Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Битирувчининг касб маҳорати
2017-05-18 | Иқтисодиёт
Самарқанд вилоятидаги ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчилари бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Касб маҳорати” кўргазмаси, “Энг яхши мутахассис” ва “Энг яхши бизнес лойиҳа” кўрик-танловлари ўтказилди.
Вилоят ҳокимлиги, прокуратура, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирларда касб-ҳунар коллежларининг 1,5 мингга яқин битирувчиcи 33 йўналиш бўйича эгаллаётган мутахассислигига оид касб кўникмаларини намойиш этди, энг яхши бизнес лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.
– Бу йил вилоятдаги 160 касб-ҳунар коллежини 112 мутахассислик бўйича 53 минг 263 ўқувчи битиради, – дейди Самарқанд вилояти ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Азиз Насимов. – Вилоят ҳокимлиги томонидан қабул қилинган чора-тадбирлар дастурига мувофиқ, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ишлаб чиқариш амалиёти ўташи ва кейинчалик ишга жойлашишига кўмаклашиш учун масъуллар белгиланган эди. Шу пайтгача 52 мингдан ортиқ битирувчи бандлигини таъминлаш бўйича 21 мингдан ортиқ корхона ва ташкилот билан тўрт томонлама шартномалар тузилди. Тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагини билдирган ёшларга тижорат банклари томонидан 50 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилиши режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда 4 мингга яқин битирувчининг рўйхати шакллантирилди ва банкларга тақдим этилди. Бу борада битирувчиларга банклар ва бошқа ташкилотлар томонидан кўрсатилган амалий кўмак натижасида 300 га яқин ёшлар 2 миллиард 681 миллион сўм кредит олиб, бизнес фаолиятини йўлга қўйди.
Самарқанд педагогика ва хизмат кўрсатиш, туризм ва маиший хизмат касб-ҳунар коллежлари, тиббиёт институти қошидаги 2-академик лицейда ўтказилган тадбирларда кичик мутахассислик дипломига эга бўлаётган йигит-қизларнинг ўз йўналиши бўйича тақдимотлари вилоят жамоатчилиги вакиллари, иш берувчилар ва соҳалар мутахассисларида катта қизиқиш уйғотди.
Компьютер технологиялари, маиший хизмат техникалари, тиббиёт, тикув-трикотаж, қурилиш-монтаж ишлари, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, электр, газ, сув таъминоти, канализация тизимларини ўрнатиш-таъмирлаш, мебель ишлаб чиқариш, пайвандлаш каби ихтисосликларни эгаллаган ёшларнинг касб маҳорати кўпчиликнинг эътирофига сазовор бўлди.
– Самарқанд автомобиль ва йўллар коллежининг автомобилларга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш йўналишини битираяпман, – дейди А.Раҳмонов. – Ўқиш давомида олган билимларимни Самарқанд автомобиль заводи ва автокорхоналардаги амалиёт давомида мустаҳкамладим. Диплом олгач, заводда иш бошлайман. Бунинг учун корхона билан шартнома ҳам тузганмиз.
“Энг яхши бизнес лойиҳа” кўрик-танлови давомида ҳар бир иштирокчи ўз лойиҳаси тақдимотини ўтказди ва режаларини баён этди. Энг яхши бизнес лойиҳалар эгаларига тижорат банклари томонидан имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди.
Тадбирда Самарқанд вилояти ҳокими Ҳ.Оқбўтаев сўзга чиқди.
Манба: ЎзА