Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Маҳаллий саноатнинг ёрқин намойиши
2017-05-18 | Иқтисодиёт
Андижонда вилоятдаги йирик саноат корхоналари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштирокида ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йилда халқаро саноат ярмаркаси ва кооперация биржасини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда Андижон вилоятида фаолият юритаётган 350 дан ортиқ йирик ва кичик ишлаб чиқариш корхонаcи, хусусий тадбиркорлар ўз маҳсулотлари билан қатнашди.
Мамлакатимизда маҳаллий хомашё асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ишлаб чиқариш, йирик саноат корхоналари ва кичик бизнес субъектлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Маҳаллийлаштириш дастури самарасида ишлаб чиқариш корхоналари ўртасидаги кооперация алоқалари ривожланиб, маҳсулот тури ва сифати ошмоқда, импорт ўрнини босувчи, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Ҳар йили ўтказиб келинаётган анъанавий саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси бу борадаги ишлар кўламини кенгайтириш, ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Ярмаркада автомобилсозлик саноатининг етакчи корхонаси бўлган “GM O'zbekiston” қўшма корхонасига бутловчи қисмлар ва жиҳозлар етказиб берувчи корхоналар алоҳида ўрин эгаллади. Улар томонидан тақдим этилган маҳсулотлар кўпчиликнинг эътиборини тортди.
– Корхонамизда мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган барча русумдаги автомобиллар учун йилига 50 минг литр миқдорида бир неча турдаги сифатли антифриз ишлаб чиқарилади, – дейди Олтинкўл туманидаги “Daegeon nev Tech” Ўзбекистон – Жанубий Корея қўшма корхонаси раҳбари З.Абдулаҳадов. – Кейинги йилларда корхонамизда Маҳаллийлаштириш дастури доирасида муайян ишлар амалга оширилди. Натижада ишлаб чиқариш ҳажми ва маҳсулотимиз сифати тубдан яхшиланди.
Автомобилсозлик саноатида импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолияти йилдан-йилга кенгаймоқда. Шаҳрихон туманидаги “SDK Group And” масъулияти чекланган жамият шаклидаги хорижий корхона ана шулардан бири.
– Корхонамизда автомобиль, трактор ва саноат ускуналари учун 150 дан зиёд турдаги мой, ҳаво ва ёқилғи фильтрлари ишлаб чиқарилади, – дейди корхона бош директори А.Юнусов. – Ўтган йили 24 миллиард 661 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Маҳсулотларимиз ички бозордан ташқари Россия, Қозоғистон ва Туркманистон давлатларига ҳам экспорт қилинмоқда.
Маҳаллийлаштириш дастури доирасида амалга оширилаётган изчил чора-тадбирлар, корхоналарни модернизация қилиш, ишлаб чиқаришга янги технологияларни жорий этиш натижасида маҳсулот тури ва сифати ошмоқда. Буни ярмаркада намойиш этилган саноат, озиқ-овқат, трикотаж маҳсулотлари, мебель ва уй-рўзғор буюмлари мисолида ҳам кўриш мумкин.
– Корхонамизда турли қувватдаги энергия тежамкор лампалар ишлаб чиқарилади, – дейди Андижон шаҳридаги “Oltin kuz plast servis” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ф.Исмоилов. – Энергия тежамкор лампалар нафақат энергияни иқтисод қилиши, балки катта миқдорда иқтисодий самара келтириши билан ҳам аҳамиятлидир. Жорий йилнинг биринчи чорагида 250 миллион сўмликка яқин маҳсулот харидорларга етказиб берилди.
Вилоятда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳисобига тайёрланаётган маҳсулотлар, шунингдек, қатор корхоналар, якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан намойиш этилган ўзига хос дизайн ва бежирим кўринишдаги мебель ҳамда сифатли қурилиш ашёлари ҳам иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
– Замонавий технологиялар асосида эшик-ром, стол-стул, болалар кровати, ётоқхона жиҳозлари, умуман, 100 дан ортиқ турда маҳсулот ишлаб чиқарамиз, – дейди Андижон шаҳридаги “Anis gras” масъулияти чекланган жамияти раҳбари И.Раҳматуллаев. – Маҳсулотнинг аксар қисми буюртма асосида тайёрланади. Жорий йилда маҳсулотларимизни қўшни давлатларга экспорт қилишни режалаштирганмиз.
Ярмаркада ташкилотлар, савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналари, фермер хўжаликлари, тадбиркорлар маҳсулот харид қилиш юзасидан шартномалар имзолади. Тижорат банклари, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вилоят бошқармаси ва бошқа мутасадди ташкилотлар бу борада уларга услубий-амалий ёрдам кўрсатди. Ярмарка нафақат ишлаб чиқарувчилар, балки кўплаб чакана ва улгуржи савдо корхоналарига ҳам қулай ва манфаатли ҳамкорлик шартномалари тузиш имконини берди.
Манба: ЎзА