Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Савдо-иқтисодий ҳамкорлик ривожланмоқда
2017-05-26 | Иқтисодиёт
“Ўзэкспомарказ”да 25 май куни Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Туркия ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Тадбирда икки мамлакатнинг иқтисодиёт, банк-молия, савдо-саноат, сармоя, энергетика, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, туризм, маданият, ахборот технологиялари, транспорт ва транспорт коммуникациялари, логистика, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, тўқимачилик, электротехника каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, комиссия ҳамраиси Рустам Азимов ва бошқалар Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги ҳамкорлик барча йўналишларда изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади. Икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар бунда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилнинг 14 майида Пекинда “Бир макон, бир йўл” форуми доирасида Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғон билан учрашуви, 2016 йил 17-18 ноябрь кунлари Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг мамлакатимизга ташрифи ўзаро муносабатларга янги суръат бағишлади.
Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳуқуқий асоси тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Давлатларимиз савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш борасида улкан салоҳиятга эга. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда Туркиянинг 441 фирма ва компанияси фаолият юритмоқда. 2016 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 1,2 миллиард долларни ташкил қилди.
Ҳукуматлараро комиссия мажлисида Ўзбекистон ва Туркия ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини янада оширишдан, кенг кўламли савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор экани таъкидланди. Мамлакатларимиз иқтисодиёт, молия, сайёҳлик, транспорт, коммуникациялар каби соҳаларда алоқаларни ривожлантириш борасида катта салоҳиятга эга экани қайд этилди.
Анжуманда ўзаро савдо номенклатураси ҳажмини ошириш ва кенгайтириш, инвестициявий ва молиявий-техникавий ҳамкорликни ривожлантириш, Туркиянинг етакчи компаниялари иштирокида туризм инфратузилмасини модернизация қилиш, қурилиш материаллари саноати, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, “Ургут” эркин иқтисодий зонаси доирасида юқори технологияли замонавий ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Меҳмонлар Ўзбекистонда олиб борилаётган савдо-иқтисодий, инвестициявий сиёсат самаралари, мамлакатимизда хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун яратилаётган шароитлар, эркин иқтисодий зоналардаги имкониятларни юқори баҳолади. Ўзаро ҳамкорликни янада фаоллаштириш учун мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга солиш лозимлиги таъкидланди.
Туркия Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, комиссия ҳамраиси Йилдирим Туғрул Туркеш ўзбек ва турк халқлари кўп асрлик тарих, муштарак қадриятлар ва ўхшаш урф-одатларга эга эканини алоҳида қайд этди.
– Ҳамкорлигимиз иқтисодиёт, савдо, сармоя, туризм, транспорт каби кўплаб соҳаларда изчил ривожланиб бораётгани бизни қувонтиради, – деди Йилдирим Туғрул Туркеш. – Туркия ва Ўзбекистоннинг етакчи компаниялари қатор қўшма лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш борасида фаол иш олиб бормоқда. Ўзаро манфаатли ҳамкорлигимизни барча соҳаларда мустаҳкамлаш, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини янада ошириш ниятидамиз.
Тадбирда ўзаро ҳамкорликда қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш, савдо ҳажмини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Туркия ишбилармонлари билан ҳамкорликда электротехника, озиқ-овқат, тўқимачилик, кўнчилик, фармацевтика маҳсулотлари, қурилиш материаллари, халқ истеъмол товарлари ишлаб чиқариш каби йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга доир масалалар муҳокама қилинди.
Туркиянинг етакчи туристик компанияларини жалб этган ҳолда Ўзбекистонда сайёҳлик инфратузилмасини янада ривожлантириш, тарихий шаҳарларимизда халқаро талабларга мос замонавий сайёҳлик мажмуалари барпо этиш, соҳада малакали мутахассислар тайёрлашга келишиб олинди.
– Ўзбекистон ва Туркия ишбилармонларининг мунтазам учрашувлари ўзаро савдо-иқтисодий, сармоявий ва молиявий-техникавий алоқаларни янада кенгайтиришга, ҳамкорликнинг янги имкониятларини кашф этиш ва бизнес лойиҳаларини амалга оширишга замин яратаётир, – деди Туркия иқтисодиёт вазири Ниҳат Зейбекчи. – “Ургут” эркин иқтисодий зонасида амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар мамлакатларимиз ўртасида изчил ривожланаётган ҳамкорликнинг ёрқин намунасидир. Икки мамлакат ишбилармонлари учрашувлари, турли анжуманлар, шунингдек, Туркия ва Ўзбекистонда ўтказилаётган халқаро кўргазмалар ўзаро ҳамкорликни ҳар соҳада янада тараққий эттиришга хизмат қилади.
Ҳукуматлараро комиссия мажлиси якунида қўшма протокол ва бошқа ҳужжатлар имзоланди.
Шу куни Ўзбекистон ва Туркия ишбилармон доираларининг инвестиция форуми ва кооперацион биржаси бўлиб ўтди. Унда икки мамлакатнинг иқтисодий ва сармоявий салоҳияти, мавжуд имкониятлардан янада кенгроқ фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Манба: ЎзА