Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ҳудуд тараққиётининг ҳуқуқий кафолати
2017-05-25 | Жамият
Жорий йил 22 май куни ўтказилган вилоят ҳокимлик соати йиғилишида уни бошқариб борган вилоят ҳокими Ў. Барноев май ойининг иккинчи ўн кунлигида Президентимиз ва республика ҳукумати томонидан Бухоро вилояти бўйича қабул қилинган ўта муҳим ҳужжатлар ҳудуд иқтисодий-ижтимоий тараққиётининг янги босқичини бошлаб беришини алоҳида таъкидлади.
Мазкур йиғилишда вилоят ҳокими ўринбосарлари, ҳокимлик аппарати масъул ходимлари, туман ва шаҳарлар ҳокимлари, уларнинг ўринбосарлари, корхона, ташкилот, муассаса раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашдилар.
Ҳокимлик соати йиғилишида дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг жорий йил 10-11 март кунлари Бухоро вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлари асосида ушбу вилоят бўйича қабул қилинган қарорлар ижросини таъминлаш тўғрисидаги масала муҳокама қилинди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 майдаги 287 сонли «2017 2018 йилларда Бухоро вилоятини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида»ги қарори ҳудуд ижтимоий-иқтисодий ҳаётини юксалтиришда ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади.
Мазкур қарорга асосан, 2017-2018 йилларда вилоят бўйича 7276 та лойиҳани амалга ошириш ҳамда 5 триллион сўм ва 183 миллион АҚШ долларидан ортиқ маблағлар ўзлаштирилиши ҳамда 42087 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.
Жумладан, саноатни ривожлантириш бўйича қиймати 2,4 триллион сўм ва 183,9 миллион долларлик 907 та инвестиция лойиҳаларининг 1,1 триллион сўм ва 12,3 миллион долларлик 542 таси жорий йилнинг ўзида амалга оширилади.
Шунингдек, сервис ва хизмат кўрсатиш бўйича қиймати 378 миллиард сўмлик 1609 та лойиҳа(2017 йилда 271 миллиард сўмлик 858 та лойиҳа), қишлоқ хўжалиги (қорамолчилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик ва бошқалар) бўйича қиймати 440 миллиард сўмлик 1759 та лойиҳа (2017 йилда 286 миллиард сўмлик 821 та лойиҳа) амалга оширилади.
Вилоятда ирригация-мелиорация тизимларини яхшилаш бўйича 63 та объектда 72 миллиард сўмлик (2017 йилда 59 та объектда 54 миллиард сўмлик), йўл-транспорт инфратузилмаси тизимини ривожлантириш бўйича 100 та объектда 279 миллиард сўмлик (2017 йилда 79 та объектда 130 миллиард сўмлик), сув таъминоти ва канализация тизими бўйича 52 та объектда 353 миллиард сўмлик (2017 йилда 23 та объектда 113 миллиард сўмлик), электр таъминоти тизими бўйича 111 та объектда 161 миллиард сўмлик (2017 йилда 79 миллиард сўмлик), газ таъминоти тизими бўйича 6 та объектда 16 миллиард сўмлик иш ҳажми амалга оширилади.
Бундан ташқари қарорга мувофиқ алоқа тармоғи ва телекоммуникация тизими, намунали уй-жойлар, мактабгача таълим, умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар таълими муассасалари, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт объектлари, бозорлар, янги майдон ва хиёбонлар қурилиши бўйича ҳам бунёдкорлик ишлари амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 майдаги ПҚ-2980 сонли «2017-2019 йилларда Бухоро вилояти ва Бухоро шаҳри туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эса ҳудудда сайёҳлик индустриясини ривожлантиришда ниҳоятда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади.
Мазкур қарор билан тасдиқланган Дастурга асосан,Бухоро шаҳрининг Эски шаҳар қисмида хорижий сайёҳларнинг бўш вақтларини туну кун мазмунли ташкил этиш учун 12 гектарлик «Қадимий Бухоро» туристик зонаси, унинг ҳудудида замонавий паст қаватли меҳмонхоналар, савдо-кўнгилочар марказлар, 500 ўринли амфитеатр барпо этилади. Шаҳарнинг тарихий қисмида ёпиқ бозор ва ҳунармандлар маҳалласи ташкил қилинади, «Бухоро Палас» ва «Зарафшон» меҳмонхоналари қайта қурилади ва 11 та тўрт юлдузли янги меҳмонхоналар бунёд этилади.
«Етти пир» зиёратгоҳлари мажмуасида миллий усулдаги меҳмонхона, умумий овқатланиш пунктлари, ёрдамчи бино-иншоотлар, сувенирлар сотилиши учун савдо ҳудудлари барпо этилади.
