Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Наманган шаҳрида 3 мингга яқин “Damas” ўрнига 155 “ISUZU” автобуси қатнови йўлга қўйилди
2017-05-25 | Жамият
Мамлакатимизда автомобиль транспорти соҳасида аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Янги автовокзал ва автостанциялар барпо этилиб, мавжудлари реконструкция қилинаётир. Айниқса, қишлоқ жойларда автотранспорт хизмати кўрсатиш тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Буни Наманган вилоятида аҳолига сифатли транспорт хизмати кўрсатиш, янги йўналишларда автобуслар қатновини йўлга қўйиш борасида амалга оширилаётган ишлар мисолида ҳам кўриш мумкин.
– Биринчи Президентимизнинг 2006 йил 9 мартдаги “Автомобиль транспортида йўловчилар ташиш соҳасидаги тадбиркорлик фаолиятининг алоҳида турларини амалга оширишни тартибга солиш тўғрисида”ги қарори асосида якка тартибдаги хусусий тадбиркор мақомида йўловчи ташиш билан шуғулланаётган субъектлар уюшмаларга жалб этилди, – дейди Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги Наманган вилояти бўлими бошлиғи Алишер Абдулҳодиев. – Вилоят ички ишлар бошқармасининг йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси, давлат солиқ бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилаётган қўшма рейдлар ҳам аҳолига намунали транспорт хизмати кўрсатиш самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда. Жорий йил биринчи чорагида ўтказилган қўшма рейдлар давомида транспорт воситаларини тегишли лицензиясиз бошқарган 400 дан ортиқ ҳолат юзасидан суд идоралари орқали маъмурий чоралар кўрилди. 107 ҳолат бўйича 114 миллион 500 минг сўм жарима ундирилди. Лицензия талаб ва шартларини бузган йўловчи ташувчи корхоналарга қарашли транспорт воситалари ҳайдовчиларига нисбатан 400 га яқин далолатнома расмийлаштирилди.
Бошқарманинг автотранспорт соҳасида шаҳарда ва шаҳар атрофида ташиш фаолиятини лицензиялаш бўйича ҳудудий комиссияси томонидан йилнинг биринчи чорагида 31 ҳўжалик юритувчи субъектга 36 фаолият тури бўйича лицензия берилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 29 июлдаги “Шаҳар атрофи, шаҳарлараро ва халқаро йўловчилар ташиш автомобиль транспортида очиқ тендерлар ташкил этиш ва ўтказиш масалалари тўғрисида”ги қарорига асосан йўловчи ташиш транспорти ишини бошқариш вилоят комиссияси томонидан тасдиқланган режа-жадвалга асосан январь-март ойларида 2 марта тендер танлови ўтказилиб, 48 йўналиш ташувчи корхоналарга бириктирилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 10 январдаги “Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори тизимда амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Мазкур ҳужжатга асосан 2017-2021 йилларда 415 янги автобус сотиб олиш режалаштирилган бўлиб, ўтган тўрт ойда унинг 34 таси келтирилди. Жумладан, “Элмурод Бекмурод транс” масъулияти чекланган жамияти томонидан 4 ва “Турон-95 МБИ” корхонаси томонидан 30 автобус харид қилинди. Шаҳар ичи ва шаҳар атрофи йўналишларига қатнаётган автобуслар хизматидан аҳоли мамнун. Жорий йилда “Турон-95 МБИ” ва “Зумар” масъулияти чекланган жамиятлари томонидан 28 “ISUZU” автобусини келтириш ва йўналишга чиқариш режалаштирилган. Аҳоли эҳтиёжини тўла қондириш мақсадида йил давомида 9 хўжалик юритувчи субъект томонидан 74 автобус қатнови йўлга қўйилади.
2017-2021 йилларда янги автобус йўналишлари очиш тармоқ жадвалига асосан Наманган вилоятида жами 26, жумладан, жорий йилда 7 янги автобус йўналиши очиш кўзда тутилган. Ҳозир Наманган шаҳрида 5, Чортоқ туманида 2 йўналишда автобуслар қатнови йўлга қўйилди. Шу билан бирга дастурдан ташқари “Наманган – Жомашуй” йўналиши бўйича Наманган шаҳридаги “Мусаффо автотранс сервис” корхонасига қарашли 8 автобус синов қатновларини амалга оширмоқда.
Вилоятда жамоат транспорти инфратузилмасини яхшилаш, автовокзал ва автостанциялар қуриш ва реконструкция қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2017-2021 йилларда йўловчилар автовокзали ва автостанцияларини қуриш ва реконструкция қилиш тармоқ жадвалига асосан вилоятда 6 янги автостанция қурилиши, 1 автостанцияни реконструкция қилиш кўзда тутилган. Айни пайтда Наманган туманидаги автостанцияни реконструкция қилиш учун “Асакабанк”нинг Наманган филиалидан Наманган туманидаги “Отайўл Тошбулоқ” масъулияти чекланган жамиятига 348 миллион сўм кредит расмийлаштирилди. Мингбулоқ тумани марказида қуриладиган автостанция учун ер майдони ажратилиб, “Муҳаммад Бобур енгилмас транс” корхонаси томонидан автостанция маъмурий биносини қуриш ишлари бошлаб юборилди.
Вилоят марказидаги Алишер Навоий, Амир Темур ва Бобораҳим Машраб кўчаларида йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланаётган 3 мингга яқин “Damas” русумли транспорт воситаси ҳаракати чекланди ва ушбу кўчаларга боғлиқ бўлган 15 йўналишда 155 та “ISUZU” автобусининг мунтазам ҳаракати йўлга қўйилди.
Кўрилган чора-тадбирлар туфайли Наманган шаҳрида йўловчиларга транспорт хизмати кўрсатаётган корхоналарнинг молиявий аҳволи яхшиланиб, банк кредитлари ва бошқа қарздорликлар бартараф этилди. Айни пайтда янги автобус ва микроавтобуслар олиб келиниб, Наманган шаҳрининг Ҳамроҳ ва Дўстлик кўчаларида ҳам тартибли йўловчи ташиш хизматини ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Манба: ЎзА