Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистонлик футзалчилар чорак финалга йўлланма олди
2017-05-23 | Спорт
Таиландда футзал бўйича йигирма ёшгача бўлган ёшлардан иборат терма жамоалар ўртасидаги Осиё чемпионатида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси гуруҳда биринчи ўринни эгаллаб, чорак финалга йўлланма олди.
"С" гуруҳидаги баҳсларда қатнашган футзалчиларимиз дастлабки учрашувда мьянмалик тенгдошларини 5:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Гонконг ёшларига қарши кечган баҳсда футзалчиларимиз 8:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Ливан терма жамоаси билан кечган кескин ва муросасиз учрашувда 4:4 ҳисобида дуранг ўйнади.
Гуруҳдаги сўнгги учрашувни футзалчиларимиз қатарлик тенгдошларига қарши ўтказиб, 7:4 ҳисобида зафар қучди. Қатарликлар дарвозасига Акбар Усмонов тўртта, Хушнур Эркинов, Ботирбек Ризаев ва Равшан Исматуллаев биттадан тўп киритиб, терма жамоамизнинг ғалабасини таъминлади.
Терма жамоамиз аъзолари 10 очко билан гуруҳ пешқадами сифатида чорак финалга йўл олди. Ёшларимиз чорак финалда Мўғулистон ёшлар терма жамоаси билан баҳслашади. Шунингдек, Индонезия, Таиланд, Эрон, Ливан, Ироқ ва Япония ёшлар терма жамоалари ҳам чорак финалга чиқди.
Манба: ЎзА