Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Халқларимиз дўстлигининг ёрқин ифодаси

2017-05-18 | Жамият

Тошкент шаҳрида улуғ туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули номидаги кўча ва унга бағишланган меъморий ёдгорлик очилди
 

Адабиёт дилларни дилларга, элларни элларга боғлайди. Азалдан бир дарёдан сув ичиб, қўни-қўшни бўлиб яшаб келаётган ўзбек ва туркман халқларининг қалблари муштарак – тили ва урф-одатлари яқин, маданияти уйғун, адабиёти ва санъати ҳамоҳанг. Туркман халқи Алишер Навоий ғазалларини севиб ўқиганидек, ўзбеклар ҳам Махтумқулини ўз шоиридек ардоқлайди. 

Бу жиҳатлар 18 май куни пойтахтимизда машҳур туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули номидаги кўча ва унга бағишланган меъморий ёдгорлик очилишига бағишланган маросимда ҳам яна бир карра ўз исботини топди. Тадбирда мамлакатимиздаги давлат ва жамоат ташкилотлари, турли миллий маданият марказлари вакиллари, шоир ва ёзувчилар, адабиётшунослар, санъаткорлар, талабалар иштирок этди. 

Ўзбекистон маданият вазири М.Муродов, Ёзувчилар уюшмаси раиси М.Аҳмедов, Туркманистон Республикасининг мамлакатимиздаги Муваққат ишлари вакили О.Хуммиев ва бошқалар ўзбек ва туркман халқлари ўртасидаги азалий дўстлик, аҳиллик, қалб ва маданият яқинлиги мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ривожига асос бўлаётганини, Махтумқулининг икки халқ дўстлигини мустаҳкамлашдаги хизматлари беқиёс эканини таъкидлади. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 6-7 март кунлари Туркманистонга давлат ташрифи Ўзбекистон ташқи сиёсатда яхши қўшничилик муносабатларига алоҳида аҳамият қаратаётганининг яққол исботи бўлди. 

 

 
Мазкур ташриф давомида Амударёда қурилган Туркманобод-Фараб автомобиль ва темир йўл кўприклари, ушбу шаҳарда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов номидаги марказий кўча ва ёдгорлик мажмуаси очилган эди. 

Ташриф арафасида пойтахтимиздаги энг кўркам ва гўзал кўчалардан бирига Махтумқули номи берилди. Шавкат Мирзиёев Туркманистонда Гурбангули Бердимуҳамедовга Махтумқулининг ўзбек тилида чоп этилган “Элингга бахш айла” китобини совға қилди. Буларнинг барчаси мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик яхши қўшничилик ва қардошлик тамойиллари асосида ривожланиб бораётганини ёрқин намоён этди. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан шу йилнинг 19-20 май кунлари амалий ташриф билан Туркманистонда бўлиши мазкур олий даражадаги мулоқотнинг мантиқий давомидир. Ушбу ташриф олдидан Тошкент шаҳрида атоқли туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули номидаги кўча ва унга бағишланган меъморий ёдгорлик очилиши Ўзбекистоннинг қардош ва биродар туркман халқига юксак ҳурмат ва эътиборининг яна бир ёрқин ифодаси бўлди. Монументал ёдгорлик муаллифи – хоразмлик ёш ҳайкалтарош Жасванд Анназаров. 

– Махтумқулининг Хивадаги Шерғозихон мадрасасида таҳсил олгани, буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоийни ўзига устоз билгани халқларимиз ўртасидаги абадий дўстликнинг ажойиб намунасидир, – дейди Тошкент шаҳар туркман миллий маданият маркази раисининг ўринбосари Бибисора Ражапова. – Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 1996 йил 28 ноябрда Махтумқули бобомиз бир пайтлар ўқиб вояга етган шаҳар – Хивада унга муҳташам ҳайкал ўрнатилган эди. Мана, бугун азим пойтахтимиз марказидаги кўчага Махтумқулининг номи берилиши ва ул зотнинг ёдгорлиги қад ростлагани ўзбек ва туркман халқлари дўстлиги янги, янада юксак даражага кўтарилаётганини англатади. 

– 2014 йили мамлакатимизда ҳам Махтумқули таваллудининг 290 йиллиги кенг нишонланган, ўзбек мактабларида шоир ижоди кенг ўрганилмоқда, олимларимиз тадқиқотлар олиб бормоқда, – дейди адабиётшунос олим, Махтумқули асарлари таржимони Эргаш Очилов. – Шоир асарлари кириб бормаган ўзбек хонадони кам, тўй-тадбирларимиз Махтумқули қўшиқларисиз ўтмайди. Бугун улуғ туркман шоирига шундай олий даражада ҳурмат-эътибор кўрсатилаётгани халқларимиз ўртасидаги алоқалар изчил ривожланаётганининг амалий ифодасидир. 

Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид ўзбек ва туркман халқларининг дўстлиги тараннум этилган “Ўзбек-туркман манзумаси” шеърини ўқиб берди. 

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети талабалари Махтумқули шеърларидан намуналар ўқиди, шоир шеърлари билан айтилган қўшиқлар ижро этилди. 

Махтумқули ёдгорлиги пойи гулларга бурканди. 
Умид Ёқубов, Сарвар Ўрмонов (сурат), ЎзА 

Манба: ЎзА

Поделиться