Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Халқаро патент тизими тажрибалари амалиётга изчил жорий қилинмоқда

2017-05-18 | Жамият

Пойтахтимизда "Миллий ва халқаро патент тизими. Электрон тарзда талабномалар топшириш ва патент жараёнларини амалга ошириш" мавзуида минтақавий семинар ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги ва Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда мазкур халқаро ташкилот вакиллари, Россия, Жанубий Корея, Япония, Озарбайжон, Қозоғистон, Украина каби давлатлардан келган мутахассислар, Ўзбекистон Фанлар академиясининг илмий-тадқиқот институтлари олимлари, олий ўқув юртлари проректорлари, патентшунослар иштирок этди. 

Интеллектуал мулк агентлиги бош директори Алишер Файзуллаев ва бошқалар мамлакатимизда интеллектуал мулк ҳуқуқига оид қонунчиликни ислоҳ қилиш жараёни изчил амалга оширилаётгани ихтиролар, саноат намуналари, фойдали моделлар, товар белгилари ва интеллектуал мулкнинг бошқа объектларини патентлаш, уларни қонун доирасида ҳимоя қилиш, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини мустаҳкамлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлаётганини таъкидлади. Бу жараёнда жаҳон патент тизими, интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш бўйича халқаро тажриба изчил ўрганилиб, амалиётга самарали татбиқ этилмоқда. 

Мазкур семинар иштирокчиларни интеллектуал мулк тизимини ривожлантириш билан боғлиқ халқаро тажриба билан яқиндан таништириш мақсадида ташкил қилинди. Бу замонавий ахборот технологияларига таянган ҳолда патент тизимидаги хизматларни яхшилаш, миллий патент тизимининг патент муҳофазасини соддалаштириш, электрон тарзда талабномаларни топшириш, қабул қилиш ва кўриб чиқишни жорий қилишда муҳим аҳамиятга эга. 

Мамлакатимиз мустақилликка эришган йили Жаҳон интеллектуал мулк ташкилотига аъзо бўлиб кирди. 1992 йили интеллектуал мулк ҳуқуқини ҳимоя қилишнинг миллий тизими яратилди. Бу борада ваколатли давлат органлари ташкил этилди. Ўтган даврда Патент кооперацияси тўғрисида, Патент ҳуқуқи тўғрисидаги шартномалар, Патент тадбирлари мақсадлари учун микроорганизмларни депонентлаштиришни халқаро эътироф этиш тўғрисидаги Будапешт шартномаси, Халқаро патент таснифи тўғрисидаги Страсбург битими сингари қатор халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар ратификация қилинди. 

Патент ҳамкорлиги тўғрисидаги халқаро шартнома 1970 йили Вашингтонда имзоланган, 1978 йил 1 июндан кучга кирган. Шу куни биринчи халқаро талабнома топширилган. Мазкур халқаро шартнома бўйича шартномага аъзо давлатларда битта халқаро патент талабномасини топшириш орқали ихтирони патентлашни амалга ошириш имкониятлари мавжуд. Мамлакатимиз 1991 йили мазкур халқаро шартномага қўшилган. 

Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигидан маълум қилишларича, сўнгги беш йилда агентликка ихтироларни патентлаштириш юзасидан 3 минг 800 дан ортиқ талабнома келиб тушган. Давлат реестрларида 1 минг 160 ихтиро рўйхатга олинган. Эътиборлиси, талабномаларнинг 1 минг 104 таси Патент ҳамкорлиги тўғрисидаги халқаро шартнома бўйича юборилган. Хусусан, уларнинг 315 таси АҚШ, 143 таси Швейцария, 129 таси Япония, 39 таси Жанубий Корея, 30 таси Россия ҳиссасига тўғри келади. 

– Ўзбекистон қадимдан буюк алломалар Ватани бўлган, бу заминдан етишиб чиққан улуғ мутаффаккирлар инсоният цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган, – дейди Евроосиё патент идорасининг экспертиза бўлими директори Дмитрий Рогожин. – Бугун Ўзбекистонда ана шу илм-фан анъаналари муносиб давом эттирилмоқда. Бунда ихтироларнинг халқаро миқёсда тан олинишида Патент ҳамкорлиги тўғрисидаги халқаро шартнома катта имкониятлар беради. Ушбу халқаро ҳужжат талабномалари бўйича иш юритиш, электрон хизматлар тўғрисидаги тажрибамиз юзасидан фикр алмашдик. 

Семинарда халқаро патент тизими, Жаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг онлайн имкониятларидан фойдаланиш, Евроосиё патент идорасининг патент муҳофазаси бўйича минтақавий тизими, электрон хизматлар ва маҳсулотлар масалалари, миллий ва халқаро патент тизимларини ривожлантириш муаммолари, уларнинг ечимлари ва истиқболдаги вазифалар муҳокама қилинди.

 

Моҳигул Қосимова, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться