Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Замонавий архитектура ва шаҳарсозлик талаблари
2017-05-18 | Жамият
Тошкентдаги Симпозиумлар саройида 17 май куни “Замонавий жаҳон архитектураси” мавзуида семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Тадбир Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан “SFI Management Group” компаниясининг “Tashkent City Development” лойиҳасини амалга ошириш доирасида ўтказилди. Унда даниялик таниқли халқаро меъмор, “Gehl Architects” компанияси асосчиси Ян Гейл, пойтахтимиздаги лойиҳалаш ва қурилиш ишларига масъул мутахассислар, меъморлар, соҳага оид олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва талабалар иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раиси ўринбосари А.Тожиев ва бошқалар мамлакатимизда шаҳар ва қишлоқларнинг замонавий меъморлик қиёфасини шакллантириш, йўл-транспорт инфратузилмасини реконструкция қилиш ҳамда янгилаш, кўчаларда пиёдалар ҳаракати ва транспорт воситалари қатновини замон талабларидан келиб чиққан ҳолда ташкил қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлади. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 1 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишлар кўламини янада фаоллаштиришга хизмат қилмоқда.
Тошкент шаҳри йилдан-йилга чирой очиб, миллий меъморлик анъаналари ҳамда дунё архитектураси ютуқларини уйғунлаштирган йирик мегаполисга айланмоқда. Замонавий иншоотлар, йўл ва кўприклар, хиёбонлар, истироҳат боғлари аҳолига кенг қулайлик яратмоқда. Буюк Британиядаги нуфузли “Экономист” журнали пойтахтимизни дунёдаги яшаш учун энг қулай 140 шаҳар орасида 58-ўринга лойиқ топгани ҳам бежиз эмас.
Бундан ташқари, пойтахтимизда яшил майдонларни кўпайтириш, ҳавонинг тозалиги ва табиий дам олиш масканларига яқинлик каби мезонларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Амир Темур хиёбони пойтахтимиз аҳли ва меҳмонларининг энг севимли масканларидан биридир. Бу ердаги сунъий суғориш тизими пухта ўйлангани боис хиёбондаги гулзор ва майсазорлар ёзнинг жазирама кунларида ҳам ям-яшил бўлиб туради. Пойтахтимизнинг ана шундай хиёбонларида сайр қилиш, тоза ҳаводан нафас олиш, атрофдаги яшиллик ва маҳобатли архитектура ёдгорликларини томоша қилиш ўзгача кайфият бағишлайди.
Шаҳарлар инфраструктураси ривожланиши, уларнинг йирик мегаполисларга айланиши аҳоли учун янада сифатли турмуш даражаси, айниқса, пиёдалар учун, сайр қилувчилар учун зарур қулайликлар яратишни талаб этади. Бу борада мамлакатимизда олиб борилаётган ишлар кўлами кенгаймоқда, соҳада халқаро ҳамкорлик ривожланмоқда. Ушбу анжуман ҳам шаҳар меъморчилиги лойиҳаларини амалга оширишда аҳолининг яхши яшаши ва фаолият олиб бориши учун янада қулай шарт-шароитларни яратиш борасида жаҳон тажрибасини ўрганиш мақсадида ташкил қилинди.
Ян Гейлнинг сўзларига кўра, замонавий жаҳон архитектураси одамларнинг қулай яшаши ва ҳаракатланишига мослаштирилган бўлиши лозим. Яшил майдонларни кўпайтириш, велосипед йўлаклари тармоғини ва пиёдалар зонасини ривожлантириш бу борада энг кенг тарқалган ва самарали усуллардандир. Инфратузилмаси тобора ривожланиб бораётган шаҳарлар кўча ва майдонларини пиёдаларга қайтариш зарур, бошқача айтганда, автомобилларнинг тўхтаб туриш жойлари, уларнинг тирбандлиги аҳоли ҳаёти учун ноқулайликлар туғдирмаслиги лозим.
– Тошкент ям-яшил хиёбону майдонларга, боғ-роғларга бой шаҳар эканини алоҳида таъкидлашни истардим, – деди Ян Гейл. – Бу аҳоли учун янада қулай ва сифатли турмуш шароитини яратишга хизмат қиладиган омиллардан. Шаҳарларнинг аҳоли учун қулай тарзда барпо этилиши мамлакатга келаётган сайёҳлар оқимини кўпайтиришга ҳам хизмат қилади. Зеро, ҳар қандай одам турмуш тарзида, кўчаларда ҳаракатланиши жараёнида қулайликка интилади.
Дания Қироллиги Нафис санъат академиясининг меъморлик бўйича фахрий магистри, шаҳар архитектураси бўйича меъмор ва маслаҳатчи Ян Гейл Нью-Йорк, Копенгаген, Сидней, Лондон, Мельбурн каби йирик шаҳарлар кўчалари ва жамоат жойларини қайта қуришга оид лойиҳалари учун кўплаб халқаро мукофотлар соҳиби бўлган. Архитектор 50 йиллик фаолияти давомида шаҳарларда аҳоли учун кўркам ва қулай жамоат ҳудудларини яратишга улкан ҳисса қўшган. 2007 йилда Нью-Йорк транспорт департаменти Ян Гейл билан ҳамкорликда пиёдалар ва велосипедчилар учун қулайликлар яратишга қаратилган қатор лойиҳаларни амалга оширган. Халқаро меъмор Нью Йорк, Лондон ва Москва шаҳарларида жамоат жойларини аҳоли учун қулайлаштириш юзасидан тавсиялар ишлаб чиққан. Унинг муаллифлигидаги 6 китоб 35 тилга таржима қилинган.
Тадбир давомида Ян Гейл шаҳарлар архитектурасини ривожлантиришда инобатга олиниши ва амалга оширилиши зарур бўлган ислоҳотлар юзасидан таклиф ва тавсияларини билдирди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Ян Гейл раҳбарлигидаги делегация Тошкент метрополитени, “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуаси, Ҳазрати Имом (Ҳастимом) мажмуи, Темурийлар тарихи давлат музейида бўлди.