Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Мамлакатларимиз тараққиётига йўналтирилган дадил қадамлар
2017-05-20 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга амалий ташрифи давомида ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган истиқболли келишувларга эришилди.
Икки мамлакат вазирлик ва идоралари ўртасида нефть-газ, энергетека, фан-таълим, экология, транспорт-логистика, туризм ва спорт соҳаларидаги алоқаларни изчил ривожлантиришга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланди.
Танзила Норбоева, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси:
- Бўлиб ўтган музокараларда Ўзбекистон-Туркманистон муносабатларига доир кенг кўламли масалалар муҳокама қилинди. Мулоқотлар якунида имзоланган ҳужжатлар ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга, халқларимиз манфаатига хизмат қилади.
Мамлакатларимиз сайёҳлик соҳасида улкан имкониятларга эга экани таъкидланди. Ўзбекистонга келган сайёҳ Туркманистон, Туркманистонга борган сайёҳ Ўзбекистон орқали кетишини йўлга қўйиш икки томон учун ҳам манфаатлидир.
Икки давлат Президентларининг май ойи бошида бўлган телефон орқали мулоқотда Туркманистон Президенти давлатимиз раҳбарига Каспий денгизи соҳилидаги болалар соғломлаштириш марказлари ўзбекистонлик болаларни қабул қилишга тайёр эканини билдирган эди. Ана шу таклифга мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятларидан 100 нафар бола “Даянч” болалар соғломлаштириш марказида дам олмоқда.
“Аваза”да ёшлар учун саёҳатлар, мусиқий ва спорт тадбирлари, енгил атлетика ва сузиш бўйича мусобақалар, ижодий танловлар, ёш билимдонлар ўртасида викторина ва беллашувлар, бадиий кечалар ташкил этилмоқда. Ўзбекистондан келган болалар туркманистонлик тенгдошлари билан дўстлашмоқда. Бу ҳам халқларимиз ўртасидаги қардошлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Рустам Қурбонов, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси:
- Ўзбекистон ва Туркманистон раҳбарларининг Туркманбоши шаҳридаги учрашуви доирасида мамлакатларимиз ўртасида жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, бу борадаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш, ўзаро тажриба алмашиш бўйича муҳим келишувларга эришилди.
Жорий йил сентябрь ойида Ашхободда бўладиган Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги V Осиё ўйинларида Ўзбекистон спортчиларининг фаол иштирокини таъминлаш ва ҳамкорлик тўғрисида баённома имзоланди.
Давлатимиз раҳбарининг Туркманистонга ташрифи давомида мазкур спорт ўйинларига тайёргарлик ишлари билан яқиндан танишиш имкони яратилди. Замонавий спорт иншоотлари иштирокчиларнинг муносиб қатнашишида муҳим омил бўлади. Мусобақа низомига кўра, спорт ўйинлари 21 спорт тури бўйича ўтказилади.
Мамлакатимизда бу мусобақага тайёргарлик ишлари бошлаб юборилган. Ишонамизки, спортчиларимиз мазкур мусобақада муносиб иштирок этади ва давлатимиз байроғини баланд кўтаради.
Гурбанназар Оразгулиев, Туркманистоннинг “Диёр” журнали бош муҳаррири:
- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 6-7 март кунлари Туркманистонга давлат ташрифи давомида эришилган келишувлар Ўзбекистон қўшни мамлакатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилишини намоён этди. Шавкат Мирзиёевнинг Туркманбоши шаҳрига ташрифи Ўзбекистон ташқи сиёсатда яхши қўшничилик муносабатларига алоҳида аҳамият қаратаётганини яна бир бор тасдиқлади.
Ўзбек ва туркман халқларининг тарихи ва маданияти муштарак, урф-одат ва анъаналари ўхшаш. Икки мамлакат маданият ва санъат намояндалари, спортчилари Ўзбекистон ва Туркманистонда ўтказиладиган концертлар, фестиваль ва кўргазмалар, спорт мусобақаларида фаол иштирок этмоқда. 2016 йил сентябрь ойида Туркманистонда ўзбек киноси кунлари, ноябрда Ўзбекистонда Туркманистон маданияти кунлари ўтказилди.
Туркманободда замонамизнинг буюк сиёсатчиси, улуғ давлат арбоби Ислом Каримов ҳайкалининг ўрнатилгани ва шаҳарнинг марказий кўчаларидан бирига номи берилгани халқларимиз дўстлигига ёрқин мисолдир. Куни кеча Тошкентда буюк шоир Махтумқули ҳайкали ва шоир номидаги кўча очилгани тўғрисидаги хушхабарТуркманистонда катта шодлик билан кутиб олинди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга амалий ташрифи ва унинг доирасида имзоланган ҳужжатлар, бўлиб ўтган маданий тадбирлар мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик яхши қўшничилик ва қардошлик тамойиллари асосида изчил ривожланиб бораётганини яққол намоён этди.
Раҳмонбек Усмонов, Тошкент шаҳар ҳокими:
- Мамлакатларимиз ўртасида барча соҳалар қатори ҳудудларнинг ўзаро ҳамкорлиги ҳам ривожланиб, юксак самаралар бермоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга амалий ташрифи давомида Тошкент ва Ашхобод шаҳарлари ўртасида биродарлик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги битим имзоланди. Бу Тошкент ва Ашхобод шаҳарлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиради.
Савдо-иқтисодий соҳадаги ҳамкорликни кенгайтиришга икки мамлакат ҳам алоҳида эътибор билан қарамоқда. Бу ўзаро савдо-сотиқ фаоллашаётгани мисолида яққол намоён бўлмоқда.
Туркманистонда олиб борилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишдик. Бу борада ўзаро тажриба алмашдик. Бу икки томон учун ҳам фойдалидир.
Манба: ЎзА