Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Сара уруғ – мўл ҳосил гарови
2015-03-10 | Иқтисодиёт
Қорақалпоғистон Республикаси деҳқон ва миришкорлари баҳорги экиш мавсумига пухта тараддуд кўрмоқда.
Мамлакатимизда аграр соҳани тубдан ислоҳ қилиш жараёнида қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш, ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва ҳосилдорликни оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, ҳар бир минтақанинг табиий иқлимига мос, серҳосил ғўза навларини яратиш, сара уруғ ҳозирлаш бўйича жойларда аниқ чора-тадбирлар амалга оширилаётир.
Жорий йилда Тахтакўпир, Қораўзак, Кегейли ва Чимбой туманларидаги пахтачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари учун Кегейли туманидаги "Халқобод момиғи" акциядорлик жамияти томонидан 2 минг 279 тонна сара уруғлик чигит тайёрлаб қўйилди. Корхонанинг замонавий тарзда жиҳозланган цехларида сараланиб туксизлантирилган, илдиз чириши ва турли зараркунандаларга қарши дориланиб, махсус қопларга қадоқланган уруғлик чигит мутахассисларнинг доимий назоратида сақланмоқда.
– Тажрибали деҳқонлар ҳосилдорлик сара уруғ, унинг сифати ва униб чиқиш даражасига боғлиқ эканини яхши билади, – дейди туман уруғлик назорати маркази инспектори Я.Ортиқова. – Шунинг учун тайёрланган уруғлик чигитнинг унувчанлигига алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Олиб борилган мониторинг натижаларига кўра, уруғлик чигит лаборатория шароитида 98-100 фоиз самара беради.
Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигидан олинган маълумотларга қараганда, жорий йилда ғўзанинг Оролбўйи иқлим шароити ва тупроқ таркибига мос, кўп йиллар давомида синовдан ўтган "С-4727", "Чимбой-5018", "С-9085" навларини экиш режалаштирилган.
Манба: ЎзА