Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Соғлиқни сақлаш вазири А.Шодмонов ЖССТнинг янги раҳбари Т.Гебрейесус билан учрашди
2017-05-24 | Сиёсат
Аввал хабар берганимиздек, 22 майдан бошлаб, Женевада ЖССТнинг юқори органи ҳисобланувчи Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясининг 70-сессияси ўз ишини бошлади. Унда Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов бошчилигида Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этмоқда.
Сессия кун тартибига кўра, 23 май куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига янги раҳбар сайланди. Бу лавозимга ЖССТга аъзо давлатлар томонидан эфиопиялик номзод, мазкур мамлакатнинг соғлиқни сақлаш ва ташқи ишлар бўйича собиқ вазири 52 ёшли Тедрос Гебрейесус сайланди. Янги раҳбар ўз ишини 2017 йилнинг 1 июлидан бошлайди.
Женева сафари давомида Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ЖССТнинг янги раҳбари Тедрос Гебрейесус билан икки томонлама алоҳида учрашув ўтказди. Суҳбат давомида Т.Гебрейесус ўзи олиб борган сайловолди кампаниясида илгари сурган ғояларининг асосий қисми Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган устувор мақсадлар билан ўзаро мос келишини таъкидлади. Шунингдек, у Ўзбекистон ва ЖССТ ўртасида Ўзбекистон манфаатларини ҳимоя қилувчи кўп томонлама ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга ҳар доим тайёрлигини билдирди.
ЖССТнинг янги раҳбарига мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар даражасининг оширилаётгани, шунингдек, соҳада қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатлар, истиқболдаги режалар ва дастурлар ҳақида маълумот берилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Ахборот хизмати
Манба: Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги