Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тошкентда Грузия маданияти кунлари бошланди
2017-05-24 | Маданият
Тошкент шаҳрида 23 май куни Грузия маданияти кунлари бошланди. Тадбир доирасида Алишер Навоий номидаги Кино саройида Грузин киноси кунлари ўтказилмоқда.
“Ўзбеккино” миллий агентлиги бош директори О.Мусаев ва бошқалар Ўзбекистон билан Грузия ўртасидаги ҳамкорлик кўплаб соҳаларда изчил равнақ топаётганини алоҳида таъкидлади.
Маданият ва санъат Ўзбекистон билан Грузия ўртасидаги ҳамкорликнинг фаол тараққий этаётган йўналишларидан. Икки давлат санъат намояндалари Ўзбекистон ва Грузияда ўтказиладиган маданий анжуман ва санъат фестивалларида мунтазам иштирок этиб келмоқда. 2015 йили Самарқандда ўтган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида грузиялик санъаткорлар совринли ўринни қўлга киритган.
Кино кунлари режиссёр Заза Урушадзенинг «Мандаринлар» фильми намойиши билан бошланди.
– Ўзбекистон билан ҳамкорлигимиз изчил ривожланаётгани бизни ғоят қувонтиради, – дейди Грузиянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Константин Жгенти. – Ўзбекистонда Грузия фильмлари севиб томоша қилинишини мамнуният билан таъкидлашни истардим. Мазкур тадбир томошабинларни Грузия кинематографиясининг ўзига хос хусусиятлари билан яқинроқ таништириш баробарида, халқларимиз ўртасида маданий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонамиз.
«Ўзбеккино» миллий агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир давомида “Маккажўхори ороли”, “Моира”, “Кукарача”, “Мен, бувим, Илико ва Илларион”, “Тикув машинали қиз” каби қатор фильмлар намойиш этилади.
Грузия маданияти кунлари доирасида XIX-XX асрларда яшаб ижод қилган машҳур грузин рассоми Нико Пиросмани асарлари репродукцияси намойиш этилади, “Кўча созандалари” гуруҳи ва “Эрисиони” давлат академик халқ ашула ва рақс ансамбли концертлари бўлиб ўтади.
Манба: ЎзА