Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон – Европа Иттифоқи: парламентлараро ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда
2017-05-22 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи парламентлараро ҳамкорлигига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, Европа парламенти депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа идоралар вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари С.Отамуродов, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси А.Жалилов, Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси А.Саидов ва бошқалар Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорлик барча жабҳалар қатори парламентаризм соҳасида ҳам изчил ривожланаётганини таъкидлади. Бундай ҳамкорлик ижтимоий ҳаётнинг турли соҳаларида мулоқотни чуқурлаштириш, амалий ҳамкорликни ривожлантириш ва тажриба алмашишдан томонлар манфаатдорлигига асосланган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Европа парламенти ўртасидаги алоқалар Ўзбекистон Республикаси билан Европа ҳамжамияти ҳамда унга аъзо давлатлар ўртасида Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим асосида йўлга қўйилган бўлиб, мазкур ҳужжатда парламент даражасидаги сиёсий мулоқотлар Парламент ҳамкорлиги қўмитаси доирасида амалга оширилиши қайд этилган.
Ушбу битим кучга киргандан сўнг, яъни 1999 йил 1 июлдан буён фаолият кўрсатиб келаётган “Ўзбекистон – Европа Иттифоқи” парламент ҳамкорлиги қўмитаси Олий Мажлис ҳамда Европарламент ҳамкорлигини ва умуман, Ўзбекистон – Европа муносабатларини фаоллаштиришда муҳим механизмга айланди. “Ўзбекистон – Европа Иттифоқи” парламент ҳамкорлиги қўмитаси мамлакатимизнинг турли даражадаги ташаббусларини Европа парламенти ва Европа Иттифоқида илгари суришда муҳим омил бўлмоқда.
Европа парламенти депутатлари Парламент ҳамкорлиги қўмитаси орқали Ўзбекистонда сиёсий ва иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида хабардор қилинмоқда. Шунингдек, Қўмита Ўзбекистон парламенти ва Европарламент томонидан ташкил этилаётган турли халқаро тадбирларни ўтказишда кўмаклашмоқда.
Давра суҳбатида Олий Мажлис ва Европарламентнинг парламентлараро муносабатларини янада ривожлантириш, Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни чуқурлаштириш, шунингдек, тараққиётга кўмаклашишда “Ўзбекистон – Европа Иттифоқи” ҳамкорлиги масалалари муҳокама қилинди.
Тадбир иштирокчилари эътиборига Ўзбекистонда демократик давлат қуриш борасида амалга оширилаётган манзилли ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилди, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси тақдим этилди. Мамлакатимизнинг иқтисодиётни янада эркинлаштириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш соҳасидаги позициялари, шунингдек, ҳар томонлама пухта ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсатнинг устувор йўналишлари тўғрисида сўзлаб берилди.
Европа парламенти аъзоларига Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиш суръатлари, тузилмаси ва салоҳияти, мамлакатимизда бизнес юритиш учун яратилган ҳуқуқий кафолатлар, ялпи ички маҳсулотда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик улушининг ортаётгани ҳақида ҳам маълумот берилди.
Европарламент депутатлари ҳам, ўз навбатида, Европа давлатларида рўй бераётган сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий жараёнлар хусусида ахборот берди ва ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Улар Ўзбекистонда турли соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларини ижобий баҳолаб, Марказий Осиё минтақасида хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришда Ўзбекистон алоҳида ўрин тутишини таъкидлади. Ўзбекистонни янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва унда белгиланган вазифалар, биринчи навбатда, фуқаролар манфаатларини таъминлаш имконини берадиган вазифаларга юксак баҳо берилди.
– Сўнгги йилларда Европарламент ва Ўзбекистон ҳамкорлиги янада мустаҳкамланмоқда, – дейди Руминиянинг Европа парламентидаги депутати, Халқаро савдо қўмитаси раисининг ўринбосари Юлию Винклер. – Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси билан атрофлича танишдик. Шуни таъкидлаш керакки, мазкур ҳужжатда белгиланган устувор йўналишлар Европа Иттифоқи учун ҳам ғоят долзарбдир. Хусусан, бу иқтисодиётни ривожлантириш, янги иш ўринлари ташкил қилиш ҳисобидан аҳоли бандлигини таъминлаш билан боғлиқ масалалардир. Жамият, халқ, шу жумладан оддий фуқаролар, турли миллат вакиллари билан мулоқот каби муҳим жиҳатларга тааллуқлидир. Ҳаракатлар стратегиясида ушбу муҳим масалалар ижроси устувор йўналишлар сифатида белгилангани Европа Иттифоқи томонидан юксак баҳоланмоқда. Делегациямиз Ўзбекистонда амалга оширилаётган ва сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилган ислоҳотлар билан ҳам танишди. Мазкур ислоҳотлар самарадорлигини юқори баҳолаш баробарида уларнинг аниқ натижаларга эришишга қаратилганини ҳам таъкидлаш зарур.
Европа парламенти депутатлари Европарламент ва Олий Мажлиснинг, жумладан, “Ўзбекистон – Европа Иттифоқи” парламент ҳамкорлиги қўмитаси доирасидаги парламентлараро муносабатлари самарадорлигини ошириш зарурлиги тўғрисида Ўзбекистон парламенти аъзоларининг фикрини қўллаб-қувватлади.
– Биз Ўзбекистоннинг жумладан, парламент ва бошқа турли ташкилотлар фаолиятида иштирок этиш орқали Европа Иттифоқи билан ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаймиз, – дейди Европа парламентининг Марказий Осиё мамлакатлари ва Мўғулистон билан алоқалар делегацияси, Транспорт ва туризм қўмитаси аъзоси Исмоил Эртуғ. – Ахборот алмашиш бизга ҳамкорлик ва мулоқотни минтақа даражасида мустаҳкамлаш имконини беради. Бу жараёнда парламент фаолияти муҳим ўрин тутади. Бугунги тадбирда тақдим қилинган Ҳаракатлар стратегиясининг устувор йўналишлари Ўзбекистонда бу борада кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганидан далолат беради. Ўзбекистон парламенти билан ҳамкорлик биз учун муҳим ва устувор йўналиш ҳисобланади.
Давра суҳбатида муҳокама натижалари бўйича парламентлараро ҳамкорликни янада фаоллаштириш, қонун ижодкорлиги соҳасида ўзаро тажриба алмашиш, шунингдек, халқаро тадбирларни ҳамкорликда ўтказиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди.
Европа парламенти делегацияси Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида ҳам учрашув ўтказди.
Манба: ЎзА