Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Меҳнат вазирлигида Европарламент делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди
2017-05-25 | Жамият
2017 йил 23 май куни Меҳнат вазири А.Абдухакимов Европа парламентининг Инсон ҳуқуқлари бўйича кичик қўмитаси делегацияси вакиллари жаноб Ёзеф Вайденхольцер, жаноб Ёахим Целлер, жаноб Клаус Бюхнер, шуниндек Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси жаноб Эдуардс Стипрайс ва уларга ҳамроҳлик қилаётганларни қабул қилди.
Учрашувда ишчилар хуқуқ ва манфаатларини, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишилар бандлигини таъминлаш, ноқонуний меҳнат миграцияси, мажбурий ва болалар меҳнатини олдини олиш масалалари ҳамда ишчилар хуқуқларини ҳимоя қилишда Касаба уюшмаларининг муҳим роли муҳокама қилинди.
Учрашув давомида меҳнат вазири Европарламент делегациясини Ўзбекистон меҳнат бозорининг ҳолати, аҳоли, айниқса меҳнат бозорига биринчи маротаба кириб келаётган коллеж ва ОТМ битирувчиларининг бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан батафсил таништирди.
А.Абдухакимов бугун мамлакатнинг барча соҳаларида кўламли ўзгаришлар кечаётганлиги, республика Президенти ташаббуси билан инвестиция жалб қилишга ва янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилувчи суд тизими, хуқуқни муҳофаза қилиш ва маҳаллий давлат органлари, иқтисодиётни либераллаштиришни назарда тутувчи 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси қабул қилинганлигини қайд этди.
Учрашувда Касаба уюшмаларининг мустақиллиги ишчилар хуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда кафолат бўлиши билдирилди ва Ўзбекистонда ижтимоий ҳамкорлар билан муносиб меҳнат бўйича Давлат дастури амалга оширилаётганлиги, ХМТнинг ратификация қилинган конвецияларини амалий ҳаётга тадбиқ қилиш ва уларнинг яна бир нечтасини ратификация қилиш бўйича фаол ишлар олиб борилаётганлиги билдирилди.
Меҳнат вазирлиги раҳбари ўтган йилларда ҳукумат ХМТ, Жахон банки ва ННТлар билан ҳамкорликда болалар ва мажбурий меҳнатнинг жамиятда “номақбул ҳолат” сифатида тан олинганлигини ва бугун ХМТ ҳамда Жахон банки билан ҳамкорликда болалар ва мажбурий меҳнат қонунга хилоф ва жиноят эканлигини тушунтиришга қаратилган кенг миқёсдаги ишлар олиб борилаётганлигини қайд этди.
Шунингдек, делегация аъзолари мамлакатда ногиронларни иш билан таъминлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилган ишлар билан таништирилди.
Делегация вакиллари барча соҳаларда рўй бераётган ислоҳотлар хайратга созоворлиги ва республикада катта ўзгаришлар рўй бераётганлиги билдирилиб, икки томон ўртасида ўзаро тушуниш борлиги ва ҳамкорлик янги даражага кўратилишини қайд этишди.
Учрашув очиқ мулоқот тарзида ўтди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги