Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

2017-05-24 | Ҳужжатлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Мустақиллик йилларида халқимизнинг қадимий тарихи ва бой маданиятини тиклаш, буюк алломаларимиз, азиз-авлиёларимизнинг илмий, диний ва маънавий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва тарғиб этиш, муқаддас қадамжоларини обод қилиш, ёш авлодни уларнинг эзгу анъаналари руҳида тарбиялаш бўйича улкан ишлар амалга оширилди ва изчил давом эттирилмоқда. 

Айни вақтда маънавий-маърифий соҳадаги ислоҳотлар самарасини ошириш зарурати бу йўналишдаги ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришни талаб этмоқда. Бу борада нафақат мамлакатимиз, балки жаҳон миқёсида ғоят ноёб ҳисобланган, ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган қўлёзмалар фондига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, шунингдек, қадимий ёзма манбалар фондига эга бўлган муассасалар фаолиятини такомиллаштириш муҳим аҳамият касб этади. 

Айниқса, ушбу нуфузли илмий-тадқиқот муассасалари олдида қўлёзмаларни сақлаш, таъмирлаш, мавжуд фондларни бойитиб бориш, тарихий манбалар билан ишлаш учун маҳаллий ва хорижий тадқиқотчиларга қулай шароитлар яратиш, тарихий-маданий меросимиз намуналарини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, буюк аллома ва мутафаккирларимизнинг жаҳон илм-фани ва цивилизацияси ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини тарғиб этиш, шу асосда юртдошларимиз, аввало, ёш авлодимизни халқимизнинг буюк маънавий меросига ҳурмат, она юртимизга меҳр ва садоқат руҳида тарбиялашга қаратилган ишларнинг натижадорлигини тубдан ошириш бўйича долзарб вазифалар турганини алоҳида таъкидлаш лозим. 

Ана шу вазифаларни самарали ҳал этиш мақсадида: 

1. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент ислом университетининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтини (кейинги ўринларда Институт деб аталади) қадимий қўлёзмалар, тарихий-маданий аҳамиятга эга бўлган замонавий ёзма манбаларни сақлаш, ўрганиш, илмий асосда тадқиқ этиш ва тарғиб қилиш бўйича мамлакатимиздаги етакчи илмий-тадқиқот муассасаси этиб белгилаш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин. 

2. Қуйидагилар Институтнинг асосий вазифалари этиб белгилансин: 

Шарқ қўлёзмалари фондини сақлаш, таъмирлаш, бойитиш ва муайян тизимга келтириш, араб ёзувидаги турли мавзуларга оид ёзма ёдгорликлар ва эпиграфика намуналарини тадқиқ қилиш, уларни асл ҳолида ҳамда ўзбек ва хорижий тилларда илмий изоҳлар, таржималар билан нашр этиш, илмий муомалага киритиш; 

бой тарихий, илмий, маънавий-интеллектуал меросимизни сақлаш, илмий таҳлил қилиш, унинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида соҳа мутахассисларига, тегишли таълим йўналишларида таҳсил олаётган ўқувчи ва талабаларга батафсил маълумот бериб бориш, буюк аллома ва мутафаккирларимиз асарларини дунё ҳамжамияти ўртасида кенг тарғиб этиш, замонавий илм-фан, маънавият ва амалиёт ривожида ундан самарали фойдаланиш ва келгуси авлодларга етказиш; 

аҳолида сақланаётган қадимий ноёб қўлёзмалар, чет эл фондларидаги мавжуд асарлар нусхаларини айирбошлаш ёки олиш ҳисобидан Институтнинг қўлёзма ва ёзма манбалар фондини бойитиб бориш; 

ўрта асрларда ҳозирги Ўрта Осиё ҳудудида яшаб ижод қилган аллома ва мутафаккирларнинг математика, астрономия, физика каби аниқ фанлар, медицина, кимё, география сингари табиий фанлар, тарих, адабиёт, фалсафа ва бошқа ижтимоий фанлар, ислом дини ва илоҳиётга оид меросини тадқиқ қилишни кенгайтириш ва чуқурлаштириш; 

матншунослик, адабий манбашунослик, тилшунослик, фалсафа, маданият тарихи соҳаларида миллий маданий меросимизнинг ҳали ўрганилмаган кўпгина қатламларини очиб беришга йўналтирилган илмий тадқиқотларга алоҳида эътибор қаратиш; 

Тошкент давлат шарқшунослик институти, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент ислом университети каби мазкур соҳада фаолият кўрсатадиган олий таълим муассасалари билан биргаликда қўлёзмалар билан ишлаш малакасига эга бўлган ёш мутахассисларни режа асосида мақсадли тайёрлаш ва Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти илмий-тадқиқот фаолиятига жалб қилиш; 

Тошкент давлат шарқшунослик институти, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент ислом университети сингари олий таълим муассасаларининг ихтисослик кафедралари битирувчилари ҳисобидан Институтнинг кадрлар таркибини янгилаб бориш, қўлёзмалар билан ишлаш кўникмасига эга бўлган ёш кадрлар захирасини шакллантириш; 

хорижий Шарқ мамлакатлари тарихи, ривожланиш босқичлари, ҳозирги кунда ушбу давлатларда кечаётган сиёсий, иқтисодий ва маданий жараёнларни уларнинг Ўзбекистон Республикаси билан икки томонлама ва кўп томонлама муносабатлари нуқтаи назаридан ўрганиш; 

Ўзбекистон Республикасининг турли ташкилотларида сақланаётган араб ёзувидаги қўлёзма асарлар, тошбосма китоблар ва тарихий ҳужжатларнинг сақланиш ва таъмирланиш ҳолатини мониторинг қилиш ва уларнинг электрон базасини яратиш. 

