | Жамият
Шу йилнинг 22 майидан ўз ишини бошлаган Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясининг 70-сессияси қизғин паллага кирди. Женевада ўтаётган ушбу тадбирда 194 та аъзо давлатлар қаторида Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этмоқда.
Ҳар йили Женевада ўтказилувчи Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясининг сессиясида ЖССТга аъзо давлатлар вакиллари иштирок этиб, соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича кузатилаётган глобал муаммолар ва уларнинг ечимлари борасида муҳокамалар ўтказади. Бу йилги сессияда иштирокчилар соғлиқни сақлаш соҳасига доир фавқулодда вазиятлар, халқаро тиббий-санитария қоидалари, полиомиелит, микробга қарши дори воситаларига нисбатан чидамлилик, дори воситалари ва вакциналар таъминоти каби долзарб мавзуларда муҳокамалар бўлиши кутилмоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеяси 70-сессиясида Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов маъруза қилди. Ўз чиқишида А.Шодмонов глобал муаммолар ва таҳдидларга жавобан БМТ бошчилигида дунёни ўзгартиришга қодир барқарор ривожланиш дастури ва унда белгиланган асосий вазифаларга тўхталиб ўтди.
— 2015 йилнинг сентябрида Ўзбекистон ҳам БМТнинг барча аъзо давлатлари қаторида 17 та мақсад ва уларга бириктирилган 169та мақсадли кўрсаткичлардан ташкил топган Барқарор ривожланиш мақсадларини қўллаб-қувватлаган эди. Мазкур рўйхатдаги 3-устувор мақсад соғлом турмуш тарзи ва шунга мувофиқ ҳар қандай ёшда ҳар бир киши учун фаровонликни таъминлашга қаратилган, — деди Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов.
— Бу мақсад ўзида соғлиқни сақлаш тизимининг барча устувор вазифаларини, хусусан, репродуктив саломатликни, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш; юқумли ва юқумли бўлмаган касалликлар, шунингдек, атроф-муҳит зарарланиши оқибатида юзага келувчи касалликларга қарши кураш; аҳолини тиббий хизмат билан қамраб олиш; хавфсиз, самарали ва сифатли дори воситалари ва вакциналар билан таъминлаш масалаларини қамраб олган. Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимининг ривожланиш истиқболларида миллий мақсад ва манфаатларимизга мос келувчи 3-устувор мақсад ҳеч қандай ўзгаришсиз қабул қилинди.
Шундан сўнг А.Шодмонов мамлакатимизда Барқарор ривожланиш мақсадларининг 3-устувор мақсади бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларга тўхталиб ўтди. Ўзбекистон ўз олдига оналар, чақалоқлар ва беш ёшгача бўлган болалар ўлимини камайтириш, юқумли ва вирусли касалликлар, юқумли бўлмаган хасталиклар кўрсаткичини янада пасайтиришни асосий мақсад қилиб қўйганини таъкидлади.
— Айни пайтда Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш мақсадларида назарда тутилган мақсадли кўрсаткичларга эришиш учун кенг қамровли чора-тадбирлар кўрилмоқда ва давлат ҳам мазкур мақсадларга нисбатан кучли сиёсий мажбуриятини кўрсатмоқда, — деди А.Шодмонов.
Вазир ўз маърузаси давомида мамлакатимиз Президенти ташаббуси билан юртимизда соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар хусусида маълумот бериб ўтди. Бирламчи тиббий ёрдам, шошилинч тиббий хизмат, ихтисослаштирилган тиббий ёрдам, дори-дармон таъминотини янада яхшилашга қаратилган меъёрий ҳужжатлар қабул қилиниб, ижобий натижаларга эришилаётганини алоҳида қайд этиб ўтди.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирининг маърузасидан сўнг ЖССТ Бош директори Тедрос Гебрейесус ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеяси Раиси Вероника Скворцова Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади.
Эслатиб ўтамиз, Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясининг 70-сессияси шу йилнинг 31 майигача давом этади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги