Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ҳаракатлар стратегияси ўрганилмоқда
2017-05-26 | Жамият
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини ўрганиш ва тарғиб этишга бағишланган илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири маслаҳатчиси М.Қуронов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари М.Алеуов, Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессори Б.Алиев, “Нуроний” жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими бошлиғи Ш.Уснатдинов ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 7 февралдаги фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси давлат ва жамиятни жадал ривожлантириш, мамлакатни модернизациялаш ва ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштиришга хизмат қилаётганини таъкидлади.
Давлат бошқарувини такомиллаштириш йўналишида энг аввало давлат хизматини ислоҳ қилиш, иқтисодиётда давлат бошқарувини камайтириш, давлат ва хусусий секторнинг ўзаро фойдали ҳамкорлигининг замонавий шаклларини, “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш бўйича белгиланган чора-тадбирлар ўз самарасини бермоқда.
Иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш йўналиши бўйича миллий валюта ва нархлар барқарорлигини таъминлаш, валютани тартибга солишнинг замонавий бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этиш, маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини, ташқи иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, экспортга мўлжалланган маҳсулот ва материаллар ишлаб чиқариш учун замонавий технологияларни жорий этиш, тадбиркорликни ривожлантириш, инвестициявий жозибадорликни ошириш, солиқ маъмурчилигини яхшилаш, банк фаолиятини тартибга солишнинг замонавий принцип ва механизмларини жорий этиш назарда тутилмоқда.
– Давлатимиз раҳбари томонидан ишлаб чиқилган Ҳаракатлар стратегияси халқ фикрини билиш, унинг хоҳиш-истакларини ўрганиш, уни ўйлантираётган муаммоларга ечим топишда муҳим аҳамият касб этмоқда, – дейди Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети профессори Г.Ўтемуратова. – Тараққиётнинг беш устувор йўналиши бўйича стратегик вазифалар ижросини таъминлаш бўйича ҳудудларда чора-тадбирлар белгиланиб, кенг кўламли ишлар бошлаб юборилгани бу ҳужжатнинг халқчил ва ҳаётий эканини тасдиқлаб турибди.
Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни рўёбга чиқариш мақсадида 2017 йилда Қорақалпоғистон Республикасига 1 триллион 257 миллиард сўм инвестиция киритиш кўзда тутилган. Бу кўрсаткич яқин беш йилда 8 триллион сўмни ташкил этади. Шу ҳисобдан амалга ошириладиган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари аҳоли фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади.
Манба: ЎзА