Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Божхона омборларида ўтказилган инвентаризациялар бўйича ҳисобот тақдим этилди.
2017-05-18 | Жамият
2017 йил 16 май куни МЧЖ шаклидаги «Самарқанд чой қадоқлаш фабрикаси» хорижий корхонаси филиалининг маъмурий биносида тадбиркорлик субъектларининг вакиллари ва тадбиркорлик уюшмалари қатнашуви таркибида ташкил этилган Самарқанд вилояти божхона бошқармаси Жамоатчилик маслаҳат кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда таклиф этилган Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши депутатлари, божхона органлари билан ҳамкорликда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қўллаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида фаолият кўрсатиб келаётган вилоятнинг тегишли идора, ташкилотларнинг раҳбарлари ва мутахассислари, шунингдек тадбиркорлик субъектлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
«Самарқанд чой қадоқлаш фабрикаси» хорижий корхонаси филиалининг директор ўринбосари И.Турсунов йиғилишни очиб, корхонанинг таклифи маъқулланган ҳолда йиғилиш «Самарқанд чой қадоқлаш фабрикаси» хорижий корхонаси филиали ҳудудида ташкил этилганлиги боис кенгаш аъзоларига ўз миннатдорчилигини билдириб, Кенгашнинг самарали фаолиятига зафарлар тилаган ҳолда, сўзни Самарқанд вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Э.Салиховга берди.
Вилоят божхона бошқармаси Жамоатчилик маслаҳат кенгашининг Раиси Э.Салихов кун тартибидаги масалалар юзасидан сўзга чиқиб, импорт товарлар таркибини танқидий таҳлил қилиш, импорт ўрнини босадиган маҳаллийлаштирилган маҳсулотларни ишлаб чиқаришни кенгайтириш, божхона омборларида узоқ вақтдан буён сақланаётган маҳсулотларни тўлиқ инвентаризациядан ўтказиш бўйича Самарқанд вилояти божхона бошқармасида амалга оширилган чора-тадбирлар бўйича маълумот тақдим этди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 6 апрелдаги 4891-сонли Фармойиши билан ташкил этилган комиссия томонидан тайёрланган таҳлил ва ахборотлар асосида 2017 йил 19 апрелда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев раҳбарлигида импорт ҳажмини тубдан қисқартириш ва таркибини оптималлаштириш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш борасидаги ишлар самарадорлиги ва натижадорлиги учун масъулиятини кучайтириш борасида ўтказилган йиғилишда божхона омборларида узоқ вақтдан буён сақланаётган маҳсулотларни тўлиқ инвентарицазиядан ўтказиш юзасидан топшириқ берилган.
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Э.Салихов, вилоят ҳокимлиги ва бошқа идоралар томонидан кўрсатилган амалий ёрдам асосида қисқа муддат ичида 90 партиядаги муаммоли товарлар бўйича қонуний тўхтамга келишга эришилиб, тегишли тартибда божхона расмийлаштирувидан ўтказилганлигини қайд қилди.
Бугунги кунда узоқ даврдан бери божхона омборларида сақланиб келаётган товарлар - жами 69 та партиядаги товарлар қолаётганлигини қайд қилиб, корхоналар кесимида тайёрланган маълумотни тақдим этди.
Божхона бошқармаси ходимлари томонидан божхона омборларида ўтказилган инвентаризация натижасига кўра, «Мехриобод Агро Фруит» МЧЖ томонидан «божхона омбори» божхона режимига расмийлаштирилган дарахт кўчатлари ташкилотга қарашли боғдорчилик майдонларига сақлаш мақсадида экиб қўйилганлиги, «томчилаб суғориш ускунаси ва металлоконструкция» товарлари божхона органининг рухсатисиз ишлатилганлиги каби ҳолатлар аниқланиб, қонун талаблари асосида ташкилот раҳбарларига тегишли чоралар кўрилганлигини қайд қилди.
Кун тартибидаги 1-масала бўйича ўтказилган муҳокамада «BIG-PET-PLAST» қўшма корхонаси, «SIYOB SHAVKAT ORZU» фермер хўжалиги, «Мехриобод Агро Фруит» МЧЖ, «UZ AUTO TRAILER» МЧЖ ва «Ургут Антеп Яшам» қўшма корхонаси номидан йиғилишда қатнашган ташкилот раҳбарлари ва вакиллари сўзга чиқиб, «божхона омбори» божхона режимида товарларнинг узоқ сақланиш сабаблари, кўрилаётган чоралар юзасидан йиғилиш қатнашчиларига ҳисобот берди.
Вилоят божхона бошқармаси Жамоатчилик маслаҳат кенгашининг Раиси Э.Салихов кун тартибидаги 2-масала бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2017 йил 5 май куни «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили институтини таъсис этиш тўғрисида»ги ПФ-5037-сонли ва 2017 йил 4 майдаги ПФ-5034-сон Фармонлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан хорижий валютадаги тушумни мажбурий сотиш тартибига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2017 йил 1 февралдаги 44-сон қарорининг мазмун-моҳияти йиғилиш қатнашчиларига етказилди.
Йиғилиш муҳокамасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати З.Бердиева, Самарқанд вилояти ҳокимлиги тадбиркорлик ва ишбилармонлик муҳитини ривожлантириш, экспортга кўмаклашиш, қўллаб-қувватлаш гуруҳи раҳбари Ш.Дуланов, Самарқанд стандартлаштириш ва метрология бошқармаси ходими С.Адилов, МЧЖ шаклидаги «Сиёб саховати» қўшма корхонаси вакили М.Рашидийлар сўзга чиқди.
Йиғилиш муҳокамасига киритилган таклиф ва қайд қилинган фикрлар асосида, автотранспорт воситалари, шунингдек бошқа товарларни божхона расмийлаштирувидан ўтказиш тартиби ва талаблари бўйича босма нашрларга мунтазам равишда материаллар тақдим этиш, муайян йўналишларда мутасадди идора, ташкилотлар билан биргаликда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида учрашув, амалий семинарлар ташкил этиш ишларини янада кучайтириш борасида тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси