Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Аҳоли учун қулай турмуш шароити яратиш – доимий эътиборда
2017-05-26 | Жамият
Бугунги кунда шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларининг замонавий архитектура қиёфасини шакллантириш, уй-жой ва ижтимоий-маиший қурилишни жадал ривожлантириш, шаҳарсозлик соҳасига оид долзарб масалаларни ҳал этиш муҳим вазифалардан ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазкур соҳадаги ишларни янги босқичга кўтаришда дастуриламал бўлиб хизмат қилади.
Ушбу ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг шаҳарсозлик соҳасида ягона давлат ва илмий-техникавий сиёсатни олиб бориш жараёнидаги ролини оширишга қаратилган бўлиб, қўмита фаолиятига оид асосий вазифа ва йўналишлар белгилаб берилган.
Фармонда юридик ва жисмоний шахслар томонидан шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчиликка, жумладан, аҳоли пунктларини лойиҳалаш ва қуриш, лойиҳа-қидирув ва қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш, қурилиш материалларини ишлаб чиқаришда, буюрмачилар томонидан техник назорат ҳамда лойиҳалаш ташкилотларининг муаллифлик назоратини олиб боришда шаҳарсозлик меъёрларига риоя этиш бўйича қатъий назорат ўрнатилишига алоҳида эътибор қаратилган.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг Лойиҳа ва қурилиш-монтаж ишлари сифатига риоя этилиши устидан давлат назорати бош бошқармаси қўмита ҳузуридаги Архитектура-қурилиш назорати давлат инспекцияси этиб қайта ташкил этилди.
Тошкент архитектура-қурилиш ва Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтлари, мамлакатимизнинг ўн тўртта ҳудудида биттадан архитектура-қурилиш йўналишидаги касб-ҳунар коллежлари Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси тизимига ўтказилди.
Ушбу фармон билан шаҳарлар қиёфасини шакллантиришда архитектура-шаҳарсозликнинг муҳим ўрин эгаллаши инобатга олиниб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Республика архитектура-шаҳарсозлик кенгашининг янгиланган таркиби тасдиқланди ва вазифалари белгиланди.
Хулоса ўрнида айтганда, мазкур соҳадаги ўзгаришлар аҳоли учун қулай турмуш шароити яратиш, ривожланган ишлаб чиқариш, ижтимоий, муҳандислик-транспорт инфратузилмасига эга обод аҳоли пунктларини барпо этишга муҳим аҳамият касб этади.
Манба: ЎзА