Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ғаллаорол туманидаги 4 ҚВП негизида тез тиббий ёрдам шохобчалари ташкил этилди
2017-05-25 | Жамият
Президентимизнинг 2017 йил 16 мартдаги “Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини янада оширишга хизмат қилмоқда. Буни қишлоқ туманлари аҳолисига биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш тизимидаги ўзгаришлар мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани аҳолисига 1 кўп тармоқли поликлиника, 25 қишлоқ врачлик пункти хизмат кўрсатиб келаётган эди. Давлатимиз раҳбарининг мазкур фармони асосида қишлоқ врачлик пунктлари оптималлаштирилиб, бештаси туман кўп тармоқли поликлиникаси, ўн биттаси 3 қишлоқ поликлиникаси таркибига бирлаштирилди. Туман марказидан олисда жойлашган 4 қишлоқ врачлик пункти негизида тез тиббий ёрдам шохобчалари ташкил этилди.
Ҳудуднинг катталиги ва аҳоли нуфуси кўплиги ҳисобга олиниб амалга оширилган бу оптималлаштириш жараёни шошилинч тиббий ёрдам тизимида нафақат ташкилий, балки тиббий хизмат кўрсатиш сифати яхшиланишида муҳим омил бўлди.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг туман бўлими биноси 2016 йили мукаммал таъмирлангани бу борада катта қулайлик туғдирмоқда. Айни пайтда туманда шошилинч тиббий хизмат тизимига кирувчи 30 ўринли станционар, тез тиббий ёрдам, реанимация бўлимлари мукаммал таъмирланиб, рентген, ультратовуш текшируви, ФГДС, ЭКГ каби тиббий аппаратлар билан жиҳозланди.
Тез тиббий хизмати бўлими “GM Uzbekistan” акциядорлик жамиятида ишлаб чиқарилган ҳамда замонавий алоқа ва тиббиёт воситалари билан жиҳозланган енгил автотранспорт воситаларидан фойдаланмоқда. “Тез ёрдам” санитар машиналарига GPS навигаторлари ўрнатилиб, интернет тармоғи орқали шошилинч тиббий хизмат маркази билан боғлангани уларнинг ҳаракатини кузатиш, иш самарадорлигини ошириш, хавфсизлигини таъминлаш имконини бермоқда. Айни пайтда туман тез тиббий ёрдам хизматида замонавий жиҳозланган 2 санитар машинасида 2 йўналиш бригадаси фаолият кўрсатаётир.
– Қон босимим сурункали кўтарилиб, тез-тез “Тез ёрдам”ни чақириб тураман, – дейди Ғафур Ғулом номидаги маҳаллада яшовчи меҳнат фахрийси С.Муҳиддинов. – Барака топишсин, 5 дақиқага қолмай етиб келади. Илгари ками ярим соат кутар эдик. Кейинги пайтларда “Тез ёрдам” ҳақиқий тез ёрдамга айланди ва бундан жуда хурсандмиз.
Жорий йилда Гулистон, Оқтош қишлоқларидаги тез тиббий ёрдам шохобчалари “Damas” русумидаги махсус санитар автомашиналари билан таъминланди. Қишлоқлардаги тез тиббий ёрдам хизмати шохобчаларини модернизация қилиш ишлари давом эттирилаётир.
– Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 16 мартдаги фармони қабул қилинганидан сўнг тез тиббий хизматни санитар машиналари, ёқилғи-мойлаш материаллари, алоқа воситалари, дори-дармонлар билан таъминлаш ўтган йилга нисбатан 2-2,5 баробар кўпайди, – дейди туман тиббиёт бирлашмасининг шошилинч тиббий хизмат бўлими мудири З.Нурматов. – Шунга монанд равишда аҳолига кўрсатилаётган хизмат сифати ва самарадорлиги ҳам юксалди. Бу эса халқимизнинг тез тиббий хизматга ишончини оширмоқда.
Маълумки, тез ёрдам бўлимига аксарият ҳолларда беморлар фавқулодда ҳолатда келтирилади. Бундай ҳолларда, аввало, аниқ ташхис қўйиш ва тўғри муолажа муҳим аҳамият касб этади. Ўн олти йилдан буён шошилинч тиббий хизматнинг реанимация бўлимига раҳбарлик қилиб келаётган олий тоифали шифокор Эсон Норматов фаолияти давомида 15 мингдан зиёд жарроҳлик амалиётини муваффақиятли ўтказган. Шунинг учун ҳамкасблари ҳам, беморлар ҳам у кишини тажрибали ва қўли енгил шифокор сифатида ҳурмат қилади.
Тажрибали шифокорнинг меҳнати давлатимиз томонидан муносиб тақдирланган. Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг фармонига мувофиқ у 1996 йилда I даражали “Соғлом авлод учун”, 2013 йилда “Эл-юрт ҳурмати” орденлари билан мукофотланган.
– Шошилинч тиббий хизматда биринчи ёрдамнинг малакали кўрсатилиши бемор соғайиб кетишининг биринчи шарти ҳисобланади, – дейди Э.Норматов. – Давлатимиз томонидан шошилинч тиббий хизматга қаратилаётган алоҳида эътибор, яратилаётган шароит ва имкониятлар тизимда меҳнат қилаётган шифокорлар масъулиятини янада оширади, билим ва малакамизни муттасил ошириб боришни тақозо этади.
Манба: ЎзА