Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ислом Каримовнинг Андижон вилояти сайловчилари билан учрашуви
2015-03-11 | Сиёсат
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ислом Каримов 10 март куни Андижон вилояти сайловчилари билан учрашди.
Учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 2-Андижон округ сайлов комиссияси раиси О.Мирзаев очди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ислом Каримов ўз сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади.
Дастурда саноатни модернизация ва диверсификация қилиш ҳисобидан иқтисодиётимизнинг рақобатбардошлигини ошириш, хусусий мулк ва тадбиркорлик ривожи йўлидаги барча тўсиқларни олиб ташлаш ҳамда бу соҳага тўлиқ эркинлик бериш, давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қайта кўриб чиқиш, ерларнинг унумдорлигини ошириш ва экин майдонлари таркибини оптималлаштириш, фермер хўжаликларини кўптармоқли хўжаликларга айлантиришни давом эттириш, маҳаллийлаштириш ва импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш, инвестиция муҳитини янада яхшилаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ҳаёт даражаси ва сифатини изчил ошириб бориш, хорижий давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилган.
Андижон вилояти улкан иқтисодий салоҳияти билан мамлакатимиз тараққиётида алоҳида ўринга эга. 2013-2015 йилларда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига асосан 2014 йилда 3 минг 720 лойиҳа амалга оширилди. Қарийб 360 миллиард сўмлик инвестиция, жумладан, 4 миллион доллардан ортиқ миқдордаги хорижий инвестиция ўзлаштирилди.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари кенг қўллаб-қувватланаётгани самарасида уларнинг сони ва вилоят иқтисодиётидаги салмоғи тобора ортиб бораётир. Бугунги кунда ушбу соҳанинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши қарийб 60 фоизни ташкил этмоқда. Ўтган йили вилоят тадбиркорлари томонидан 165 миллион долларлик маҳсулот ва хизматлар экспорт қилинди.
Хўжаобод тумани Шаҳрихонсой шаҳарча фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Т.Йўлдошева, "GM Uzbekistan" қўшма корхонаси бўлим бошлиғи Ш.Алимов ва бошқалар вилоят маркази тубдан ўзгариб, шаҳар ва қишлоқлар обод бўлиб бораётганини, бу одамларга куч-ғайрат, эртанги кунга ишонч бағишлаётганини таъкидлади. Президент сайловига тайёргарлик, уни ўтказиш билан боғлиқ жараёнлар миллий қонунчилигимиз ва халқаро демократик тамойилларга тўла мос равишда ўтаётганини қайд этди. Сайловчиларни 29 март куни бўладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди.
Манба: ЎзА