Шунингдек, 5 та замонавий ресторан қурилади ва 6 та объектда туристларнинг кечки вақт дам олишлари учун театр-лаштирилган концертлар ва мусиқали шоулар ташкил этилади.
Туризм намойиш объектларига олиб борувчи автомобиль йўллари қурилади ва қайта таъмирланади.
Шаҳар марказида совға ва сувенирга ихтисослашган дўконлар тармоғи жойлаштирилган янги савдо кўчаси барпо этилади, туризм инфратузилма объектларида банкомат ва терминаллар ўрнатилади.
«Ипак ва зираворлар», «Қовун сайли», «Шаҳар куни», «Шарқ таомлари», «Бухоро ҳунармандлари» фестивальлари ўтказилади.
Янги туристик йўналишлар ташкил этиш мақсадида Шофиркон туманидаги Оғитма кўли атрофида туризм инфратузилмаси ривожлантирилади. «Жайрон» экология марказининг «Ташриф маркази» капитал таъмирланиб, унинг атрофида зоология боғи барпо этилади. Пешкў туманидаги Қорақир кўлида ов, пляж ва спорт туризми билан шуғулланиш учун шароитлар яратилади, «Афшона» музейи атрофида ихтисослаштирилган уй-шифохоналар қурилади.
Давлатимиз раҳбарининг 19 майда қабул қилинган «Бухоро вилоятида замонавий пахтачилик-тикувчилик кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эса ҳудудда қишлоқ хўжалигига замонавий инновацияларни татбиқ этишда мутлақо янги босқични бошлаб беради.
Мазкур қарорга асосан вилоятда «Бухара коттон текстиль кластер» МЧЖ шаклида хорижий корхона ташкил этилади. Унда пахта хомашёсини ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, уларни қайта ишлаш ва ишлаб чиқариш бўйича замонавий кластер барпо этилади.
Унда қуйидаги лойиҳалар амалга оширилади:
8 минг гектар майдонда пахта хомашёси ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш, чигитни қайта ишлаш асосида ёғ-мой маҳсулотларини ишлаб чиқариш, тайёр тикувчилик ва тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш, чорвачилик комплексини ташкил этиш, сут ва гўшт ишлаб чиқариш ва уларни қайта ишлаш, 20 гектар майдонда сабзавот ва кўкат етиштириш бўйича замонавий иссиқхона комплексини ташкил этиш, ғўзапоялар ва маҳаллий ўғитни қайта ишлаш, табиий бўёқ ишлаб чиқариш сингари лойиҳалар бўйича «Бухара коттон текстиль кластер» МЧЖ томонидан 2017-2021 йилларда 123,1 миллион долларлик иш амалга оширилади.
Бухоро вилоятига оид қабул қилинган ниҳоятда муҳим ҳужжатлардан яна бири Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 майдаги «Бухоро давлат тиббиёт институтининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш тўғрисида»ги фармойишидир.
Унга кўра Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро вилоят филиалининг қабул-диагностика бўлимини қуриш, 120 ўринли даволаш корпусини реконструкция қилиш, 2017-2019 йиллар давомида 900 ўқув ўринга мўлжалланган Бухоро давлат тиббиёт институти ўқув биносини босқичма-босқич қуриш, шаҳар марказий касалхонаси негизида Бухоро давлат тиббиёт институтининг 200 ўринли клиникаси биносини барпо этиш мўлжалланган.
Вилоят раҳбари ўтган ҳафта давомида биргина вилоятимизга оид қабул қилинган ушбу тўрт муҳим ҳужжат ҳудуд ҳаётининг келгуси бир неча ўн йиллик тараққиётининг муҳим ҳуқуқий асоси эканлигини таъкидлаб, уларнинг ижросини ўз вақтида ва сўзсиз таъминлаш юзасидан тегишли мутасаддиларга кўрсатмалар берди.
Шунингдек, ҳокимлик соатида кун тартибидаги шаҳар ва туманларда милиция таянч пунктларини таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларининг аҳволи, туманларда уй-жой ширкатларини ташкил этиш, уларга тижорат банклари томонидан кредитлар ажратиш, Бухоро ва Когон шаҳарларидаги кўп қаватли уй-жой фондини куз-қиш мавсумига тайёрлаш, илгари хусусийлаштирилган бўш турган ва фаолият кўрсатмаётган корхоналардан самарали фойдаланиш, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш, болалар ёзги дам олиш оромгоҳларини мавсумга тайёрлаш сингари вилоят ҳаётидаги долзарб масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Манба: Бухоро вилояти ҳокимлиги