Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Интерактив давлат хизматлари тадбиркорлар учун муҳим қулайлик

2017-05-25 | Жамият

Олий ҳарбий божхона институтида «Интерактив хизматлар – божхона органлари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги муносабатларнинг янги босқичи» мавзуида илмий-амалий конференция ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идоралар вакиллари, ҳудудий божхона бошқармалари ходимлари ҳамда тингловчилар иштирок этди. 

Давлат божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Б.Раимов, Олий ҳарбий божхона институти бошлиғи С.Абдухалилов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Э.Холбўтаев ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида иқтисодиётда таркибий ўзгартиришларни амалга ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш, ишлаб чиқариш салоҳиятидан самарали фойдаланиш орқали аҳоли фаровонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. 

Тадбиркорларнинг сафи кенгайиб бораётгани, иқтисодиётдаги ҳиссаси жадал ўсаётгани уларнинг эркин фаолият юритиши учун зарур шарт-шароит яратилгани туфайлидир. Мазкур тармоқ нафақат ялпи ички маҳсулотни шакллантиришда асосий бўғин, балки аҳоли бандлиги ва даромадлари манбаининг, фаровонликка эришишнинг муҳим омилига айланди. 

Давлатимиз раҳбари томонидан ишлаб чиқилган Ҳаракатлар стратегиясида божхона органлари олдига ҳам аниқ вазифалар қўйилган. Шулардан бири «Электрон ҳукумат» тизимини такомиллаштириш, тадбиркорлик субъектларига интерактив ва давлат хизматлари кўрсатишнинг самараси ва сифатини юксалтириш, бу хизматдан аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларининг фойдаланиш имкониятини оширишдир. 

Ўзбекистон Республикасининг «Электрон ҳукумат тўғрисида», «Электрон ҳужжатлар айланмаси тўғрисида», «Электрон рақамли имзо тўғрисида»ги қонунлари тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш ва соддалаштириш борасида муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. 

Товарларни божхонада расмийлаштириш учун кетадиган вақт божхона органлари фаолияти самарадорлигини белгилайдиган асосий халқаро мезонлардан биридир. Бу вақтни қисқартиришга тизимга замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва дастурларини кенг жорий этиш орқали эришилади. 

– Бугунги кунда Давлат божхона қўмитаси томонидан тадбиркорлик субъектларига товарларни электрон декларация қилиш, ташқи савдо контрактларини рўйхатга қўйиш, шартномалар ижроси бўйича маълумотлар олиш, божхона тўловлари бўйича солиштирув далолатномаларини тузиш каби 22 турдаги интерактив хизматлар кўрсатиб келинмоқда, – дейди Олий ҳарбий божхона институти ўқитувчиси Зафар Абдураҳмонов. – Мазкур интерактив хизматлардан фойдаланиш натижасида ҳар йили 1,3 миллиард сўм миқдоридаги харажатлар тадбиркор ихтиёрида қолади, 60 тонна қоғоз иқтисод қилинади. Асосийси вақт тежалади. 

Конференцияда электрон давлат хизматларининг ҳуқуқий асослари, тадбиркорликни ривожлантиришда электрон тижоратдан фойдаланиш истиқболлари, божхона органлари ахборот технологияларининг истиқболли йўналишлари каби мавзуларда маърузалар тингланди. Тадбиркорлик субъектларини янада қўллаб-қувватлашга доир таклиф ва тавсиялар берилди.

 

Нурилло Насриев, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться