Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Вилоят кенгашининг сессияси
2017-05-18 | Сиёсат
17 май куни халқ депутатлари вилоят Кенгашининг ўттиз олтинчи сессияси бўлиб ўтди.
Сессияни Кенгаш раиси, вилоят ҳокими Ҳ.Оқбўтаев бошқарди.
Депутатлар сессия ишини 2017 йилнинг биринчи чорагида маҳаллий бюджет ижроси бўйича вилоят ҳокимининг тақдимномаси тўғрисидаги масалани муҳокама қилишдан бошладилар.
Маълумотларга кўра, йилнинг дастлабки уч ойида вилоят маҳаллий бюджетининг даромадлар қисми режадаги 309,4 миллиард сўм ўрнига 318,7 миллиард сўм (103 фоиз)га бажарилган.
Ҳисобот даврида ижтимоий-маданий тадбирлар учун 438,1 миллиард сўм маблағ молиялаштирилган бўлиб, бу бюджет харажатларининг 86,5 фоизини ташкил қилади.
Ижтимоий ёрдамга мухтож оилаларнинг турмуш фаровонлигини ошириш билан боғлиқ харажатларга ўзини ўзи бошқариш органлари орқали 38,4 миллиард сўм маблағ йўналтирилган.
Маҳаллий бюджет ижроси бўйича мутасаддиларнинг ахборотлари тингланиб, тегишли қарор қабул қилинди.
Шундан сўнг депутатлар яқинда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунларини ўрганиш ва унинг мазмун-моҳиятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб этишда маҳаллий Кенгашлар, доимий комиссиялар олдида турган масалаларни муҳокама этиб, зарур чора-тадбирларни белгиладилар.
Кун тартибидаги тўртинчи масала – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 4 мартдаги “Деҳқон хўжаликлари ва аҳолининг томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, сувга чидамли, экспортбоп дарахт плантацияларини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан вилоят ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари Ш.Худайбердиевнинг ҳисоботи эшитилди.
Таъкидландики, жорий йилда вилоятимиздаги 84 минг 800 га яқин аҳоли хонадонида 3 миллион 685 минг бош парранда боқиш, 841 минг туп лимон, 443 минг туп ёнғоқ, 443 минг туп унаби кўчатлари экилиши белгиланган. Ушбу ишларни амалга ошириш учун 25 миллиард сўм маблағ (шундан 15 миллиард сўми банк кредити) талаб этилади.
Бугунги кунда аҳоли хонадонларига 407 минг бош парранда, 66,1 минг туп лимон, 132 минг туп ёнғоқ, 8,1 минг туп унаби кўчатлари экилган.
Сессия ишида депутат Ў.Саидмуродовнинг ички йўллар қурилиши, таъмирланиши бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан юборилган депутатлик сўрови асосида Автомобиль йўллари Самарқанд вилояти ҳудудий бош бошқармаси бошлиғи Қ. Ҳасановнинг ахбороти кўриб чиқилди.
Бошқарма бошлиғи депутатлик сўровида кўтарилган масала бўйича атрофлича маълумот бериб, депутатларнинг саволларига жавоб қайтарди. Қайд этилишича, 2017-2018 йилларда вилоятимизда хўжаликлараро қишлоқ йўллари, шаҳар кўчалари, шаҳар типидаги посёлкалар, қишлоқ ва овул автомобиль йўлларининг 479 километр қисмини тўла ва жорий таъмирлаш режалаштирилган.
Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари бўйича доимий комиссияси томонидан тайёрланган Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунининг вилоят ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги ижроси тўғрисидаги масала юзасидан доимий комиссия раиси Б.Шарафов ахборот берди.
Йил бошидан буён бошқармага 1489 та мурожаат келиб тушган. Мурожаатларнинг 972 таси Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасидан 403 таси ёзма, 114 таси оғзаки тарзда келган. Уларнинг асосий қисмини тиббиёт ходимларининг фаолиятидан қониқмаслик, дори-дармон нархлари, қишлоқ жойларида сифатли тиббий хизмат кўрсатиш масалалари ташкил этади.
Шундан сўнг депутатлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 11 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек, ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида”ги қарори ҳақидаги масалани кўриб чиқдилар.
Президентимизнинг мазкур қарорида берилган топшириқларнинг ижросини таъминлашда сусткашликка йўл қўйилаётганлиги, бу эса жамиятимиз барқарорлигини таъминлашга салбий таъсир кўрсатаётганлиги таъкидланди.
Мазкур қарор асосида Вазирлар Маҳкамаси ишчи гуруҳи вилоят, Ургут, Паст Дарғом туманлари ва Самарқанд шаҳар ҳокимликлари, “Самарқанд электр тармоқлари” корхонаси, вилоят ҳокимлиги халқ таълими, архитектура ва қурилиш бошқармаларида ижро интизомининг аҳволини ўрганилганда жуда кўп камчиликлар аниқланди. Бу камчиликларни бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик юзасидан зарур чора-тадбирлар белгиланди.
Сессияда ташкилий масала кўрилди. Вилоят ҳокимининг Fафурова Марҳабо Низомиддиновнани вилоят ҳокимининг ўринбосари – хотин-қизлар қўмитаси раиси этиб тайинлаш ҳақидаги қарори тасдиқланди.
Сессияда муҳокама этилган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилинди.
Манба: Самарқанд вилояти ҳокимлиги