3. Қуйидагилар Институт фаолиятини молиялаштиришнинг асосий манбалари этиб белгилансин: 

Институтни сақлаш билан боғлиқ харажатлар учун ажратиладиган бюджет маблағлари; 

Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги томонидан ўтказиладиган танловларнинг натижалари бўйича ажратиладиган грантлар, жумладан, мақсадли грантлар; 

тадбиркорлик фаолиятидан, жумладан, ноширлик фаолиятидан тушадиган маблағлар, халқаро молиявий институтлар, хорижий ташкилотлар, донор мамлакатлар ва ташкилотларнинг грантлари, шунингдек, ҳомийлик хайриялари ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар. 

4. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг мамлакатимизда турли манбаларда сақланаётган ноёб ва қимматли қўлёзма асарлар, тошбосма китоблар ва тарихий ҳужжатларни аниқлаш ва таҳлил қилиш, шунингдек, аҳолида сақланаётган шундай китобларни сотиб олиш ва Институтда жамланилишини таъминлаш мақсадида экспертлар гуруҳи ҳамда комиссия тузиш ҳақидаги таклифлари маъқуллансин. 

5. Қуйидагилар: 

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондини аҳолида сақланаётган ноёб қўлёзма, тошбосма китоблар ва тарихий ҳужжатлар ҳисобига бойитиш бўйича экспертлар гуруҳи (кейинги ўринларда Экспертлар гуруҳи деб аталади) таркиби 1-иловага мувофиқ; 

Аҳолида сақланаётган қўлёзма, тошбосма китоблар ҳамда тарихий ҳужжатларни баҳолаш ва сотиб олиш бўйича комиссия (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) таркиби 2-иловага мувофиқ; 

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондидаги 2017-2021 йилларда нашр этилиши режалаштирилаётган қўлёзма асарлар рўйхати 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин. 

6. Белгилаб қўйилсинки: 

аҳолида сақланаётган ноёб қўлёзма, тошбосма китоблар ва тарихий ҳужжатлар Илмий-техник фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Фан ва технологиялар бўйича Давлат комиссияси (кейинги ўринларда Давлат комиссияси деб аталади) томонидан белгиланган тартибда тасдиқланадиган Низомга асосан харид қилинади; 

Экспертлар гуруҳи ҳамда Комиссиянинг тегишли хулосалари, аҳолида сақланаётган, сотиб олиниши режалаштирилаётган ноёб қўлёзма, тошбосма китоблар ва тарихий ҳужжатлар рўйхати, шунингдек, уларни харид қилиш бўйича тавсия этилган нархлар Давлат комиссияси томонидан тасдиқланишга асос бўлади; 

қадимий ёзма манбалар билан ишлашнинг ўзига хос мураккаб хусусиятларини, бу иш юқори илмий малака ва қўникмаларни талаб қилишини инобатга олиб, Институтнинг қадимий қўлёзмаларни реставрация қилиш ва сақлаш билан шуғулланувчи ходимларининг ойлик иш ҳақига 30 фоиз миқдорда қўшимча устама ҳақ тўланади. 

7. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси: 

бир ой муддатда Экспертлар гуруҳи ва Комиссия тўғрисидаги низомларни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин; 

икки ой муддатда Институт фаолиятини такомиллаштиришга оид аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқсин ва тасдиқласин. 

8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Институтда сақланаётган қадимий қўлёзмалар энг замонавий халқаро стандартларга мувофиқ сақланиши ва босқичма-босқич реставрация қилинишини таъминлаш учун 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ижтимоий соҳага ажратилган маблағлар доирасида маблағ ажратсин, 2018 йилдан бошлаб ана шу ишлар учун зарур маблағни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутсин. 

9. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Институтдаги фото ва реставрация лабораторияларини замонавий юқори технологик асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш ҳамда Институтда Шарқ қўлёзмалари музейини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин. 

10. Белгилаб қўйилсинки: 

Институт фондида сақланаётган қадимий қўлёзмаларни босқичма-босқич реставрация қилиш учун зарур реактивлар ва сарфланувчи материалларни сотиб олиш ҳамда Институтнинг фото ва реставрация лабораторияларини замонавий юқори технологик асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш учун маблағлар Илмий-техник фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан ўрнатилган тартибда ажратилади; 

Институтда Шарқ қўлёзмалари музейини ташкил этиш ва уни жиҳозлаш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва Институтнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланади. 

11. Давлат комиссияси Институтда ноёб қўлёзма асарларни ўрганиш бўйича ишларни ташкил этиш учун илмий жиҳатдан асосланган тадқиқотларга ҳар йиллик давлат буюртмаси ўрнатилган тартибда тасдиқланишини таъминласин. 

Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги Давлат комиссияси томонидан ҳар йили тасдиқланадиган давлат буюртмасида белгиланган илмий тадқиқотларга давлат илмий-техника дастурлари доирасидаги илмий-техник лойиҳаларга ажратиладиган бюджет маблағлари ҳисобидан мақсадли грантлар ажратилишини таъминласин. 

12. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Фан ва технологиялар агентлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ушбу қарорга мувофиқлаштирилишини таъминласин. 

13. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А.Юнусходжаев зиммасига юклансин. 


Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                                         Ш.МИРЗИЁЕВ 

Тошкент шаҳри, 2017 йил 24 май

Манба: ЎзА

Поделиться