Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбек олимлари меваларнинг янги навларини яратмоқда

2017-05-18 | Иқтисодиёт

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 6 январдаги Мева-савзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узумни харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарори соҳа ривожида муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш марказида 2017-2021 йилларда мева-сабзавотчилик ва узумчилик соҳасидаги илмий-тадқиқотларни янада ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди. 

Дастурда давлат ва хорижий грантлар асосида боғдорчилик, узумчилик ҳамда сабзавотчиликка ихтисослашган илмий муассасалар лаборатория биноларининг моддий-техник базасини модернизация қилиш, селекция ишларини ривожлантириш, истиқболли мева навларини яратиш ҳамда омборхоналар қуриш каби вазифалар белгиланган. 

Марказ олимлари томонидан мевалар ва узумнинг 150 дан ортиқ янги нави яратилди. Шафтолининг “Учқун”, “Гулноз”, “Истиқбол” “Ҳилола”, олхўрининг “Ярхи”, тоғ олчанинг “Мухтор”, “Майсара” ва “Ҳосилот” навлари шулар сирасидандир. Боғбонларимиз мазкур навларни экиб, мўл ҳосил олмоқда. Олманинг 60 фоиздан кўпроғи, нокнинг қарийб 50 фоизи, узумнинг 43 фоизи, қулупнайнинг 90 фоизи, ёнғоқнинг 90 фоизини Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази тизимидаги илмий тадқиқотлар натижасида яратилган навлар ташкил қилади. Бугунги кунда институт олимлари яратган 11 мева турининг 24 хил нави Давлат нав синаш комиссиясида синовдан ўтказилмоқда. 

– Мамлакатимизда боғдорчилик ва узумчиликни янада ривожлантириш мақсадида интенсив технология асосида боғлар яратишга катта эътибор қаратилмоқда, – дейди Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази директори ўринбосари, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори Баҳодир Холиқов. – Нок, ўрик, олхўри, шафтоли, гилос ва олма боғлари тез ҳосилга кириши, юқори ҳосилдорлиги билан кўпчиликка маъқул бўлмоқда. Ёнғоқ, анжир ва хурмодан ҳам интенсив боғлар яратилиб, мўл ҳосил олиш мумкинлиги исботланди. 

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги маълумотларига кўра, интенсив боғларни кенгайтириш мақсадида аниқ манзилли дастурлар ишлаб чиқилган. Бугунги кунда мамлакатимизда 32 минг 400 гектар ерда ана шундай боғлар ташкил қилинган. Жорий йилда яна 13 минг гектар майдонда интенсив боғлар барпо этилади. 

Мазкур боғларнинг афзалликлари бугунги кунда амалда намоён бўлмоқда. Оддий мевали дарахт экилганидан кейин 4-5 йил ўтиб ҳосил беради. Интенсив боғлар иккинчи йилдаёқ ҳосилга киради. Пакана олма кўчатининг бир тупи тўлиқ ҳосилга кирганда 50-60 килограмм мева беради. Уларнинг илдизи тупроқ юзасига яқин жойлашгани сабабли сувга талабчан. Шунинг учун томчилатиб суғориш тизимига ўтказилса, яхши ўсиб, тез ривожланади. 

– Бу соҳанинг яна бир аҳамиятли жиҳати бор, – дейди Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш марказининг бўлим бошлиғи Фозил Бойжигитов. – Томчилатиб суғориш тизими қўлланганда сув 30-40 фоизгача кам сарфланади, минерал ўғитлар 50 фоизгача тежалади. Бу ҳар қарич ердан унумли фойдаланиб, мўл ҳосил етиштириш имконини беради. Кейинги йилларда интенсив боғлар яратишда асосан тоғ ва тоғолди ҳудудларида, сув тақчил ерларда пайвандтагларга пакана илдиз-бўғиз қўйиш йўли билан етиштирилган кўчатлардан фойдаланиш технологияси кенг жорий этилмоқда. Сув билан кам таъминланган ерлар учун юқори ҳарорат ва гармселга, кескин континентал иқлим шароитларига чидамли навларни яратиш, касаллик ва зараркунандаларга қарши юқори самарали кураш усуллари ўрганилмоқда. Мева ва узум ҳосилини гектарига 25-30 центнерга оширадиган тупроққа ишлов бериш ва органик-минерал ўғитларни қўллашнинг самарали усуллари ишлаб чиқилиб, хўжаликларга тавсия қилинди. 

Ҳозир илмий-ишлаб чиқариш маркази олимлари яратган йигирма тўрт хил мева ва узум нави ҳамда улардан юқори ҳосил етиштириш технологиялари деҳқон, фермер ва томорқа хўжаликларида 179,1 минг гектардан ортиқ майдонда қўлланилмоқда. Энг яхши саноатбоп навлар мазкур марказ тизимидаги илмий-тадқиқот институтларида яратилган бўлиб, улар Марказий Осиё давлатлари, Россия, Украина, Ҳиндистон, Венгрия, Польша, Руминия, АҚШ ва бошқа мамлакатларда ҳам экилмоқда. 

Кейинги йилларда дунёда иқлим ўзгариши оқибатида юзага келаётган экологик омиллар селекционерлар олдига янги талабларни қўймоқда. Илмий асосланган, тажрибада синалган, сув танқислиги ва қурғоқчил шароитга мослашувчан, ҳар хил касаллик ва зараркунандаларга чидамли, серҳосил навларни кўпайтиришни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Шу боис боғларга тежамкор технологияларни татбиқ этиб, тупроқ унумдорлигини ошириш, тоғ ва тоғолди ҳудудларда янги боғ-токзорлар барпо этиш, касаллик ва зараркунандаларга қарши курашишнинг самарали чоралари устида ҳам изланишлар давом этмоқда. Академик М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти in–vitro лабораториясида 5 минг 600 дона гилоснинг К-5 ярим пакана пайвандтагини кўпайтириш ҳамда мевали экинлар пайвандтагини махсус озуқа муҳитда парваришлаш технологиясини ишлаб чиқиш бўйича илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда. Жорий йилда in–vitro лабораториясида вируссиз интенсив кўчатлар (ёнғоқ, нок, ток, шафтоли, ўрик, бодом) пайвандтагларини кўпайтириш бўйича хорижий грантлар маблағлари ҳисобига замонавий иссиқхона қурилиши режалаштирилган.

 

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться