Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Адолат ва қонун устуворлиги тараққиётнинг янги уфқларини очади

2017-05-26 | Жамият

Юқоричирчиқлик М.Шарипова 2015 йил 12 октябрдан шу йилнинг 27 мартига қадар «Тошкент механика заводи» акциядорлик жамиятида назоратчи бўлиб ишлаган. Ўз аризасига кўра ишдан бўшаган. Бироқ у жорий йил февраль ва март ойлари учун иш ҳақи, бошқа компенсация пулларини вақтида ололмаган.

Президентимизнинг Виртуал қабулхонасига мурожаатдан сўнг Тошкент шаҳар прокуратураси бу аризани назоратга олган. Натижада қисқа муддатда аёлга 1,7 миллион сўмдан зиёд пул тўлаб берилган. 

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ғояси билан асос солинган Халқ қабулхоналари институти одамлар билан фаол ва очиқ мулоқот олиб бориш, мурожаатларни ҳал қилиш, муаммоларга ечим топишда ғоят самарали восита бўлмоқда. Давлат идоралари халқимизга хизмат қилиб, одамлар талаб-истаклари асосида ишлай бошлагани ҳаётимизда сезилмоқда. Инсон қалбига йўл топилмоқда. Зотан, мамлакатимизнинг стратегик мақсадларига, кўзланган юксак марраларга халқ билан мулоқот қилиш, одамларнинг ичига кириш, уларнинг дарду ташвишлари билан яшаш, инсон манфаатларини таъминлаш орқалигина эришиш мумкин. 

Бу жиҳатлар Тошкент шаҳар прокуратураси амалга ошираётган ишларда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Президентимизнинг Виртуал қабулхонаси орқали жорий йил бошидан 15 майга қадар Тошкент шаҳар прокуратурасига 3 минг 917 мурожаат келиб тушган. 

– Мазкур мурожаатларнинг 394 таси қаноатлантирилган, 3 минг 99 таси бўйича тушунтириш берилган, 339 таси рад этилган, 125 таси кўрмасдан қолдирилган, – дейди Тошкент шаҳар прокурорининг ўринбосари Ёрқин Абдуллаев. – Ҳал этилган мурожаатлар бўйича 22 протест, 5 тақдимнома, 711 миллион сўмни ундириш бўйича 293 даъво аризаси киритилган, 282 миллион сўм ихтиёрий ундирилган, 4 жиноят иши қўзғатилган. 

Шу даврда тадбиркорларнинг 85 мурожаатидан 1 таси қаноатлантирилган, 74 тасига тушунтириш берилган, 3 таси рад этилган, 3 таси кўрмай қолдирилган. Ҳал этилган электрон мурожаатлар бўйича 262 миллион сўм ихтиёрий ундирилган. Буларнинг барчаси прокуратура органларидан мазкур йўналишдаги фаолиятни янада кучайтиришни, қонунбузилишларга қатъий муносабат билдириб, бузилган ҳуқуқларни амалда тиклашни талаб этади. 

Яшнободлик Ирода Шоймардонова турмушдан ажраган. Қарамоғида бир фарзанди бор. У шу йил 18 февралда тўланган алимент пулини почта алоқа бўлимидан вақтида ололмаётганидан шикоят қилиб мурожаат йўллаган. Тошкент шаҳар прокуратурасининг текшируви натижасида 21 февралда аёлга 1,7 миллион сўмдан зиёд алимент пули тўлаб берилган. 

Яккасаройлик Шаҳноза Комилова шу йил 31 март куни “Roison Electronics” компанияси билан шартнома тузган. Унга кўра фуқарога автомат кир ювиш машинаси етказиб берилиши керак эди. Бироқ шартномада назарда тутилган муддат ўтганига қарамай, аёлга маҳсулот етказиб берилмайди. Истеъмолчининг Виртуал қабулхонага мурожаатидан сўнг унга шартномада кўрсатилган автомат кир ювиш машинаси ажратилган. 

