Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Мусобақалар Олимпиада талаблари асосида ўтади
2017-05-25 | Спорт
Жиззах шаҳрида “Баркамол авлод – 2017” спорт мусобақалари финал босқичига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Республика миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази раҳбари А.Маврулов, маданият вазирининг биринчи ўринбосари М.Ҳожиматов, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази директори М.Холмуҳамедов, Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси ўринбосари Ф.Турдиев ва бошқалар Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган уч босқичли – “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада спорт ўйинлари мамлакатимиз терма жамоаларига иқтидорли спортчиларни етказиб бериш, олимпиячилар захирасини мустаҳкамлаш, ёш иқтидор эгаларини катта спорт сари илҳомлантиришда ва жамиятда соғлом турмуш тарзи қарор топишида муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг халқимиз, айниқса, ёш авлод саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида спортни янада кенг оммалаштиришга қаратилган қарор ва кўрсатмалари бу борадаги ишларни янги босқичга кўтармоқда.
Жиззах шаҳрида “Баркамол авлод – 2017” спорт мусобақалари финал босқичига пухта ҳозирлик кўрилди. Амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари натижасида Жиззах шаҳрининг қиёфаси бутунлай ўзгариб, қайта чирой очди. Янги ижтимоий объектлар барпо этилиб, мавжуд спорт майдонлари ва иншоотлари, ўқув юртлари бинолари таъмирланди, кўча ва хиёбонлар ободонлаштирилди.
“Баркамол авлод – 2017” мусобақаларининг якуний босқичида 898 спортчи қатнашади.
Мусобақалар тўртта объектда ўтказилади. “Сўғдиёна” универсал спорт мажмуасида бокс, бадиий гимнастика, сузиш, енгил атлетика, Жиззах олимпия захиралари коллежида гандбол, баскетбол, бадминтон, стол тенниси, эркин ва юнон-рум курашлари, дзюдо, таэквондо, оғир атлетика, теннис, Жиззах политехника институтида волейбол, футбол, Жиззах политехника институти қошидаги академик лицей спорт залида шахмат спорт турлари бўйича мусобақалар бўлиб ўтади.
Спорт байрами иштирокчиларининг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш учун бадиий-мусиқий кечалар, миллий кино ва ҳужжатли фильмлар намойиши, таниқли шоир, ёзувчи, санъаткор ва спортчилар билан учрашувлар, Жиззах шаҳрининг диққатга сазовор масканларига саёҳатлар уюштириш каби маданий-маърифий тадбирлар дастури ишлаб чиқилган.
“Баркамол авлод – 2017” спорт мусобақаларининг расмий веб-сайти www.barkamol-avlod.uz ишга туширилган бўлиб, тезкор ахборотлар ўзбек, рус ва инглиз тилларида узатилмоқда.
Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олди.
Манба: ЎзА