Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Олий таълим муассасаларига қабул ўрни ошади
2017-05-26 | Таълим
2017-2018 ўқув йилида мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларига қабул қанча ошади? Махсус сиртқи бўлимларга қандай талаблар асосида қабул қилинади? Тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси бўйича қўшимча қабулни амалга ошириш тартиблари қандай?
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан Миллий матбуот марказида ўтказилган матбуот анжуманида бу масалаларга ойдинлик киритилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, «2017/2018 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида»ги қарорларида белгиланган вазифалар ижроси доирасида мамлакатимизда кадрлар тайёрлаш тизими янада такомиллашаётгани таъкидланди.
Тадбирда вазирликнинг кадрлар тайёрлаш ва олий таълим муассасаларини ташкилий-методик таъминлаш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Б.Ражабов мамлакатимиз олий таълим тизимида кадрлар тайёрлаш ҳамда 2017-2018 ўқув йили учун олий таълим муассасаларига ўқишга қабул масалаларига оид ахборот берди.
Мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларига жорий йилги қабул ўринлари оширилгани, бунда ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари ва иш берувчиларнинг жорий ва истиқболдаги талаблари инобатга олингани айтиб ўтилди.
2017/2018 ўқув йилида 66 минг 316 бакалавр (давлат гранти асосида – 18 минг 194), 5 минг магистр (давлат гранти асосида – 1 минг 556) олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинади. Тошкент ахборот технологиялари университетининг махсус сиртқи бўлимида 100 (давлат гранти асосида – 15), Навоий давлат кончилик институтида тўлов-контракт асосида 90, Тошкент темир йўл муҳандислари институтида тўлов-контракт асосида 80 абитуриент талаба бўлади.
36 олий таълим муассасасида бакалавр йўналиши бўйича 114, 42 ўқув юртида магистратура йўналиши бўйича 104 янги мутахассислик жорий этилмоқда. Тошкент давлат техника ва Тошкент давлат аграр университетларининг Термиз филиаллари учун қабул квоталари, шунингдек, юқори малакали тиббиёт кадрларига эҳтиёж катта бўлган ҳудудлар учун юртимиздаги тиббиёт олий таълим муассасаларига мақсадли қабул квоталари ҳам тасдиқланган.
Олий таълим муассасаларига тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси бўйича қўшимча қабул учун квота миқдори таълим муассасасининг мавжуд имкониятлари ва таълим йўналишларидан келиб чиқиб Давлат комиссияси томонидан белгиланади.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Давлат тест марказининг масъул ходимлари журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.
Манба: ЎзА