Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
ТАТУ абитуриентларга ҳужжатларни электрон жўнатиш имконини беради
2017-05-26 | Технологиялар
Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети «Бакалаврликка қабул қилиш учун ҳужжатларни электрон шаклда қабул қилиш» лойиҳасини синовдан ўтказмоқда. Электрон хизмат Ягона давлат хизматлари порталида жорий қилинмоқда.
Абитуриентлар ҳужжатларни масофадан туриб 2017 йилнинг 15 июньидан 10 июльига қадар ҳар куни соат 09:00 дан 18:00 гача тақдим этишлари мумкин. Ягона портал орқали ҳужжатларни тақдим этиш учун электрон рақамли имзо талаб этилади. Электрон рақамли имзони туман солиқ инспекциясидан олиш мумкин.
Абитуриент электрон вариантда қуйидагиларга эга бўлиши лозим:
1. рангли фотография 3,5х4,5 ўлчамда (Рангли фотографияга талаблар: рангли, ЖПГ, ЖПEГ ёки ПНГ форматда, орқа фон оқ ва расмий кийимда. Шу билан бирга, фотографиянинг асл нусхасини дастурий воситалар билан ўзгартириш қатъиян маън этилади. Шу каби ҳаракатларга йўл қўйган мурожаатчига хизмат орқали ҳужжатларни юбориш ва қабул қилиш рухсат этилмайди)
2. Қуйидаги ҳужжатларни сканерланган нусхалари:
- ўрта мактабни тугаллаганлигини тасдиқловчи ҳужжат (аттестат) ёки ўрта махсус ёки касб ҳунар таълим муассасаси ҳужжати (диплом);
- ҳарбийга чақирувга алоқадорлиги ҳақидаги ҳужжат (ҳарбий билет ёки б.)
- абитуриентни шахсини тасдиқловчи ҳужжат (Паспорт)
Ҳужжатлар тақдим қилингач, абитуриентга 3 кун мобайнида Ягона порталда рўйхатдан ўтаётган вақтида киритган мобил телефон рақами, электрон почта манзили ёки шахсий кабинетига ҳужжатлари қабул қилинганлиги ҳақида тасдиқ хати юборилади.
Лойиҳа «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш маркази билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда. Батафсил маълумот билан университет веб-сайтида танишинг.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги