Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ёшларни касбга йўналтириш муҳим вазифа
2017-05-18 | Жамият
Наманганда “Касб танлови – бахт танлови” мавзусида ўқувчи-ёшларни касбга йўналтириш масалаларига бағишланган минтақавий семинар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Наманган вилояти халқ таълими, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармалари ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда Наманган, Андижон, Фарғона вилоятларидан тегишли бошқармалар, халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимлари раҳбарлари, педагог-психологлар иштирок этди.
Президентимиз раҳнамолигида навқирон авлоднинг ҳар томонлама баркамол улғайиши, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта ўзлаштириши, истеъдод ва салоҳиятини намоён этиши учун барча шароит яратилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуни бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.
– Ёшларга оид давлат сиёсатининг амалга оширилиши самарасида маҳаллий ҳокимликлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, жамоат ташкилотлари, маҳалла ва оилалар ҳамкорлиги янада мустаҳкамланмоқда, – дейди Наманган вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи В.Ражапов. – Айниқса, ёшларни ўқувчилик давридан бошлаб касб-ҳунарга йўналтириш, уларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини юксалтиришда бу муҳим аҳамият касб этади. Мазкур семинардан кўзда тутилган мақсад ҳам бу борада тўпланган илғор тажрибаларни оммалаштиришдир.
Семинар иштирокчилари вилоятда ўқувчиларни касбга йўналтириш бўйича олиб борилаётган ишлар билан Наманган шаҳридаги 15-умумтаълим мактаби тажрибаси мисолида танишди. Умумтаълим мактаби 2015 йилда Инвестиция дастури асосида 1 миллиард 820 миллион сўм ҳисобига мукаммал таъмирланди. Ўқувчи-қизларга касб-ҳунар ўргатиш мақсадида 12 замонавий тикув машинаси, пазандалик асбоблари келтирилди. Ўғил болаларга дурадгорлик, темирчилик, чилангарлик касбларини пухта ўрганиш имконини берадиган меҳнат таълими устахоналари ташкил этилди.
Мактаб қошидаги бундай устахоналарда 150 дан зиёд ўқувчи ўнга яқин касб-ҳунар сирини ўрганмоқда. 60 дан ортиқ ўқувчи дарсдан бўш вақтида мактаб ҳудудида жойлашган миллий ҳунармандлик ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларида устоз-шогирд анъанаси асосида сартарошлик, косиблик, тунукасозликни ўрганмоқда.
Вилоятда ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш бўйича “Маҳорат мактаби” этиб белгиланган мазкур таълим даргоҳида орттирилган илғор иш услубларини бошқа муассасаларга жорий қилиш мақсадида бу ерда турли илмий-амалий ва ўқув семинарлари ўтказилмоқда.
Тадбир иштирокчилари мактаб ҳаёти, касб-ҳунар тўгараклари фаолияти, “Ораста қизлар” клуби ва мактаб кутутбхонасида ўтказиладиган “Китобим – офтобим” машғулотларини кузатди.
– “Касблар олами ва мен” номли тренинг машғулоти менда катта таассурот қолдирди, – дейди Фарғона тумани халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими ташхис маркази раҳбари Нигора Мусаева. – Бу машғулотда мактаб, маҳалла ва оила ҳамкорлигининг юксак самараси ўз ифодасини топган. Устахоналар ўқувчилар учун катта маҳорат мактаби вазифасини ўтамоқда.
Иштирокчилар семинар доирасида мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган “Ош танлови” ва “Сартарошлар баҳси” танловлари орқали ёшларнинг касб-ҳунар эгаллаш бўйича эришган натижаларини кузатди.
Тадбир сўнгида ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш, қобилият ва қизиқиши асосида таълимнинг кейинги босқичига жалб этиш борасидаги муҳим вазифалар, бу борада ҳамкорликни янада кучайтириш юзасидан фикр алмашилди.
Манба: ЎзА