Зангиоталик Робия Азаматова Тошкент педиатрия тиббиёт институти талабаси. Унинг шу йил 17 январдаги мурожаатида айтилишича, институтнинг катта ўқитувчиси Т.Раҳматов талабага қониқарли баҳо қўйиб бериш эвазига ундан электр печкаси олган. Тошкент шаҳар прокуратураси ходимлари мазкур мурожаатни ўрганганда, Т.Раҳматовнинг қонунга хилоф хатти-ҳаракатлари аниқланган ва унга нисбатан тегишли чоралар кўрилган. 

Албатта, ҳал этилган мурожаатлар ўз-ўзидан тушунарли. Бироқ юқорида айтилган баъзи маълумотлар – айрим мурожаатлар нима сабабдан рад этилгани ёки кўрмай қолдирилгани ўқувчиларга қизиқ. Хўш, буларга сабаб нима? 

– Булар асосан мурожаатлардаги жисмоний шахсларнинг фамилияси, унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилмагани, мурожаатнинг моҳияти баён этилмагани, бўйсунув тартибида юқори турувчи органга шикоят жисмоний ёки юридик шахсга унинг ҳуқуқларини бузувчи ҳаракат содир этилганлиги маълум бўлган пайтдан эътиборан бир йилдан кечиктириб берилгани, вакиллар орқали берилган мурожаатлар, уларнинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, ёлғон маълумотларни баён этилиши каби омиллар билан боғлиқ, – дейди Тошкент шаҳар прокурорининг ёрдамчиси Толибжон Умаров. – Баъзи ҳолларда мурожаатда кўрсатилган манзил ё телефон рақами бошқа бўлиб чиқмоқда. Бу мазкур мурожаатнинг аноним характерга эга эканини кўрсатади. Шу боис улар рад этилади ёки кўрмасдан қолдирилади. Бу аҳолининг ҳуқуқий онгини, хусусан, мурожаат маданиятини юксалтириш ҳамон долзарб масала бўлиб турганини англатади. 

Халқ қабулхоналари институти мамлакатимизда ҳар бир соҳа ва ҳудуддаги асл манзарани, мавжуд аҳволни реал кўриш ва баҳолаш имконини бермоқда. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари ижро ҳокимияти фаолиятини янада самарали йўлга қўйишда муҳим омил бўлмоқда.

Биргина Тошкент шаҳар прокуратурасига келган мурожаатларни ўрганиш ва таҳлил қилиш натижасида пойтахтимизнинг қайси туманида аҳоли асосан қандай масалаларни кун тартибига кўтариб чиқаётгани ойдинлашади. Балки бир идоранинг таҳлиллари якуний хулоса бўлмаслиги мумкин, бироқ шунинг ўзи Халқ қабулхоналари – мурожаатларга асос бўлган сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш, уларни бартараф этиш мақсадида ҳаётий таклифлар тайёрлаш имконини беришга қодир институт сифатида шаклланаётганининг исботидир. 

Бундай жонли мулоқотлар, қизғин баҳс-мунозаралар кузатуви бир ҳақиқатни кўрсатади: одамларда мурожаат маданияти юксалмоқда – илгари кўп учраган беҳуда бақир-чақирлар, асосли-асоссиз талаб қилишлар камайиб, ҳақли талабни оғир-вазминлик билан тушунтириш, адолат қарор топиши учун қонун доирасида амалий ёрдам сўраш кўпаймоқда. Ўз навбатида олдингидек қовоғидан қор ёққан, «шикоятингни ўрганишдан бошқа ишим йўқми?» дейдиган раҳбар ё масъул ходимларни деярли учратмайсиз. Мулоқотлар ўзаро бир-бирини тушуниш, ҳурмат қилиш асосида кечмоқда. 

Зотан, Президентимиз таъкидлаганидек, давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилса, аҳоли ўз ҳаётидан мамнун бўлса, мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги мустаҳкамланади, муаммолар камаяди, тараққиётнинг янги уфқлари очилади, фаровонлик юксалади. Буларга эришмай туриб, одамларни ҳаётдан рози қилиб бўлмайди.

 

Умид Ёқубов, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться