Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Кардиологлар тажриба алмашди

2017-05-25 | Жамият

Пойтахтимизда кардиология ва кардиожарроҳликни ривожлантириш борасидаги устувор вазифаларга бағишланган илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мамлакатимиз олимлари, шифокорлар, Швейцария, Польша, Япония, Россия, Туркманистондан келган етакчи мутахассислар иштирок этди. 

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари А.Ҳожибоев, Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази директори Р.Қурбонов ва бошқалар мамлакатимизда тиббиёт тизимини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш ва инсон манфаатларини таъминлашга хизмат қилаётганини таъкидлади. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш масалаларига оид видеоселектор мажлисларида, соҳа вакиллари билан учрашувларда белгилаб берган вазифалар изчил амалга оширилмоқда. Соғлиқни сақлашнинг турли йўналишлари, жумладан ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни такомиллаштириш, жаҳон тиббиёти ютуқларини жойлардаги тиббиёт муассасалари амалиётига татбиқ этиш, шифокорларнинг малака ва маҳоратини янада ошириш юзасидан илмий-амалий ишлар, халқаро алоқалар кенгайтирилаётир. 

Кардиология ва кардиожарроҳлик соҳасидаги ишлар ҳам янги босқичга кўтарилмоқда. Аҳолига бу йўналишда замонавий тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича ўзига хос тизим яратилган. Қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникаларда тиббий-профилактика ва диагностика ишлари йўлга қўйилган. Юрак касалликларининг олдини олиш ва асоратларини камайтиришга оид скрининг ва патронаж ишлари кенгаймоқда. Туман тиббиёт бирлашмаларида кардиология хоналари, вилоят марказларида кардиология диспансерлари аҳоли хизматида. 

Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази бу йўналиш бўйича минтақамиздаги етакчи тиббиёт муассасаларидан биридир. Шифо масканида юрак ва қон-томир касалликларини даволашнинг илғор стандартлари жорий этилган. Юрак аритмияларини электрофизиологик усулда даволаш, юрак тожсимон артерияларининг торайган қисмларини аниқлаш, юрак ишемик касалликларининг оғир турларида аорта коронар шунтлаш каби янгича амалиётлар бунга мисолдир. Ушбу янги технологияларнинг амалга татбиқ этилиши натижасида илгари даволаш мушкул бўлган кўплаб оғир хасталиклар соғломлаштирилмоқда. 

Тиббиётнинг ушбу ютуқлари ҳудудлардаги шифо муассасаларида ҳам татбиқ этилмоқда. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси кардиология диспансери, Наманган вилоят кардиология маркази, Фарғона вилоят кўп тармоқли шифохонаси, Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази Урганч филиалида коронарография ва стентлаш амалиёти йўлга қўйилди. Бошқа вилоятларда ҳам бу борада иш олиб борилмоқда. 

– Президентимизнинг Сурхондарё вилоятига ташрифи асносида тиббиёт муассасалари фаолиятини такомиллаштириш, хусусан, кардиологик хизматни ривожлантириш бўйича берган топшириқларини бажариш мақсадида қатор лойиҳаларни амалга оширмоқдамиз, – дейди Сурхондарё вилояти кардиология диспансери бош шифокори Баҳодир Ғаффоров. – Диспансеримизнинг моддий-техника базаси мустаҳкамланмоқда. Кардиожарроҳлик йўналишини ташкил этиш, бўлимни замонавий ангиография аппарати билан жиҳозлаш чоралари кўрилмоқда. Хориждаги етакчи клиникалар ва Республика ихтисослаштирилган кардиология марказида бир гуруҳ мутахассисларимиз янгича даволаш амалиётларини қўллаш бўйича малакасини оширди. Бутун вилоятимизда ҳам хусусий шифо муассасалари фаолияти кенгаймоқда. Бу чора-тадбирлар самарасида вилоят аҳолисига кардиология ва кардиожарроҳлик ёрдами кўрсатиш сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилади. 

Республика ихтисослаштирилган кардиология марказининг жаҳондаги етакчи тиббий-илмий марказлар билан ҳамкорлиги тиббиёт ютуқларини чуқур ўзлаштириш, тиббий хизмат сифатини оширишда муҳим омил бўлмоқда. Кўплаб мутахассис ва ёш тадқиқотчилар Россия, Жанубий Корея, Швейцария, Польша каби хорижий давлатларда малака оширди. Хориждаги нуфузли клиникаларда ишлаётган кардиолог ва кардиожарроҳ олимлар юртимизга қайтиб, Республика ихтисослаштирилган кардиология марказида халқимизга хизмат кўрсатмоқда. 

– Ўзбекистонда ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни янада ривожлантириш, чекка ҳудудларда яшаётган аҳолини замонавий тиббий хизматлар билан қамраб олиш борасида олиб борилаётган ишлар эътиборга сазовор, – дейди Россия кардиологлар жамияти президенти, академик Евгений Шляхто. – Зеро, тиббиётнинг барча ютуқлари одамларнинг бахтли ва фаровон яшашига хизмат қилиши керак. Ўзбекистонда бу борада орттирилган ўзига хос тажриба ва эришилаётган ютуқлар ўрганишга лойиқдир. Ушбу анжуман ана шундай муҳим тиббий-ижтимоий лойиҳалар бўйича тажриба алмашиш, илм-фан ютуқларини таҳлил этиш, кардиология ва кардиожарроҳлик соҳасидаги долзарб муаммоларнинг ечимини топиш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш йўлида муҳим қадам бўлди. 

Илмий-амалий анжуманда юрак қон-томир касалликларини аниқлашнинг замонавий усуллари, кардиология ва кардиожарроҳликда қўлланилаётган янги технологиялар, юрак қон-томир касалликларини жарроҳлик йўли билан даволашда янгича ёндашувлар, инновацион технологияларга оид маърузалар тингланди. 

Тадбир доирасида Республика ихтисослаштирилган кардиология марказида, Самарқанд, Бухоро ва Андижондаги тиббиёт муассасаларида маҳорат дарслари ўтказилади.

 

Баҳор Хидирова, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться