2017 йилнинг 18 май куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Финландия Республикасинининг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Никлас Линдквист (қароргоҳи Ҳелсинки шаҳрида) билан учрашув бўлиб ўтди.
Суҳбат чоғида икки томон кун тартибининг муҳим масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Элчи 2017 йил 17 май куни Тошкент шаҳрида очилган “Ўзбекистон нефт ва гази – Global Oil&Gas Uzbekistan/OGU 2017” 21 халқаро кўргазмаси ва конференциясидаги иштироки ва “Ўзбекнефтгаз” Миллий холдинг компаниясида ўтказилган музокаралар тўғрисида сўзлаб берди.
Учрашувда таъкидланганидек, мамлакатимизда қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ўзаро муносабатларни савдо-иқтисодий, инвестицион ва бошқа соҳаларда янада мустаҳкамлаш учун янги имкониятлар очади.
Музокараларда бўлажак Ўзбекистон-Финландия учрашувлари жадвали ҳам кўриб чиқилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги